Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:17

Маккада Ислом конференцияси ташкилотининг навбатдан ташқари учинчи саммити бўлиб ўтди


7-8 декабр кунлари муқаддас Макка шаҳрида Ислом конференцияси ташкилотининг навбатдан ташқари учинчи саммити бўлиб ўтди. Саудия подшоси ташаббуси билан уюштирилган икки кунлик йиғилишда ташкилотга аъзо 57 давлат юқори лавозимли расмийлари қатнашди. Учрашув ниҳоясида “Макка декларацияси” ҳамда ташкилотнинг 10 йилга мўлжалланган дастури қабул қилинди.

Саммитда Саудия подшоси Абдуллоҳ бин Абдул Азиз сўзга чиқиб, Ислом тинчлик ва сабр-тоқатлилик дини экани, Исломда экстремизм, терроризм, ирқчилик, адолатсизлик кескин қораланиши ҳақида гапириб, мусулмонлар ҳаётини яхшилашда бирлашишга даъват қилди.



Саудия подшоси Абдуллоҳ бин Абдул Азиз


Ислом конференцияси ташкилотининг ўнинчи саммити раиси сифатида сўзлаган Малайзия Бош вазири Дато Шери Абдулла бин Аҳмад Бадавий дунё мусулмонларининг ҳозирги аҳволи ҳақида гапириб, камбағалликда яшаётган мусулмонлар аҳволи бундан буён яхшиланиши кераклигини айтди. У шунингдек, табиий офатлар рўй берган пайтда Ислом конференцияси ташкилоти томонидан ёрдам кўрсатиш масаласини ҳам кўтарди.

Ислом конференцияси ташкилоти раиси, профессор Акмалиддин Эҳсонўғли ташкилот фаолияти юзасидан учрашув қатнашчиларига ҳисобот берди.

Саммит ниҳоясида Ислом конференцияси ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари учрашувида тайёрланган ҳужжатлар асосида “Макка декларацияси” ва ташкилотнинг 10 йилга мўлжалланган дастури қабул қилинди.

Ислом конференцияси ташкилоти матбуот вакили Маннон Басир Озодлик мухбирига Ислом олами дуч келаётган муаммолар муҳокама этилганини айтди:

“Анжуманда сиёсий масалалар жумладан Ироқ ва Фаластиндаги вазият, мусулмон бўлмаган давлатларда яшовчи мусулмонлар аҳволи, Сомали ва Суданда юзага келган вазият кенг муҳокама қилинди. Бундан ташқари қабул қилинган декларацияда халқаро терроризм ва исломофобияга қарши кураш, шунингдек цивилизациялар ўртасидаги мулоқот каби масалаларни ўз қамровига олди”, - деди Ислом конференцияси ташкилоти матбуот вакили.

Маннон Басир “Макка декларацияси” бир қатор иқтисодий-ижтимоий масалаларни ҳам ўз ичига олганини айтди:

“Иқтисодий соҳада Ислом оламида камбағалликка барҳам бериш ва иқтисодий тараққиётни таъминлаш учун махсус жамғарма ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунингдек, ҳужжатда мусулмон давлатлар ўртасидаги савдо алоқаларини кенгайтириш ва хусусий сектор ривожланишига туртки бериш назарда тутилган”, - деди Ислом конференцияси ташкилоти матбуот вакили.
XS
SM
MD
LG