Линклар

Ўзбекистон Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов Германиянинг Ҳанновер шаҳридаги махсус шифохонадан ғойиб бўлган.

Ўтган хафта Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқлар ҳамда Андижон қирғинидан омон қолган бир гуруҳ фуқаролар ва инсон ҳуқуқ ҳимоячилари Германияда даволанаётгани айтилган Зокиржон Алматов жиноий жавобгарликка тортилиши керак деган талабда, даъво аризаси билан Германия Прокуратурасига мурожаат этган. Жабрланувчиларнинг бундай мурожаатига жавобан Германия Федерал Прокурори жаноб Кай Наҳм Алматов иши юзасидан даъволарни кўриб чиқшини билдирган эди. Аммо, инсон ҳуқуқ ҳимоячилари диққат марказида бўлиб келган Ўзбекистон Ички ишлар вазири Алматов Германияда кўздан ғойиб бўлган. Германияда чиқадиган "Шпигел" журнали бу ҳақда тарқатган хабарида, Алматов эндиликда Ханновер шифохонаси бемори эмаслиги ҳақида ёзган. "Шпигел" мухбирига кўра, Ўзбекистон Ички ишлар вазири шифохонани бир хафта олдин, яъни Германия матбуоти Алматов иши судга оширилиши мумкинлиги ҳақида ёза бошлаган пайтда касалхонадан ғойиб бўлган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов саратон хасталигига дучор бўлгани ва шу сабаб Германиянинг Ханновер шаҳридаги шифохонада бир неча ойдан буён даволанаётгани хабар қилинган эди. Ҳозирда Алматов қаердалиги номаълум. Аммо бир неча кун аввал айрим манбаалар Зокиржон Алматовни Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев билан бирга Бирлашган Араб Амирликларида кўришганини айтишган. Шавкат Мирзиёев Маккадаги Ислом Конференцияси Ташкилоти саммитидан қайтаётиб Дубайдаги Бурж Ал Араб меҳмонхонасида учрашишгани ҳақида маълумот бизга келиб тушган эди.

Ноябр ойида Европа Иттифоқи ўн икки нафар Ўзбекистон мулозимининг Еврупо мамлакатлари ҳудудига киришини таъқиқлаган, Ички ишлар вазири исми бу рўйхатда биринчи бўлиб келтирилган ва унинг "Андижондаги воқеаларга тўғридан-тўғри алоқадор" экани айтилган. Шундай бўлса-да Германия расмийлари Алматовга "инсонпарварлик" нуқтаи назаридан виза берилгани ва муолажадан сўнг унинг мамлакатни тарк этишини айтишган.

Хьюман Райтс Уотч фуқароларга қарши мунтазам ҳужумлар жиноят саналади, дея Алматовнинг 1991 йилда вазир этиб тайинланганидан бери у раҳбарлик қилаётган муассасаларда ўзбекистонликларнинг қийноқларга солинишига доир ҳужжатларни Германия прокуратурасига тақдим этган.

Ҳуқуқшунослар фикрича, Германия халқаро жиноят кодексига эга ва бу кодекс Германиядан ташқарида, ўзга давлат фуқаролари тарафидан содир этилган жиноятларни ҳам кўриб чиқишни тақазо этади.
XS
SM
MD
LG