Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:09

Цунами қурбонлари хотираланди


Жануб-Шарқий Осиё давлатларида цунами фожиаси қурбонлари хотираланмоқда. Ўтган йил декабр ойида Ҳинд уммонида рўй берган табиий офат оқибатида Индонезия, Ҳиндистон, Тайланд, Шри Ланка, Малдив ороллари ва бошқа давлатларда жами 220 минг одам ҳалок бўлган эди.

Асосий мотам тадбири цунамидан энг кўп зарар кўрган Индонезиянинг Ачех вилоятида бўлиб ўтди. Бундан роппа роса бир йил аввал Ҳинд уммонидаги дахшатли цунами тўлқини бу ерда минглаб одам ҳаётини олиб кетган эди. Душанба куни улар хотираси бир дақиқа сукут билан ёдга олинди.

Биргина Индонезияда 168 минг одам цунами оқибатида нобуд бўлди. Юз минглаб одам бош панасиз қолди. Офат оқибатларини тиклаш уринишларига қарамай, Ачех аҳолиси ҳали ҳам нормал ҳаётга қайтмаган. Бунинг учун йиллаб вақт керак бўлиши айтилмоқда.

Мотам тадбири насронийлар яшовчи Индонезиянинг Ниас оролида ҳам бўлиб ўтди. Ўтган йилги цунами фожиаси етмагандек, март ойида рўй берган кучли зилзила бу ерда юзлаб аҳоли ҳаётига зомин бўлди.

Цунами тўлқини Тайландни ҳам четлаб ўтмади. Бир йил аввал табиий офат оқибатида бу ерда 5 мингдан зиёд одам ҳалок бўлди. Улардан икки минг нафари Тайландга дам олиш учун келган чет эллик сайёҳлар бўлган. Душанба куни Тайланднинг Пукет оролида ўтган мотам тадбирида мамлакат туризм вазири Прача Саленонт цунамини бутун инсоният бошига тушган кулфат деб атади.

Мотам тадбири цунамидан зарар кўрган Шри Ланкада ҳам бўлиб ўтди. Асосий тадбир бу ерда Шри Ланка жанубидаги Пералия қишлоғида ўтказилди. Бир йил аввал бу қишлоқда цунамининг кучли тўлқини оқибатида йўловчи поезд изидан чиқиб кетиб мингдан зиёд одам бу ерда нобуд бўлган эди. Шри Ланкада табиий офат оқибатида жами 35 минг одам ҳалок бўлди. Уларнинг 40 фоизи ёш болалар бўлган. Шри Ланкада улар хотираси икки дақиқалик сукут билан ёдга олинди.

Ҳинд уммонида бор йўғи саккиз дақиқа давом этган зилзила Жанубий Осиёнинг 13 мамлакатида, икки миллиондан ортиқ аҳолига мусибат келтирди. Улардан бир ярим миллиони бош панасиз қолди. Табиий офат зарари бир неча ўн миллиард долларларда ўлчанмоқда. Офат оқибатларини тиклаш учун эса ҳали йиллаб вақт керак бўлади, дейишмоқда кузатувчилар.
XS
SM
MD
LG