Линклар

Туркманистон президенти Сапармурод Ниëзовнинг давлат бошига келганлигининг 20 йиллиги нишонланмоқда.

21 декабр куни Туркманистоннинг барча нуқталарида Сапармурод Ниëзов раҳбар бўлиб тайинланганлигининг 20 йиллиги нишонланди.

“Пайғамбартимсол сардорга шону шарафлар бўлсин!” деган шиорлардан еру-кўк ларзага келди.

Мадҳия ва алëрлар тинмади. Ойнаи жаҳон суҳандонлари Ниëзовни оллоҳдан ваҳий келтирган 24 минг пайғамбардан бири дея алқашди.

Бундан 20 йил олдин¸1985 йилнинг 21 декабрида КПСС МҚ қарори билан 45 ëшли Сапармурод Ниëзов Туркманистон компартиясининг биринчи котиби қилиб тайинланди. Етимхонада улғайиб¸ рус аëлига уйланган¸ Тошкент олий партия мактабини амал-тақал қилиб тугаллаган Ниëзов Кремл талабларига тўғри келадиган раҳбар эди.

Ўша пайтда Туркманистон компартияси марказий қўмитасида ишлаган Александр Додонов Ниëзов лавозимга тайинланган кунни яҳши эслайди.

"Ҳали¸ ҳали эсимда. Мен ўшанда марказқўмда ишлар эдим. Ўша куни ҳаво роса айниди. Шамол турди. Айни пленум бошланган пайтда осмону-фалак қоп-қора булут билан қопланди. Қум бўрони бошланди. Бу одам беҳосият шекилли деган фикр кўнглимдан ўтди."

1990 йилнинг октябр ойида Сапармурод Ниëзов ўз лавозими номини президент дея ўзгартирди. Ҳажга бориб ҳожи бўлди. Ўша пайтда Туркманистонда юқори лавозимларда ишлаган бугунга келиб Туркман мухолифатининг ўзагини ташкил қилувчи беш-олти мулозим Сапармурод Ниëзовга садоқат билан ҳизмат қилиш ҳақида қасамëд қилишди. Улар орасида ўша пайтда Туркманистон ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган Авди Қулиев ҳам бор эди.

”У Туркманистонни талади¸ туркман ҳалқини гадога айлантирди."

1993 йилда Туркманистон ҳалқ маслаҳати қарори билан Ниëзов бир умрлик президентга айланди.

90 йилларда Туркманистонда ижтимоий таъминот вазири бўлиб ишлаган Нурмуҳамад Ҳанамовга кўра сўнгги 20 йил ичида Туркманистон ижтимоий таназзулга юз бурди.

"Совет даврида юртимиз озод бўлмаса ҳам¸ тўқ эди. Ҳор-зорлик¸ очлик¸ нашавандлик¸ ишсизлик¸ бир бурда нон учун танасини сотиш каби иллатларни айнан Ниëзов даврида кўрдик. 20 йил давомида Ниëзов бизни 20 асрдан 21 асрга эмас балки ўрта аср қаърига улоқтирди."

Нурмуҳаммад Ҳанамов фикрлари эди.

21 декабр куни қўлларига қўша-қўша узук таққан Ниëзов қутловларга жавобан мана буларни айтди.

"Мана 20 йилдирки ҳалқимга йўлбошчилик қилаяпман. Ҳаммангиз соғ бўлинглар¸ мени қутлаганингиз учун раҳмат. Мен сизларни ва бутун туркман ҳалқини севаман", - деди туркманларнинг туркманбошиси.





Бир пайтлар у билан ишлаган Додонов бу изхорнинг самимий эканлигига шубҳа билдирди.

"У ўз ҳалқидан нафратланади. У ҳеч қачон туркман ҳалқини севган эмас. Ниëзовнинг лавозимга ўтириши бутун туркман ҳалқи учун хосиятсиз бўлди."

Бу фикрларни бир вақтлар Ниëзов билан ëнма-ëн ишлаган Додонов 21 декабр куни бизга айтиб берди. Ашхобод бош майдонида эса бу фикрларнинг тескариси янграëтган эди.


XS
SM
MD
LG