Линклар

Жаҳон савдо ташкилотининг Гонконг анжумани

  • Ҳасанжон

Гонконгда Жаҳон савдо ташкилоти йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Йиғилиш қатнашчилари глобал савдо юзасидан якшанба куни келишувга эришиш учун қизғин музокара олиб бормоқда. Айни пайтда, учрашув ўтаётган бино ташқарисида полиция кучлари ва норозилик намойишчилари ўртасида тўқнашувлар юз берди.

Гонконгда ўтаётган Жаҳон савдо ташкилоти анжуманининг асосий мақсади глобал савдога халал бераётган тўсиқларни имкон қадар камайтириш режасини ишлаб чиқишдан иборат. Бироқ музокара қатнашчилари бой давлатларда қишлоқ хўжалик соҳасига берилаётган субсидиялар миқдорини камайтириш ҳамда камбағал давлатлар маҳсулотлари экспортини кўпайтириш юзасидан ҳозирча келишувга эришганлари йўқ.

Жаҳон савдо ташкилоти анжуманида қатнашаётган АҚШ вакили Петер Олгайер музокаралар тўғрисида бундай деди:

“Савдо алоқаларини яхшилаш ва кенгайтиришни кўзда тутган Доха келишув талабларини келаси йил охиригача муваффақиятли амалга ошириш учун биз 24 соат ичида муҳим чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқишимиз лозим”.

Анжуман охирида қабул қилиниши кутилаётган декларация лойиҳасида келаси йилдан бошлаб бой давлатлар пахта соҳаси учун субсидиялар миқдорини қисқартириши назарда тутилади. Бундан кўзланган мақсад Африкадаги пахта етиштирувчи деҳқонларга ёрдам беришдан иборат.

Кузатувчилар фикрича, анжуман қатнашчилари асосий мақсадга эриша олмаган. Яъни, йиғилишда бой давлатларда экспорт учун қишлоқ хўжалик соҳасига субсидиялар қачонгача берилиши муддатини аниқ белгилаш юзасидан келишувга эришилмаган. Декларация лойиҳасида, шунингдек қишлоқ хўжалик соҳаси учун ажратилаётган субсидиялар 2010 йилгача ёки беш йил ичида тўхтатилиши кераклиги қайд этилади. Аммо бу иккала тавсия қабул қилинадими – йўқми, ҳозирча бир нарса дейиш қийин.

АҚШ ва бошқа давлатлар субсидиялар 2010 йилга қадар тўхтатилишини хоҳлайди. Бироқ Европа Иттифоқи унга қарши. Европа Иттифоқи расмийларига кўра, АҚШ ва бошқа давлатлар дастлаб ўз қишлоқ хўжалик соҳасини ислоҳ қилишлари керак.

Анварул Чодирий кам ривожланган давлатлар бўйича БМТ вакили. Унга кўра, агар учрашувда бой давлатлар бозорларига кам ривожланган давлатлар маҳсулотини кўпроқ киритиш учун имконият яратилмаса, музокаралар бесамар ўтган бўлади:

“Агар кам ривожланган давлатлар бўйича зарурий чоралар қабул қилинмаса, бу аввало музокарачилар ўз манфаатини ҳимоя қилиб, халқаро ҳамжамиятнинг ҳимояга мухтож қисмини ўйламаган бўлади, деган фикр уйғотади. Шунингдек, Жаҳон савдо ташкилотини либераллаштириш ва эркин савдо камбағал давлатларга даромад олиб келиш механизми эканини савол остига қўяди. Эркин бўлиш учун эркин савдони йўлга қўйиш керак. Усиз мураккаб музокаралар даврасини ўтказиш, менимча мантиқсиз”.

Айни пайтда, Гонконгда глобаллашув жараёнига қарши бўлган одамлар норозилик намойиши ўтказмоқда.

Намойишчилар “Жаҳон савдо ташкилоти ҳеч кимга керак эмас”, каби шиорлар кўтариб, йиғилиш ўтаётган бино сари юриш қилдилар. Гонконг полицияси музокаралар бораётган бинога ёриб киришга уринган юзлаб намойишчини тўхтатиш учун уларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва сув сепадиган қурол ишлатди. Хабарларга кўра, тўқнашув пайтида 50 одам, жумладан беш полиция ходимига тан жароҳати етган, 900 одам хибсга олинган.
XS
SM
MD
LG