Линклар

Ўзбекистон нефтини ким бўлиб оляпти?

  • Садриддин Ашур

“Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси хорижий шериклари билан биргаликда Ўзбекистонда газ ва нефть қазиб чиқаришга оид йирик шартнома имзолашни режалаштирмоқда.

Бу ҳақда Тошкентда мамлакат президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова бошқараётган Сиёсий тадқиқотлар маркази томонидан ташкил этилган халқаро анжуманда маълум қилинди.

“Ўзбекнефтгаз” компанияси бош менежери Шавкат Мажидовнинг анжуманда айтишича, Ўзбекистонда қазиб олиниши мўлжалланаётган газ 1,5 триллион кубометрни, суюқ углеводородлар эса 350 миллион тоннани ташкил этади. Ўзбекистон конларни ишга тушириш ва янгиларини аниқлаш бўйича иш олиб бориш учун 2006 йил март ойида 280 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритишга оид шартномани имзолайди. Сармоядорлар орасида Россиянинг “Лукойл”, “Газпром”, Хитойнинг CNPC, Малайзиянинг Petronas компаниялари ва бошқалар бор.

“Ўзбекнефтгаз” компанияси расмийларининг маълум қилишича, март ойида Россиянинг “Газпром”и билан қазиб олинган маҳсулотни бўлиб олишга оид яна бир шартнома имзоланади. Руслар бу лойиҳа бўйича бир миллиард доллар сармоя киритмоқчи.

Иқтисодчи Ориф Ҳошимовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда газ ва нефть қазиб олиш ишлари янги йилдан катта ҳажмларда амалга ошириладиганга ўхшайди.

“Аслида ўзини ҳурмат қиладиган мамлакат табиий бойликларини ўзининг саъй-ҳаракатлари билан ўзлаштириш имкониятлари бўлса, бундай шартномаларни тузмаслиги керак. “Ўзбекнефтгаз”дек гигант негизида бир неча компания тузиб, уларни хусусийлаштиришга хорижий компанияларни жалб этиш орқали бундай ишларни қилиш зарур эди. Ҳозирги шартнома бўйича хорижий компаниялар кириб, маҳсулотни қайта тақсимлаб бўлгач, бу ерда сармоясини қолдирмайди. Бу стратегик эмас, тактик шартномадир”, - деди иқтисодчи.

Унинг сўзларига кўра, бу борада Қозоғистон йўлини тутган маъқул. 90-йиллар бошларида қозоқлар битта гигант нефть-газ компаниясини бўлиб ташлаб, хорижий шериклар иштирокида хусусийлаштирган.

“Энди улар Қозоғистондан қисқа муддатда кетишдан манфаатдор эмас. Ўзбекистонда эса “Газпром” ва “Лукойл” кондаги маҳсулотни қисқа муддатда қазиб олиб, кетишни кўзлайди. Чунки маҳсулотни тақсимлаш тўғрисида шартнома имзоланса, вазият шунақа бўлади”, - деди О.Ҳошимов.

О.Ҳошимовнинг таъкидлашича, сармоя тўғридан-тўғри инфратузилма пайдо қилишга киритилиши керак. Ҳозир тузилаётган шартномалар эса маҳсулотни қазиб олиб, жўнаб қолишга олиб келади.

“Устюртдаги конларни ўзлаштириш учун янги компаниялар тузиш, уларнинг бир қисм акциясини олиб қолиб, қолганини сармоядорларга сотиш керак. Ўшанда у ерда заводлар қурилиб, минглаб иш ўринлари, шаҳарлар, инфратузилмалар пайдо бўлади. Ҳозирги ҳолатдагидек 3-4 вагондан иборат қишлоқ қилиниб, маҳсулот қазиб олингач, жуфтакни ростлашга имконият қолдирилмайди”, - деди иқтисодчи.

Ўз исмини билдиришни истамаган бошқа иқтисодчининг билдиришича, бу тадбирларни Россиядаги “Газпроминвест”холдинг компанияси раҳбари, асли ўзбекистонлик бўлган Алишер Усмонов Гулнора Каримованинг ҳомийлигида ташкил қилмоқда.

“Энг асосий мақсад эса, - дейди иқтисодчи, - Ўзбекистон табиий бойликлари бўлган нефть ва газни Россияга рақобатсиз бериш ҳамда Ўзбекистонга ҳам сармоя киритилаётганини намойиш қилишдир”.
XS
SM
MD
LG