Линклар

logo-print

Санкт-Петербургда яна хориж талабаларининг митинги бўлиб ўтди


Басира 27 декабр куни Санкт Петербургдаги хорижий талабалар ирқчиликка қарши митинг ўтказишди. Бунга 24 декабр куни кечқурун Камерун фуқаросининг номаълум шаҳслар хужумидан халок бўлгани сабаб бўлди. Хорижий талабаларга қарши турли ҳужумлар сўнгги пайтда Санкт Петербургда кўп учрамоқда.

Камерун фуқароси Канхим Леон, 24 декабр куни кечқурун Санкт Петербургда пичоқлаб кетилган эди. 28 ёшли Канхим Леон Россияга бир неча ой олдин келган бўлиб, Санкт Петербург сув коммуникациялари институтига ўқишга кириш учун тайёргарлик кўраëтган бўлган.

27 декабр куни унинг ўлими сабабли Санкт Петербург шаҳрида хорижий талабалар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, “Мемориал”, “Наши” жамоа бирлашмалари аъзолари митинг ўтказишди. Митинг қатнашчилари қўлларида “Ирқчилик тухтатилсин!” каби шиорлар бор эди. Митинг иштирокчилари маҳаллий ҳукумат вакилларига хорижий фуқаролар ҳавфсизлигини таъминлаш борасидаги ўз талабларини топширишди.

”Инсон ҳуқуқлари учун” номли ҳаракат етакчиси Евгений Ихлов фикрича, кўриниши славянларга ўҳшамаган фуқароларга қилинаётган ҳужумлар маҳаллий ахолининг ижтимоий муаммолари билан боғлик.

”Камбағал одамлар давлат томонидан кўпроқ тазйиқни сезмокда. Ижтимоий таъминланмаганлик, иложсизлик. Шу боисдан улар ўз заҳрини ҳукуматга эмас балки кучсизларга сочади. Яъни, миллий озчилик ва хорижликларга”, - дейди Евгений Ихлов.

”Яблоко” партиясининг Санкт Петербургдаги ёшлар харакати етакчиси Александр Шуршев эса ўз партияси вакиллари хорижликлар ҳавфсизлигини таъминлаш борасидаги чиқишларни қуллаб-қувватлашини айтади.

”Сузсиз биз хориж талабаларининг барча чиқишларини қўллаб қувватлаймиз. Чунки фақат биргалашиб биз фашизмга қарши туришимиз мумкин. Бир томондан ҳукумат фашизмга қарши курашишини айтади, аммо бошқа тарафдан¸ фашистик юришларга руҳсат беради. Ҳукумат вакиллари учун асосий фашистлар сиëсий мухолифатдир”, - дейди “Яблоко” партиясининг Санкт Петербургдаги ёшлар ҳаракати етакчиси Александр Шуршев.

Санкт Петербургда истиқомат қилаётган эркин журналист, танзаниялик Али Нассур хорижий фуқаро бўлгани учун унга ҳам исталган пайт хужум қилиниши мумкинлигини гапирди.

“Мен истаган жойга боришим мумкин. Лекин бу менинг ҳавфсизлигим таъминланган дегани эмас. Бундай ҳужум менга нисбатан исталган ерда - хох савдо дукони¸ хох куча, хох метро бекати бўлсин, мен билан ҳам содир бўлиши мумкин”, - дейди танзаниялик Али Нассур.

Хорижий талабалар учун Петербург аллақачон ксенофобия ва экстремизм марказига айланишга улгурган.

Ўтган 2005 йил давомида фақат Санкт Петербург шаҳрида хорижликларга қарши 800га яқин хужум қилинган. Айтилишича¸ маҳаллий ирқчилар хужуми нишонига энг кўп африкалик ва Марказий Осиёликлар учрамоқда. Бугунги кунда ўзбекистонлик мардикорлар ҳам ирқчилар қурбонига айланишмоқда.

Инсон ҳуқуқлари фаолларининг билдиришича¸ аксарият холларда бундай жиноятлар очилмасдан қолиб кетмоқда¸ ëҳуд ирқчилар ва тақирбошлар томонидан қилинган хужумлар тергов томонидан шунчаки “безорилик” дея баҳоланмоқда. Оқибатда¸ ҳужум қилган шаҳслар жазо муддатини ўтмасдан, жарима тўлаб яна озодликка чиқади¸ боши берк занжир ичидаги қурбонлар сони ортаверади.
XS
SM
MD
LG