Линклар

logo-print

Ўзбекистонда ҳибсга олинган яна бир мухолифат фаоли иқтисодий фаолият билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбланяпти

  • Алишер Сиддиқ

18 декабр куни Тошкент аэропортида ҳибсга олинган мухолифатдаги “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси мувофиқлаштирувчиси Нодира Ҳидоятовага нисбатан Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан қўйилаётган расмий айбловлар эълон қилинди.

Прокуратуранинг матбуот учун тарқатган хабарида айтилишича, Ҳидоятова катта миқдордаги маблағни ўзлаштириш ва солиқ тўлашдан бош тортиш жиноятларини содир этганликда айбланяпти.

Бироқ унинг партиядошлари айни амалиёт ортида сиёсий сабаблар ётганини айтишмоқда.

Кузатувчиларга кўра, мухолифат вакилларининг ҳибсга олиниши, Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсий рақибларини қўрқитиш ва қатағон этишга қаратилган чора тадбирларининг давомидир.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Нодира Ҳидоятованинг ҳибсга олинишига сиёсий тус бермасликка чақирмоқда.

“Ҳидоятова фақатгина иқтисодий жиноятни содир этганлиги учун ҳибсга олинган. Бунга ҳеч қандай иқтисодий тус бермаслик керак”, - деб айтди Бош прокуратура матбуот котиби Светлана Ортиқова.

Аммо Ҳидоятова ўзининг тадбиркорлик фаолияти билан эмас, Ўзбекистондаги тузумнинг энг ашаддий танқидчиларидан бири сифатида танилган. “Озодлик” радиосидаги “Қурилтой” дастурларидан бирида, Нодира Ҳидоятова: “Қўрқитиш ва одамларни қамоққа ташлаш - барбод бўлган Каримов тузумининг ҳокимиятда бир мунча вақт қолишга уриниши”, - деб айтганди.

Айни пайтда “Серқуёш Ўзбекистоним” коалициясининг раҳбари Санжар Умаров шунга ўхшаш айблар билан 2 ойдан буён қамоқда сақланмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси маълумотларига биноан, Санжар Умаров солиқдан яширган 30 минг доллар маблағни гречиха ёрмасини сотиб олиш учун Нодира Ҳидоятованинг “Буюк сиймолар” корхонасига ўтказиб юборганди. Ҳидоятова эса, гречиха ёрмасини ўзлаштириб юборгани айтиляпти.

Бундан ташқари, Нодира Ҳидоятова 1998 йилдан буён 250 миллион сўмдан зиёд миқдорда маблағни ўзлаштирганликда айбланяпти. Прокуратура матбуот котибига кўра, бу жиноятлари учун Хидоятова 10 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Халкаро ташкилотлар йиллар давомида, Ўзбекистондаги мухолифатга турли йўллар билан босим ўтказилаётганидан ҳавотир изҳор этиб келишади. “Серқуёш Ўзбекистоним” коалициясининг раҳбари Санжар Умаров қамоққа олинган кунларда Президент Каримов Ўзбекистондаги мухолифат фаолиятини яна бир бор танқид остига олиб, уларни Ғарб давлатлари амалдаги Ўзбекистон хукуматига қарши кўтараётганлиги тўғрисидаги иддаоларни илгари сурган.

Айни пайтда таҳлилчилар сўнгги йиллар давомида тарқоқ саналган Ўзбекистон мухолифатида бирдамлик аломатлари пайдо бўлаётганига аҳамият қаратишади.
“Озод дехқонлар” партияси етакчиси Нигора Ҳидоятовага кўра, мухолифатга қарши қаратилган таъқиб ва тазйиқлар мухолифатнинг бир ёқадан бош чиқариб фаолият олиб боришини тақозо этмоқда.

“Биз Каримов тузумига қарши курашимиз давомида, шу қадар кўп синовларни бошимиздан кечирдик-ки, энди биз қўрқув чегарасидан ўтиб бўлдик”, - деб айтди Нигора Ҳидоятова.
XS
SM
MD
LG