Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:30

Ўзбекистон Конституцияси ва мамлакатдаги миллатлар ривожи


Феруза Тошкентдаги Республика байналмилал маданият марказида “Ўзбекистон Конституцияси: миллий ўз-ўзини англаш ва миллий этник маданиятлар ривожи” мавзуида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Рустам Қосимов ўз сўзида мамлакатда яшаётган барча миллатлар учун “барча ҳуқуқ ва эркинликлар кафолатланганига гувоҳ бўлиниши”ни таъкидлади.

Унинг бу сўзларини президентнинг давлат маслаҳатчиси Шуҳрат Ёвқочов давом эттирди.

“Бизда Конституция нафақат иқтисод, балки ижтимоий соҳада ҳам ҳуқуқий асослар яратди, демократик тамойилларни ҳаётга ва фуқаролик жамиятига тадбиқ этди. Президентимиз доим таъкидлаганларидек, мамлакатимизда турли халқлар ва элатларнинг тинч-тотув яшаши энг муҳим омилдир”, - деди Ш.Ёвқочов.

“Озодлик” мухбири анжуманга ташриф буюрган миллатлар вакиллари билан суҳбатлашди.

Уйғур миллий маданият маркази раҳбари Султон Тўхтамовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда расман 57 минг атрофида уйғур яшайди. Аслида эса уларнинг сони бундан анча ортиқ. Маълум даврларда, маълум сабабларга кўра баъзи уйғурлар паспортига ўзини ўзбек сифатида ёздирган. Ҳозир уйғурлар мамлакатда тарқоқ яшайди. Улар учун алоҳида мактаб ёки синфлар, шунингдек, уйғурча газеталар ҳам йўқ.

С.Тўхтамов фақат байрам ва тантаналарда ҳукумат ажратадиган моддий ёрдам билан ўзбекистонлик уйғурларнинг йўқолиб бораётган маданияти, адабиёти ва тилини сақлаб қолишнинг умуман имкони йўқлигини билдирди.

Бухоро яҳудийлари маданият маркази раҳбари Тамара Албертовнанинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги яҳудийлар ўзини ватанидек ҳис қилади.

“Ўзбекистонда яҳудий тилидаги кўплаб мактаб ва болалар боғчалари бор. Биз авлодларимизга яҳудий тили, маданиятини ўргатишимиз учун барча шароитлар яратилган. Ўзбекистон ҳукумати билан жуда яхши алоқаларни йўлга қўйганмиз. Ҳозирча бирор талабимиз улар томонидан рад этилаётгани йўқ”, - деди Тамара Албертовна.

Ўзбекистонда 100 дан ортиқ ва элат вакиллари истиқомат қилади. 140 дан ортиқ турли миллий маданий марказ, 16 конфессияга мансуб 200 дан ортиқ диний ташкилот фаолият кўрсатади.
XS
SM
MD
LG