Линклар

logo-print

Ўзбекистонда сўз эркинлигига берилган навбатдаги зарба

  • Ҳурмат Бобожон

"Озодлик" радиосининг Тошкент бюроси ёпилиши Ўзбекистонда сўз эркинлигига берилган навбатдаги зарба сифатида кўрилмоқда. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги душанба куни радио раҳбариятига йўллаган мактубида "Озодлик"нинг Тошкентдаги бюроси аккредитациясини узайтришга раддия билдирган ва радио мухбирларини Ўзбекистонда ноқонуний фаолият юритганликда айблаган. "Озодлик" радиоси президенти Жефф Тримбл Ўзбекистон ҳукуматининг радиостанция Тошкент идорасини ёпиш қарорини қаттиқ қоралаб, бу инсон ҳуқуқларига зарбадир ва Ўзбекистондаги сўз эркинлиги билан боғлиқ шундоғам аянчли вазият учун катта зиён бўлади, - деб айтган.

"Озодлик" радиоси сўз эркинлиги чекланган Ўзбекистонда 1996 йилдан бери фаолият юргизиб келган. Андижонда 13 май куни ҳукумат кучлари тинч оламонни ўққа тутгани билан боғлиқ воқеалардан сўнг бошқа чет эл оммавий ахборот воситалари қатори "Озодлик"ка ҳам маҳаллий матбуотда хуружлар бошланди. Радио мухбирларига қарши тазйиқлар кучайди. Август ойида "Озодлик"нинг Намангандаги мухбири Носир Зокир хавфсизлик ҳизмати ходимини ҳақорат қилганлик айби билан қамоққа олинди. Мухбирларга телефон орқали тахдидлар қилинди. Ҳукумат "Озодлик" ва бошқа чет эл ахборот воситаларини, террорчиларни қўллаганликда ва ахборот хуружида айблаб келди.

"Озодлик" радиосининг Тошкент бюроси ёпилишидан, аввал бир қанча чет эл ахборот воситалари Ўзбекистонда фаолиятини тўхтатган ва мухбирларини чақиртириб олган. Ўтган ой "Би-Би-Си" Жаҳон Ҳизмати ҳам хавфсизлик билан боғлиқ сабаблар туфайли Ўзбекистонда фаолиятини вақтинча тўхтатганини эълон қилган эди. "Би-Би-Си"нинг камида етти мухбири, жумладан Моника Уитлок тазйиқлар кучайиши ортидан Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган.

Ўзбекистонда тазйиқлар тўлқини бошқа чет эл мухбирларини ҳам четлаб ўтмади. Андижон воқеаларини жойдан туриб ёритган Уруш ва Тинчликни ёритиш Институти мухбирлари биринчилардан бўлиб Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлди.

Ташкилот асос солган ўзбек-рус тилидаги "Uznews.net" Интернет сайти блок қилинди. Уруш ва тинчликни ёритиш институти собиқ мухбирларидан бири Галима Бухорбоева ҳозир Ню-Йорк шаҳрида яшамоқда. "Бугунги кунда Ўзбекистоннинг Шимолий-Кореяга айланиб бораётганини кузатиш мумкин. Лекин Шимолий Кореядан фарқли Ўзбекистон сиёсий изоляцияга узоқ дош беролмаса керак. Сабаби Ўзбекистонда иқтисодий вазият жуда оғир, аҳолиси қашшоқ аҳволга тушиб қолган. Каримовнинг ўзи Қирғизистон мисолида қозонни қопқоғини очиб буғини чиқариб туриш кераклигини, акс холда бу қозон портлаб кетиши мумкинлигини айтган. Айнан "Озодлик" радиоси Ўзбекистонда буғнинг озгина бўлса ҳам чиқишига имкон яратиб келган. Ҳозир эса Каримовнинг ўзи бу қозон қопқоғини бутунлай ёпди. Агар бу қозон портлайдиган бўлса, бунга президент айбдор бўлади", - дейди Галима Бухорбоева.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги "Озодлик" бюроси аккредитациясини узайтирмаслик ҳақида радио раҳбариятига жўнатган мактубда радио мухбирларини Ўзбекистонда ноқонуний фаолият юритганликда айблаган. Мухбирларнинг аккредитациядан ўтмаган ҳолда журналистик фаолият юритиши Ўзбекистон қонунларини қўпол бузиш, деб кўрсатилган расмий хатда. Аммо, ҳуқуқшунос, Лондондаги Хьюман Райтс Уотч ташкилоти мутахассиси Питер Нурландер Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг бу даъвосини савол остига қўяди. "Агар шундай қонун бўлса, у сўз эркинлиги борасидаги халқаро ҳуқуқ нормаларига тамомила зид бўлади. Бошқа мамлакатлар радио станциялари, газеталари ҳам штатсиз мухбирларига эга ва уларнинг рўйхатга олиниши шарт қилиб кўрсатилмаган. Шундай экан, Ўзбекистон ҳукуматининг бу қарори жуда таажубланарли", - дейди Питер Нурландер.

Грузия, Украина ва Қирғизистондаги рангли инқилоблардан кейин бир қанча чет эл нодавлат ташкилотлари Ўзбекистондан қувғин қилинди. Очиқ жамият институти, Сорос жамғармаси, Американинг IREX тадқиқотлар кенгаши, Интерньюс-Нетворк ташкилотлари шулар жумласидан. Бугунги кунда булар қаторига "Озодлик" ҳам қўшилди.
XS
SM
MD
LG