Линклар

logo-print

Экологияга оид халқаро хабарлар

  • Ҳасанжон

13 декабр куни Европа Иттифоқи вазирлари аҳоли ва атроф-муҳитни заҳарли моддалардан ҳимоялашга қаратилган қонун лойиҳасини тасдиқлади.
Қабул қилинган янги қонун Европа Итифоқига импорт қилинадиган ёки Иттифоққа аъзо давлатларда ишлаб чиқарилаётган 30 мингга яқин кимёвий моддани Европа Иттифоқининг битта идорасида марказлашган ҳолда рўйхатга олишни назарда тутади. Бу ташкилот одамлар кўп фойдаланадиган бўёқлар, автомобил қисмлари, компютерлар ишлаб чиқаришда ишлатиладиган турли кимёвий моддалар одамлар саломатлиги ва атроф-муҳитга зарарли ёки зарарли эмаслигини текшириш билан шуғулланади.
Сешанба куни қабул қилинган бу қонун амалга тадбиқ этилиши учун Европа Иттифоқига аъзо барча давлатлар парламентлари уни тасдиқлаши керак бўлади.






*** *** ***

12 декабр куни АҚШнинг Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш агентлиги Америкадаги Буюк кўллар экосистемасини яхшилаш дастурини эълон қилди.
Дастурни махсус комиссияси амалга ошириши кўзда тутилган. "Буюк кўлларни тозалаш” деб номланган мазкур комиссия 2004 йилда АҚШ президенти Жорж Буш ташаббуси билан тузилган. Комиссия таркибида федерал, давлат ва маҳаллий ҳокимиятлар вакиллари иш олиб боради.
Эълон қилинган дастурга кўра, Шимолий Америкада 35 миллион аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаётган Буюк кўлларни тозалаш ишларига 20 миллиард доллар сарфланиши назарда тутилган. Аммо Оқ Уй расмийлари Буюк кўлларни тозалаш лойиҳасига қўшимча маблағ ажратилмаслигини маълум қилди.






*** *** ***

Сўнгги кунларда Эрон пойтахти Теҳрон осмонида қуюқ тутун булутлари ҳосил бўлмоқда. Ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда эски автомобиллардан ҳавога чиқаётган турли зарарли газлар аҳоли айниқса, болалар орасида нафас аъзолари хасталиги кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Теҳронлик журналист Иброҳим Сулаймоний Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда 10 миллиондан кўп одам яшаётган Теҳрон шаҳри ҳавоси хаддан зиёд ифлосланганини айтади: “Теҳрон атрофи қуюқ тутун билан қопланган. Буни нафақат пойтахт атрофидаги тепаликлар балки, шаҳарда туриб ҳам яхши кўриш мумкин” – дейди эронлик журналист.

Теҳрон кўчаларида ҳар куни икки миллиондан ортиқ автомобил ҳаракатланади. Уларнинг аксарияти ишлаб чиқарилганига 20 йилдан ошган автомобиллар. Эронда бир литр бензин 9 сент, яъни 110 сўм атрофида. Ёқилғи арзон бўлгани учун одамлар эски автомобиллардан фойдаланишда давом этмоқда. Шу боис ҳаво ифлосланиши кундан кунга ортмоқда. Бир неча кун олдин Теҳронда ҳаво ифлослиги ўта хавфли даражага етди. Шундан сўнг, Теҳрон шаҳар ҳокимияти икки кунлик таътил эълон қилди, мактаблар беркилди. Расмийлар одамларга шаҳарнинг марказий туманларида ниқоб тақиб юришни тавсия қилди.






*** *** ***

Россия ҳукумати ишлатилган уран ёқилғисини қайта ишловчи Челябинск вилоятида жойлашган “Маяк” заводини ёпиш режалаштирилмаганини билдирди. Маълумотларга кўра, ҳозирда Челябинск вилояти Россиядаги радиация билан энг кўп ифлосланган ҳудуд ҳисобланади. “Маяк” заводи 1940 йилда Совет Иттифоқининг ядровий дастури доирасида ташкил этилган. Атроф-муҳит ҳимоячилари ва шифокорларга кўра, завод ҳудудига яқин жойлашган “Мусулмон” қишлоғида яшовчи одамлар орасида саратон, астма ва бошқа сурункали оғир касалликлар тобора кўпаймоқда.



Уч фарзанднинг онаси Элвира Ғайнуллина болаларининг ҳаммаси хаста эканини айтади: “Очиғини айтсам, биз яшамаяпмиз балки тирикликни сақлаб турибмиз. Катта ўғлим 15 ёшда. Уч йил олдин бурнидан қон оқадиган бўлиб қолди. Шифокорлар қизимнинг буйрагида жиддий касал борлигини айтишяпти. Аёл сифатида унинг келажаги йўқ ” – дейди Элвира.

Аҳоли орасида норозилик кескин ортаётганига қарамай, “Маяк” заводи атроф-муҳитни заҳарлашда давом этмоқда. Завод Теча дарёсига йилига 10 миллион куб метр радиоактив чиқинди оқизмоқда. Москва расмийлари эса ишлатилган уран ёқилғисини чет эллардан олиб келиб “Маяк” заводида қайта ишлаш орқали давлат хазинасига миллиардлаб доллар фойда кўришни режалаган.






*** *** ***

13 декабр куни тонг саҳарда Тожикистоннинг Помир минтақасида Рихтер шкаласи бўйича 5 балл куч билан ер силкиниши содир бўлди. Тожикистон Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги расмийларига кўра, ер силкиниши денгиз сув сатхидан 3 минг 239 метр баландликда жойлашган Сарез кўлига таъсир қилмаган.





Айрим мутахассислар агар кучли зилзила рўй бериб Сарез кўлининг табиий тўғони бузилиб кетса, Фарғона водийсига сув тошқини тахдид солиши мумкинлигидан огоҳлантириб келмоқда. Шу боис Тожикистон Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги ходимлари Сарез кўлини йил давомида кузатиб боради.


Ўтган аср бошида Помир тоғларида рўй берган кучли зилзила оқибатида 86 ярим квадрат километр ҳудудда пайдо бўлган Сарез кўлининг ҳайвонот ва ўсимлик дунёси ўзига хослиги билан бошқа кўллардан ажралиб туради.
XS
SM
MD
LG