Линклар

Ўзбекистон ҳукумати “БМТнинг Андижон воқеалари юзасидан ўтказилаётган судларнинг адолатсиз эканлиги борасидаги хавотирлари асоссиз”, деб баёнот берди.


Ўзбекистон бош прокуратурасининг баёнотида мазкур судловлар “Ўзбекистоннинг халқаро меъёрларга риоя қилиш борасидаги мажбуриятларига мос равишда” ўтказилаётгани таъкидланади.
“Андижонда террорчилик ҳаракати амалга оширилганига шубҳа йўқ. Шу билан биргаликда Ўзбекистон бош прокуратураси Андижонда амалга оширилган террорчилик ҳаракатлари ва бошқа жиддий жиноятларни тергов қилишда барча ҳуқуқий меъёрларга амал қилинганига жаҳон ҳамжамияти диққатини тортишни лозим топди. Одамларнинг ҳалок бўлишига олиб келган жиноятларни тергов қилиш жиноят кодекси талабларига риоя қилган ҳолда амалга оширилди”, - дейди бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова.
Ҳозиргача ўтказилган маҳкамаларда Андижон воқеаларини уюштирганликда айбланган 150дан ортиқ одам 20 йилгача бўлган муддатларга қамоққа ҳукм этилган.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Луиз Арбур хоним ўтган жума куни Ўзбекистонда ёпиқ эшиклар ортида ўтказилаётган маҳкамаларда “адолатсиз ва асоссиз ҳукмлар чиқарилиши, айни пайтда эса асл жиноятчилар жазосиз қолиб кетиши мумкинлигидан” хавотир билдирган эди.
Бош прокрутура расмийси Ортиқованинг таъкидлашича эса, Андижон воқеалари юзасидан ўтказилаётган судловлар ёпиқ эшиклар ортида эмас, балки очиқ тарзда ўтказилмоқда.
Бироқ жаҳон матбуотида бир неча ҳафтадан бери тарқатилган хабарларда Андижон воқеаларида айбланганлар устидан ўтказилган биринчи маҳкамадан кейинги барча судловлар ёпиқ эшиклар ортида ўтказилаётгани айтиб келинмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги эълон қилган баёнотда, БМТнинг қийноқлар бўйича собиқ махсус маърузачиси Тео ван Бовеннинг Ўзбекистонда қийноқлар бўйича вазият аянчлилигича қолмоқда, деган айбловлари “мутлақо асоссиз” экани таъкидланади.
XS
SM
MD
LG