Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:11

Ўзбекистон янги “рекорд”га эришдими?


Шайбон Маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бу йил Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини топташ борасида рекордга эришилганини айтмоқда. Улар Андижон воқеалари ўлароқ юзага келган вазиятни бунга яққол мисол қилиб кўрсатмоқда.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов топталаётган ҳуқуқлар сирасига Тошкентда доимий қайддан ўтишдаги тўсиқлар, сўз ва диний эътиқод эркинлиги йўқлигини киритди. Унинг қўшимча қилишича, Андижон воқеалари мамлакатда бу борадаги вазиятнинг ойнаси бўлган.

Демократик ташаббуслар маркази директори Искандар Худойбергановнинг билдиришича, Андижонда халқ эътиборсиз қолаётган яна бир ҳуқуқ, у ҳам бўлса, фикр изҳор этиш, ўз дардини, ташвишларини англатиш ҳуқуқини эслатиб қўйган.

“Сўз эркинлиги доимий равишда топталиб келинаётган ҳуқуқдир. Андижонда “бизни тинглайдиган бирор одам борми”, деб айтилгани ҳам бу ҳуқуқ нақадар муҳим, зарурий ҳуқуқлардан бири эканини кўрсатди. Аммо бу ҳуқуқ эшитилмади ва эшитилмай қолмоқда”, - деди И.Худойберганов.

Ўзбекистонда йил давомида бузилган ҳуқуқлар масаласи шу кунларда Бишкекда ўтаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари тадбирида ҳам тилга олинди. У ерда, С.Икромовнинг маълум қилишича, Андижон воқеасидан тортиб, қочқинлар масаласигача, Ўзбекистонда журналистларга, мухолифат вакилларига тазйиқлар ҳақида гапирилди. Шунингдек, айбланувчи ва гумондорларнинг ҳуқуқий ҳимояси, адвокатлар билан учрашиш эркинликлари бузилаётгани қайд этилди.

Адвокат билан учрашиш ҳуқуқи ҳақида гап кетганида “Ўтюраклар” клуби раҳбари Мўътабар Тожибоева билан боғлиқ ҳолат ҳам эслаб ўтилди. Яъни айни пайтда ҳибсда сақланаётган ҳуқуқ ҳимоячисининг олдига адвокатлари киритилмаётгани, арзлари тингланмаётгани таъкидланди.

Шунга қарамай, ҳуқуқ ҳимоячилари ва кузатувчилар фикрича, йил ҳали якунлангани йўқ. Шу боис, сарҳисоб қилишга ҳали эрта. Зеро, янги йилгача қолган мана шу қисқа муддат ҳам аслида кимнингдир ҳуқуқини паймол қилиш ёхуд тиклаш учун етарлидир.
XS
SM
MD
LG