Линклар

“Навбат халқни отмаганларни судлашга келдими?”

  • Озодлик

Ўзбекистон Олий суди тарқатган ахборотномага кўра¸ 14 декабр куни республиканинг қаторасига бир неча судларида жами 114 киши устидан маҳкама жараëнлари бошланган. 114 фуқаронинг бари 13 май Андижон воқеаларига у ëки бу даражада алоқадорликда айбланмоқда.

Ахборотномага кўра¸ жараëнлардан бирида Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси ва вилоят патрул-соқчилик хизматининг собиқ раҳбарлари Оқмирзаев¸ Ëқубов¸ Мамадиев¸ Иномов¸ Аҳмедов¸ Давронов¸ Ҳамидов¸ Собиров¸ Қорахўжаев¸ Шокировлар¸ шунингдек Тошкентдаги УЯ-64 /18 касалхона врачлари Сувонов ва Ҳақбердиевлар айбланмоқдалар. Айни пайтда¸ бошқа бир судда Андижон қамоқхонасининг беш хизматчиси ва 19 ҳарбийга қарши жараëн бошланган. Давлат тизимлари собиқ хизматчиларининг барига¸ ўз хизмат мажбуриятларини етарлича бажармаганлик¸ милиция ва ҳарбий объектларни тегишлича қўриқламаганлик ва бошқа жиноий айблар қўйилмоқда.

Собиқ расмийлардан ташқари яна 78 фуқаро устидан 14 декабр куни Тошкент шаҳар ва вилояти судлари 6 та жиноий иш кўриб чиқишни бошланган. Бу фуқаролар¸ 13 май куни Андижонда¸ ҳукумат версияси бўйича амалга оширилган террор ҳаракатларида бевосита қатнашганликда айбланмоқда.

114 фуқаро устидан бошланган бу жараëнларнинг бари¸ ахборотномада қайд этилишича¸ ëпиқ эшиклар ортида ўтмоқда. Бундай ëпиқлик эса¸ Олий суд томонидан “жиноят ишларидаги маълумотларда давлат сири мавжудлиги¸ шунингдек жабрланувчилар¸ гувоҳ ва жараëнда қатнашувчи бошқа шахслар хавфсизлигини таъминлаш учун”¸ деган иддао билан изоҳланмоқда.

Нега Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеаларини уюштирганликда айбланган 15 киши устидан қарийб 1¸5 ой давом этган жараëнни имкон қадар шов-шув қилишга уриндию¸ Андижон воқеалари билан боғлиқ бошқа барча жараëнлар¸ хусусан 14 декабр куни бошланган жараëнлар эшигини жамоатчиликка ëпиб қўйди?

“Ҳукумат биринчи суд жараëнидан ўз версиясини Ўзбекистон халқи ва халқаро ҳамжамиятга еткизиш учун театрлаштирилган томоша ўлароқ фойдаланди. Бу жараëн Ўзбекистон давлат телеканаллари томонидан ҳар куни батафсил ëритилди¸ хорижий кузатувчи ва мухбирларнинг жараëнни кузатишига рухсат берилди. Аммо бу жараëн адолатли суд стандартларига мутлақ мос келмагани боис¸ у жуда кўп салбий реакцияларга сабаб бўлди. Ҳукумат бундай танқидларни яна кўпайтирмаслик учун Андижон воқеалари билан боғлиқ барча маҳкама жараëнларини ëпиқ эшиклар ортида ўтказишга қарор қилди. Бундан ташқари¸ гувоҳлар ëки айбланувчиларнинг оғзидан гуллаб қўйиши¸ яъни ҳукумат режалаганидан бошқа нарсаларга иқрор бўлиш эҳтимоли¸ оз бўлса-да бор. Бу ҳам¸ қолган жараëнларнинг ëпиқ тарзда ўтишига сабабдир”¸ - дейди Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Тошкентдаги вакиласи Алисон Гил.

“Бу Ўзбекистон ҳукуматининг Андижонда нималар бўлганини бекитишда давом этаëтганига яна бир мисол. Ҳукумат 13 май куни Андижонда нималар бўлганини ўз халқи ва қолган дунëдан сир тутишга”¸ - деб қўшимча қилади Алисон Гил.

14 декабр куни бошланган маҳкама жараëнларида Андижон вилоят ички ишлар бошқармаси ва патрул-соқчилик хизматининг 10 собиқ мутасаддиси¸ шунингдек Андижон қамоқхонасининг 5 хизматчиси ва 19 ҳарбий жиноятчилар курсисида ўтирибди. Айрим кузатувчилар фикрича¸ бу собиқ расмийлар Андижонда қуролсиз халққа қарши ўт очиш ҳақидаги буйруқни бажаришга кўп ҳам шошмаган одамлар бўлиши мумкин. Алисон Гил ҳам шу фикрга қўшилади.

“Мен Андижонда юқоридан берилган буйруқни бажаришни истамаган одамлар бўлганига ишонаман. Андижонда қатли ом бўлди. Ҳукумат қуролсиз одамларга қарши ялпи ўт очар экан¸ бундай буйруқдан норози бўлган расмийларнинг бўлиши аниқ. Ҳукумат ана шу одамларнинг судда ҳақиқатни гапириб қўйишидан қўрқади. Агар ўз расмийлари ҳақиқатни айта бошласа¸ ҳукумат учун энг қўрқинч кунлар бошланиши мумкин. Айни шундай эҳтимолни олдиндан соқит қилиш мақсади ҳам¸ жараëнларнинг ëпиқ ўтишига сабаб деб ўйлайман”¸ – дейди Ҳюман Райтс Уотч вакиласи Алисон Гил Тошкентдаги фаолиятини тугатаëтиб берган сўнгги интервюсида.
XS
SM
MD
LG