Линклар

18 декабр - Ҳалқаро миграция куни


Басира Бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатларидан келган мухожирлар Россияда мардикорлик қилади. Ҳукумат расмийлари Россияда яқин келажакдаги иқтисодий ўсишни таъминлаш кўп жиҳатдан меҳнат мухожирларига боғлиқлигини эътироф этмоқда. Шунга қарамай, мардикорлар рус заминида иш топишда кўплаб тўсиқларга дуч келади. Бундан ташқари, рус миллатчи гуруҳларининг Марказий осиёликларга тез-тез хужум қилиб туриши меҳнат мухожирларининг ҳаётини янада қийинлаштирмоқда.

Гастарбайтерлар, яъни мардикорлар, мигрантлар, яъни мухожирлар бу атамаларни, қоралар ва чуркалар деган Россияда осиёликларга нисбатан қулланиладиган сўзлар билан тўлдирса бўлади.

Бугун Россияда расман рўйҳатдан ўтган 457 минг мардикор ишламоқда. Норасмий маълумотларга кўра эса, мардикорлар армияси миллионларни ташкил этади. Меҳнат мухожирларининг аксарияти, миллатидан қатъий назар, ҳоҳ ўзбек, тожик, қирғиз бўлсин, Россияга тирикчилик учун келган.

“Ишладик, беш ой ишладик. 5 ой ишлаб пулимизни охири ололмадик.
Миллатпараст скинхедлар бор. Ана у скинхедлар умуман чёрный деб, паст табақа дейди–да, узбекми у, тожикми. Қора дейдида, ўлдириб кетиши ҳам ҳеч гап эмас”,
- деди мардикорлардан бири.

Ҳақоратларга чидашга рози бўлган мардикорларнинг асосий ташвиши рўзғор тебратиш, фарзандини уйли-жойли қилишдан иборат.

“Қизим турмушга чиқиши керак эди. Уғлим армиядан келди. У ҳам уйланиши керак. Ҳуллас калом ўшаларни ўқиши, уйлантириш учун мен Россияга келган эдим. Бу ерда ҳам роса қийналиб иш топдик, ишладик озми купми”, - дейди бошқаси.

Қора мардикор бўлишга мажбур бўлган мухожирлар на ҳуқуқий ва на ижтимоий жиҳатдан ҳимояланади. Кўчага чиқишдан қўрқиш, милиционерни кўрганда Азроилни кўргандек ҳўркиш Россиядаги мардикор ҳаётининг ажралмас жиҳатларидир.

“Оҳ, дигиллаб қоламан, ҳудди Азроилни кўргандай. Россияда ишлаш қийин, уй топиш қийин бўлади, кўчаларда ётади, ёки қаерда қурилиш бўлса ўша стройкаларда ётади, милисалардан қўрқиб юради, регистрация керак, регистрацияга эса қуймайди. Ўзи қўрқиб юради, кўчага чиққандан кейин. Кўчага чиққан пайт милиса кўрса, чўнтагидан ҳаммасини олади, яна қамаб қўяди, ишлатиши ҳам мумкин.
Бир тарафдан яшаш жойи муаммо, иккинчи тарафдан регистрацияси, милиция. Кўчага чиқай десанг милиция ушлайди, битта регистрация рус пулига бир ярим минг сўм. У ҳам фальшивий чиқади, депортация қилади, спецприемникка тиқади. Спецприемникда қанча қанча минг ўзбек болалари ўтирибди.”


Суҳбатдошларимизнинг аксарияти тили чучуклигидан ажраланаётган бўлсангиз керак. Бу ҳам уларнинг Россиядаги ҳаётида одат бўлиб қолган калтакланиш, тепкиланиш ва бошқа турдаги хўрланишларнинг асорати. Суҳбатдошларимиздан айримларининг скинхедлар билан охирги марта учрашганида тишлари тўкилган. Мардикорлар тақирбош миллатчилар билан бўлиб ўтган учрашувни бир умрга эслаб колишади.

“5 июн куни мен Одинцовода ишладим. Тўртта рус бола мендан пивога пул сўради. Пулим бор эди. Лекин шу нарсага беришни мен ҳоҳламадим. Шу тўрт киши бир бўлиб мени уришди. Урушиб, қулидан келганча пулимни олиб кетишди.
Тутиб урганлар. Бозорга кетаётган эдик. Кеч кайтдикда, электричкада. Скинхедларнинг қўлига тушгандик. Кўзимни оқи колмаганди, кўзим қон бўлган эди. Ҳеч ким қўшилмаганди, йиғлаганман. Одам ҳўрлиги келади, барибир тўқликдан кетмайди-ку, ишлагани кетади”.


