Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:16

Новосибирскда ўтказган учрашувида президент Путин мамлакат ҳудудларида хориж банклари очилишига қаршилик кўрсатишни маълум қилди


Басира Новосибирскдаги учрашувда, президент Путин Россиядаги хориж банклари фаолиятини чеклаш нафақат рақобат, балки ҳавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам қилинаётганини айтди.

“Бу фақат рақобат билан боғлиқ эмас. Бу хозирги шароитда пул ва капитал йўналишини кузатиб боришнинг имконияти йўқлиги, терроризмга қарши кураш билан ҳам боғлиқ. Бу ҳақда ҳам унутмаслик керак. Шунингдек, бу ноқонуний йўллар билан топилган даромадни қонунийлаштиришга қарши курашга хам даҳлдор”¸ - деди президент Путин.

Учрашувда Кремл раҳбари Россия банкирларига ҳуш ёқадиган баёнот ҳам қилди ва бундан кейин асосий эътиборни Россия банкларини кучайтиришга қаратиш кераклигини урғулади.

“Таъкидламоқчиманки, Россия Федерацияси ҳукумати бугун мамлакатда хорижий банклари филиаллари фаолиятининг чекланиши зарурлиги борасида Россия банк ҳамжамияти билан якдилдир. Моҳиятан, бундай фаолият таъқиқланиши керак”, - деди Россия раҳбари.

Россия банклари уюшмаси президенти Гарегин Тосунян Путиннинг бу таклифини дарҳол олқишлади.

“Банк ҳамжамияти, аниқроғи, Россия банклари уюшмаси тимсолидаги кўпчилик Россияга хорижий банклар филиалларини мутлақо киритмаслик тўғрисидаги қарорга қўшилади ва ҳудога шукрки, бизни бу борада тегишли идоралар ҳам сезиларли даражада қўллаб-қувватлаяпти”, - деди Гарегин Тосунян.

Тосунян фикрича, бундай қарорни Россияга хорижий капиталнинг киришига тўсиқ сифатида баҳолаш керак эмас.

“Бундай қарорга келинганининг сабаби биз ёпиқ жамиятга айланаётганимизда эмас. Сабаб шуки, банк тизимимизда хорижий капитал учун етарлича либерал тартиб мавжуд. Бугун 38 банк 100 фоиз хорижий капитал билан ишлайди. Юздан ортиғида бундай нисбат сал камроқ”, - деди Россия банклари уюшмаси президенти.

Экспертлар Путиннинг мазкур баёнотига эҳтиёткорона муносабат билдирмоқда. Улар фикрича, президентнинг хорижий банклар фаолиятини таъқиқлаш тўғрисидаги бу баёноти Россиянинг Ғарбдаги ҳамкорларини ҳавотирга солиши мумкин.

Россия Жахон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун тараддуд кўраётган бир пайтда, мамлакатда хорижий банклар фаолиятининг таъқиқланиши мазкур ташкилотга аъзо бўлиш йўлида навбатдаги тўсиққа айланиши эҳтимолдан йироқ эмас. Зеро, Жахон савдо ташкилотига аъзо давлатлар Россия олдига қўйган талабларидан бири – банк тизимини либераллаштиришдир.
XS
SM
MD
LG