Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:18

Озарбайжонда учқич ҳалокатга учради


Боку шаҳри яқинида "Озарбайжон ҳаво йўллари"га қарашли йўловчи учқич ҳалокатга учраган.

Унинг бортида бўлган барча 23 одам ҳалок бўлган.

"Уларнинг 18 нафари йўловчи, қолган 5 нафари эса экипаж аъзолари бўлган. Уларнинг бари ҳалок бўлди", - деб билдирди "Озарбайжон ҳаво йўллари" ширкати ходимаси.

Икки моторли Ан-140 учқичи жума куни тунда Бокудан Қозоғистоннинг Актау шаҳрига қараб учаётган бўлган. Боку аэропортидан кўтарилиб 30 километр учгач самолёт диспетчер пунктидаги радар экранида кўринмай қолган. Учқич Нардаран посёлкаси яқинида денгизга қулагани хабар қилинди. Йўловчилар орасида Озарбайжон фуқароларидан ташқари, Қозоғистон ва бошқа давлат фуқаролари бўлган. Улар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ.

"Қозоғистондан тўрт одам, Австралиядан бир, Туркиядан бир фуқаро, Грузиядан ҳам бир, қолгани озарбайжонликлар. Ва ҳалок бўлган яна бир йўловчи Британия фуқароси, Лондондан", - деб билдирди "Озарбайжон ҳаво йўллари" ширкати ходимаси.

Ҳалокат сабаблари номаълум. "Озарбайжон ҳаво йўллари" ширкати вакиллари буни ўрганиш учун Озарбайжон Бош вазири Артур Рисозода бошлиқ ҳукумат комиссияси тузилганини билдиришди.

"Бу билан комиссия шуғулланмоқда. Ҳукумат даражасидаги комиссия ҳалокат сабабларини ўрганиб бўлгач бу борада маълум қилади", - деди "Озарбайжон ҳаво йўллари" ширкати вакили.

Ан-140 нисбатан янги самолёт. У қисқа масофага учиш учун мўлжалланган ва бортида 60 йўловчини олиб юра олади. "Озарбайжон ҳаво йўллари" бу учқичларни Украинадан сотиб олган ва биринчи парвозни ўтган йил ноябрда амалга оширган эди.
XS
SM
MD
LG