Линклар

Ўзбекистонда СССРни қумсаётганлар анчагина

  • Барно Анвар

Совет Социалистик Республикалари Иттифоқи - СССР қулаганидан буён 14 йил ўтган бўлса-да, ўзбекистонликлар орасида ўша даврдаги ҳаётни қумсайдиганлар анчагина топилади.

“У пайтлар ҳозиргига нисбатан яхши эди. Тирикчилик ўтказиш оғирлашди. Лекин пули борлар яхши яшаяпти. У пайтда пулнинг қуввати бор эди. Ўзим ҳамшираман. Уларнинг маоши жуда кам. Тўғриси, бизга қайси давр экани қизиқ эмас. Бизга ҳаёт яхшилангани қизиқ”, - дейди суҳбатдошлардан бири.

Собиқ иттифоқ даври тугамагани, бу пайтлар ҳали ҳам давом этаётганини таъкидлаганлар ҳам бўлди.

“Ўша пайтда ҳам ишлаган яхши яшарди. Ҳозир ҳам шундай”, - деди даврда ўзгариш бўлмаганини билдирган суҳбатдош.

Тошкентдаги университетлардан бирининг кадрлар бўлими мутахассиси иттифоқ қулаганига 14 йил бўлган эса-да, ҳали-ҳунуз мустақиллик давридаги ҳаётга кўника олмаётганини билдирди.

“Умуман олганда, СССР даврида ёмон яшамаганмиз, ҳаётимиз бир маромда, осойишта эди. Ҳозир эса ҳаётингизда бир меъёр, осойишталик йўқ, қанақадир алғов-далғовга ўхшайди. Мен бугунги кунга ҳали ҳам кўника олмаяпман. Ўзим университетда ишлайман, совет даврида ҳам шу ишда ишлардим. Икки давр кадрлари бир-бирдан жуда фарқ қилади. Бугунги ёшлар ўта эркин, мустақил. Аммо уларнинг ҳаёт тарзи, оддийгина кийинишида ҳам бир меъёр йўқ, мен шунисига кўника олмайман ҳеч”, - деди кадрлар бўлимида ишловчи аёл.

Жиззах вилоятидан Тошкентда яшайдиган невараларини кўргани келган кекса отахон ва онахоннинг СССР ва мустақиллик даврлари хусусидаги фикри бир-биридан сал фарқ қилди.

Отахон мустақилликка эришилгандан буён “ҳаёт фаровон” бўлаётгани, “йўлбошчи Ислом Каримов мамлакатни яхши ривожлантираётгани”ни гапирди.

Онахон эса отахоннинг “индама, индама” деган ишораларига қарамай, аввал эрининг гапига қўшилган бўлса-да, кейин: “Камчиликлари ҳам бор, йўқ эмас. Бирлашган ўзади. СССР парчалангани учун мана нималар бўляпти? Мана, Андижонда даҳшатли воқеалар бўлди. СССР даврида бунақалар бўлмаган эди. Умуман, раҳбарлар ўйлаб иш олиб борса, яхши бўлади”, - деди.
XS
SM
MD
LG