Линклар

logo-print

Кўчанинг уйга тўғри келмай қолган гапи

  • Сарвар Усмон

Кўчанинг гапи уйга тўғри келмаслиги, бугуннинг тўғри гапи эртага нотўғри бўлиб туюлиши бор гап. Айниқса, сиёсат соҳасида тез-тез кузатиш мумкин бундай эврилишларни.

24 март инқилобидан сўнг Қирғизистоннинг камида икки лагерга бўлинган жамоатчилигини бирлаштириш учун нимадир қилиш керак эди. Ўша “нимадир” кўпчилик сиёсатчилар назарида мамлакат Конституциясини ислоҳ қилиш бўлиб кўринди.

Бу фикрни ҳамма - инқилоб туфайли фавқулодда сиёсийлашиб кетган оддий деҳқондан тортиб, президентгача қўллаб-қувватлади. Бош қонун ислоҳоти лойиҳасини ишлаб чиқувчи ишчи гуруҳ тузилди. Гуруҳ анча-мунча ишни қилиб қўйди ҳам.

Бироқ кўчанинг гапи, инқилоб қилган кўчанинг гапи уйга, Оқ уйга тўғри келмай қолди. Президент Бақиев “ислоҳотни 2009 йилгача тўхтатиб турайлик”, деди.

Бу янгилик бугун пайдо бўлди. Президент Жўғўрқу Кенешнинг 13 депутати билан 6 декабрь куни ўтказган учрашуви тафсилотлари суриштирилгандан кейин пайдо бўлди.

Учрашувда иштирок этган депутатларнинг сўзларига қараганда, улар президентга Қирғизистонни парламент республикасига айлантиришни таклиф қилган, бошқарувнинг шундай услуби Қирғизистон учун самарали бўлиши ҳақида Бақиевни ишонтиришга уринган.

“Депутатлар янги йилнинг бошидаёқ Конституция ислоҳоти лойиҳасини Жўғўрқу Кенеш мажлиси кун тартибига чиқаришни таклиф қилди. Лекин президент Конституцияни ҳозирча ўзгартирмай, ислоҳотни 2009 йилгача қолдириш фикрини билдирди. Бу фикрга депутатларнинг кўпчилиги қарши чиқди”, - деди учрашувга қатнашган депутатлардан бири Темирбек Сариев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Маълум бўлишича, парламент аъзоларининг президент билан учрашуви ёпиқ эшиклар ортида ўтган ва шунинг учун ҳам мулоқот иштирокчилари ҳамма нарсани айтавермади. Ўз исмининг айтилмаслигини сўраган бир депутат ҳам президент чиндан Конституция ислоҳотини 2009 йилга қолдиришни таклиф этганини тасдиқлади.

Қирғизистондаги сиёсий-ижтимоий вазиятдан хабарсизроқ одам учун айтилаётган гаплар аҳамиятсиз туюлиши мумкин. Бироқ мамлакатдаги сиёсий кучлар учун мазкур масала куннинг энг долзарб масаласидир.

Аслида республикада президент Бақиев Конституция ислоҳотини орқага сураяпти, деган гаплар кечаги учрашувгачаёқ пайдо бўлган эди.

Парламентнинг собиқ аъзоси Бўлат Бақўжўев бундан аввалроқ: “Президент Конституциянинг халқ ҳукмига ҳавола қилинган лойиҳасини инкор қила бошлади, лойиҳанинг қабул қилинишини негадир хоҳламай қолди”, - деганди.

Конституция ислоҳоти тарафдорлари бўлган сиёсий партиялар ҳамда нодавлат ташкилотлар парламентни партиявий рўйхатлар асосида шакллантиришни таклиф қилмоқда. Лекин маҳаллий таҳлилчилар фикрича, Қурманбек Бақиев Асқар Ақаев давридаги бошқарув тизимини сақлаб қолишга интиляпти. Худди шу фикрни парламент раиси Умурбек Текебоев ҳам “Озодлик” радиосига берган интервьюларида айтган эди.

Хабарларга қараганда, президент Бақиев Конституция ислоҳоти масаласида ёшлар ташкилотлари, тадбиркорлар ҳамда нодавлат ташкилотлари вакиллари билан ҳам учрашмоқчи.
XS
SM
MD
LG