Ўз ҳуқуқи бўлмаган, оддий рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги бир парча коғоз қўлида бўлмаганидан сўнг тақирбошлар, миллатчилар хужумига учраган гастарбайтерлар милициядан нажот топишга умид боғламайди.

Россия демографик бўҳронга дуч келгани боис, хукумат расмийлари ҳар сафар мардикорларга муҳтожлигини таъкидлайди. Бироқ муҳтож булса-да, уларнинг ҳуқуқларини, ҳавфсизлигини таъминлашга шошилмайди.

Россия кўчаларида эса мардикорларга қарши норози охангдаги чиқишлар одатий ҳолдир.

“Гастарбайтеры убирайтесь! Чей это город, чей? Москва для москвичей!”
(“Гастарбайтер йўқол! Кимнинг шаҳри бу? Москва москваликлар учун!”)


Россиядаги Ўзбекистон консуллиги ўзбекистонлик мардикорларни ҳимоя қилишга ошиқмайди. Аксинча, Россия қонунини бузибдими, ўзи жавоб берсин қабилида иш тутади:

“Нега энди биз Россия Федерацияси қонунини бузган одамларни ҳимоя килишимиз керак? Бу гастарбайтерликка келган бизнинг фуқароларимизнинг оддий муаммоси. Улар 200-300 Россия рублига соҳта рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида хужжат тўғирлайди”.

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспортида, унинг эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясида эканлиги ҳақидаги ёзувга ишониб, хафсаласи пир бўлган ўзбекистонликлар баъзан ўз жонига қасд қилишгача ҳам боради. 14 декабр куни 27 ёшли Ўзбекистон фуқароси Россиянинг Мордова республикасида ўзини поезд остига ташлади. Унинг нега бундай қилгани ноаниқ ва қачонлардир аниқланиши даргумон.

Охирги уч ой ичида, Ўзбекистоннинг 2 фуқароси ўлдирилган, бир фуқаро ўзини ўлдирган, яна иккиси эса чўкиб кетган. Бундан ташқари, ўзбекистонлик мардикорларни жиноятларда айблаш ҳолатлари ҳам учраб туради. Ҳозирда Россиядаги ўзбекистонликларнинг 17 нафари турли хил жиноятларда айбланмоқда. Булардан бири киракаш йигит Сардорбек Сиддиқов “Ҳизбут тахрир” ташкилотига аъзоликда айбланмоқда. Яна 15 Узбекистон фуқаросига Андижон воқеаларига алоқадорлик айби қўйилмокда.

Бу сўнгги сентбярь ойидан буён Россия ОАВ Ўзбекистон фуқароларига оид олинган маълумотлар.

Санкт Петербург шаҳрида 500 минг расман рўйхатдан ўтган мардикор турли ишларда мехнат қилади. Санкт Петербургдаги ўзбек диаспораси вакили Алижон Хамроев бу борада мана бундай деди.

“Бу ерда 100тача ўзбекистонлик одам қийналиб юрибди. Ким бизни билади, 100таси келган. Таҳминан 500 мингга яқин гастарбайтер хозир Питерда расмий рўйхатда. 180таси қамоқда депортация лагерида ўтирибди. Пул йўк. Икки йил ўтирганлар ҳам бор у ерда. Ҳеч ким ёрдам бермайди. Битта одамни жўнатиш учун 300 доллар керак. Ҳар куни 50та одам ёрдам сўраб келади”.

Россия федерал миграция хизмати 2006 йилда меҳнат мухожирларини рўйхатга олишни енгиллаштирувчи лойихани ишга туширмокда. Унга кўра, Россиянинг 8 минтақасида мардикорларни рўйхатдан ўтказишда миграция хизмати кўмак бериши кўзда тутилган. Шу билан бирга, бир миллионга яқин ноқонуний мухожирларга нисбатан амнистия қўлланилиши мумкинлиги айтилмоқда.

18 декабр - Халқаро миграция куни Россиядаги мардикорлар учун ҳеч нимани англатмайди. Мардикорлар йилнинг бошқа кунларидек қурилишдаги ишларини давом эттирмоқда. Кўча супуриб, оиласи қандай кун кечираётганини ўйламокда. Мардикорлар учун энг асосийси – қорни оч бўлсада, ётишга иссиқ жойи булмасада, уйига пул жўнатиш. Мана шу пулни топиш қанчалик қийин бўлмасин, мардикор қўрқув хисси билан тонг саҳарлаб ишга отланади.
XS
SM
MD
LG