Линклар

logo-print

Ўзбекистон ички ишлар вазири Зокиржон Алматов истеъфога чиқарилди

  • Фаррух Юсуфий

22 декабр куни Марказий Осиёдаги воқеаларни ёритиб борувчи интернет саҳифалар ва ахборот агентликлар бу ҳақда ахборот тарқатди.

“Ferghana.ru” ахборот агентлиги ишончли манбаларга таяниб, бу ахборотни бириничилардан бўлиб тарқатди. “Ferghana.ru” агентлигига кўра, айтилаётган манба, ички ишлар вазирлигининг Зокиржон Алматов масаласи кўрилган махсус мажлисида қатнашган.

“Centrasia.ru” интернет саҳифасида, ҳатто Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг ички ишлар вазири лавозимига Солиҳбоев Анвар Саидовичнинг тайинланишга оид фармони ҳам эълон қилинди.

Мазкур ахборотни Россиянинг “Время Новостей” газетаси шарҳловчиси, Ўзбекистонда ўз манбаларига эга бўлган Аркадий Дубнов ҳам тасдиқлади.

“Бугун Тошкентда Ўзбекистон ички ишлар вазирлигининг коллегия йиғилиши бўлиб ўтганига оид хабар келди. Бу мажлисда Зокиржон Алматов иззат-икром билан нафақага чиқарилган. Мен бу маълумотни сўнгги бир неча соат давомида текширишга уриндим. Ўйлашимча, бу ахборот ҳақиқат ва бугун кечгача ёки эртага бу ҳақда расмий хабар тарқатилади”, - дейди Аркадий Дубнов.

Ўзбекистон президенти девони матбуот хизмати вакили Беруний Олимов, президент маъмуриятида, сўнгги ҳафталар ичида шов-шувларга сабаб бўлган Зокир Алматовнинг ички ишлар вазири лавозимидан кетгани ҳақида маълумот йўқлигини айтди:

“Биринчидан, “ferghana.ru” ёки бошқа интернет саҳифаларига бундай ахборот тарқатиш ваколати берилмаган, чунки улар ахборот агентлиги ҳисобланмайди. Бу ҳақда расмий маълумот бўлса, дарҳол бизнинг расмий интернет саҳифамизда тарқатилади. Ҳозирча, ҳеч қандай расмий маълумот йўқ.”

Эслатиб ўтамиз, Зокиржон Алматов кейинги бир неча ҳафта давомида жаҳон матбуоти диққат марказида қолмоқда. Бунга Алматовнинг Европа Иттифоқига кириши ман этилган Ўзбекистон расмийлари рўйхатида биринчи ўринга қўйилганига қарамасдан, Германиядаги бадавлат мижозларга муўлжалланган касалхонада даволангани, ҳамда Андижон воқеаларидан омон қолган 8 кишининг Германия Федерал прокурорига мурожаат қилиб, Алматовни жиноий жавобгарликка тортиш ҳақидаги талаблари сабаб бўлди.

Икки кун олдин Зокиржон Алматов Германияни тарк этгани ҳақидаги маълумотлар тарқалди.

Алматовнинг истеъфога чиққани ҳақидаги маълумотлар расман тасдиқланмаяпти, шунингдек, бу одамнинг ҳозир қаерда эканига оид маълумотлар ҳам ноаниқ қолмоқда.

Хўш, расман ички ишлар вазири лавозимида қолаётган Зокиржон Алматов ҳозир қаерда? Бу саволга ҳам жавоблар жуда кўп.

Ўзбекистон президенти девони бу масалада ҳам бехабарлигини айтиб, ички ишлар вазирлигига мурожаат қилишимизни тавсия қилди. Бироқ ички ишлар вазирлигига тегишли бешта телефон рақами, жумладан президент девони вакили берган телефон ҳам кун давомида жавоб бермади.

Сўнгги ҳафталар ичида Зокир Алматовнинг ҳаракатланишини кузатаётган Аркадий Дубновнинг таъкидлашича эса, Алматов ҳозир Тошкентда, ва ички ишлар вазирлигининг коллегия йиғилишида қатнашган.

“Мен олган хабарларга кўра, ўзбекистонлик мустақил журналист Ежков, ички ишлар вазирлигининг бугунги коллегия йиғилишида қатнашган ва Алматовни шахсан кўрган кишидан бу маълумотни олган. Бу манбага кўра, Алматовнинг саломатлиги жуда оғир аҳволда”, - дея такидлайди Аркадий Дубнов.

Ўзбекистонлик мустақил журналист Сергей Ежков ferghana.ru интернет саҳифасида эълон қилган мақоласида айтилишича, ички ишлар вазирилиги коллегия йиғилишида иштирок этганларга кўра, Алматовнинг кўринишидан унинг қаттиқ хаста экани ва оғриқни енгишга уринаётганини кўриш мумкин бўлган. Ежковга кўра, Алматов билан кўп йиллардан бери ишлаган ички ишлар вазирлиги ходимларининг мажлисда сўзлаган нутқларидан, ўз бошлиқларининг ишдан кетишини оғриқ билан қабул қилаётганларини кўриш мумкин бўлган.

Шу ўринда, Ўзбекистон ички ишлар вазири лавозимига тайинлангани айтилаётган Солиҳбоев ҳақида қисқача маълумот. Солиҳбоев Анвар Саидович, узоқ йиллар давомида миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари бўлган ва қўмитанинг контрразведкаси фаолиятини бошқарган. 2004 йилнинг апрели ойидан Ўзбекистоннинг Покистон Ислом Республикасидаги фавқулдодда ва мухтор элчиси бўлиб ишлаган. Баъзи мутахассисларнинг таъкидлашича, Солиҳбоевнинг Покистондаги фаолияти дипломатик масалалар эмас, балки контрразведка билан боғлиқ бўлган, хусусан унинг вазифаларидан бири Ўзбекистон Ислом ҳаракатининг Покистондаги жанггариларини топиб, Ўзбекистонга экстрадиция қилишдан иборат бўлган.

Ўзбекистон Республикасининг ташқи ишлар вазирлигига тешишли интернет сайтида Солиҳбоевнинг исми, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниевнинг ўринбосарлари рўйҳатида кўрастилган.
XS
SM
MD
LG