Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:52

Афғонистон собиқ жосуслик хизмати раҳбари суд қилинмоқда


Маҳкама қора курсисига олиб келинган Асадулло Сарварий 1978 йилда, Афғонистоннинг ўша пайтдаги биринчи коммунист лидери Нур Муҳаммад Таракий маъмуриятида жосуслик хизмати бошлиғи бўлиб ишлаган. Кейинчалик, Совет қўшинлари Афғонистондан кетгач, у 1992 йилда коммунистик ҳукуматга қарши чиққан одамларни хибсга олиш ва қатл этишга буйруқ берганликда айбланиб, қамоққа ташланган эди. Ўшандан бери Сарварий ҳибсда ушлаб турилибди.

Маҳкаманинг биринчи куни Асадулло Сарварий ўзига қўйилган барча айбловларни рад этди.

"Мен ва ўша пайтдаги мен бошлиқ жосуслик ҳизмати одамлар хавфсизлигини таъминлашда жуда фаол бўлган. Ўша даврда 300дан ортиқ фитнани фош этганмиз ва минглаб фуқароларимиз жонини шу орқали сақлаб қолганмиз. Ўтмишда мен мамлакатим, халқим манфаати учун хизмат қилганман", - деди Асадулло Сарварий. Агар Сарварий айбдор деб топилса у ўлимга маҳкум этилиши мумкин.

Асадулло Сарварий устидан Кобулда бошланган маҳкама ўтмишда содир этилган уруш жиноятлари билан боғлиқ илк жараёндир. Яқинда Афғонистон президенти Ҳамид Карзай мамлакат қонли ўтмишида содир этилган ҳуқуқбузарликлар тергов қилиниши айтилган ҳукумат режасини тасдиқлаган эди.

Афғонистон Инсон ҳуқуқлари мустақил комиссияси вакили Нодир Нодирийга кўра, Сарварий устидан бошланган маҳкама муҳим аҳамият касб этади ва бу жараён Афғонистонда бундан буён ҳеч ким жавобгарликдан қочиб қутула олмайди, деган муждани беради.

"Ўтмишда содир этилган уруш жиноятлари, инсониятга қарши жиноятлар ва инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ маҳкаманинг бошланиши Афғонистонда адолат қарор топаётгани нишонасидир. Ана шу жиҳатдан бу воқеа муҳимдир. Қолаверса бу уруш жиноятлари содир этган шахслар авф этилмаслиги ҳақида ҳукумат берган ваъдаларнинг рўёбга чиқаётганини англатади", - дейди Нодир Нодирий.

Асадулло Сарварий билан боғлиқ маҳкамадан сал аввал Ҳаагадаги халқаро суд Афғонистонда коммунистлар хукмронлиги даврида милиция амалдори бўлиб ишлаган икки собиқ афғон расмийсини одамларни қийноққа солганликда айбли деб топди ва саккиз йилдан 12 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этди. Июл ойида эса собиқ афғон дала қўмондони ўтмишда одамларни гаровга олганлик ва қийнаганлик айби билан Британияда ушланиб, 20 йил муддатга қамалди.

Афғонистон инсон ҳуқуқлари комиссияси вакили Нодир Нодирийга кўра, ўтмишда содир этган жиноятлари учун собиқ амалдорларнинг жавобгарликка тортилиши афғон фуқаролари орасида ўзаро ишончни мустаҳкамлайди.

"Сарварий устидан бошланган маҳкама одамларнинг ҳукумат ва шаклланаётган демократик тузилмаларга бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Аммо бу шунчаки ўч олиш мақсадида бўлмаслиги керак. Бу адолатли маҳкама тамойилларига асосан, шаффоф тарзда бўлиши керак", - дейди Нодир Нодирий.

Афғонистонда ўтмишда кўплаб собиқ дала қўмондонлари инсонларга нисбатан ваҳшийликлар содир этганликда айбланган. Уларнинг айримлари бугунги кунда муҳим лавозимларни ҳам эгаллаб олган. Шу ўринда Афғонистон қуролли кучлари штаби бошлиғи Абдулрашид Дўстим ёки бўлмаса Афғонистоннинг икки вице-президентидан бири бўлган Карим Халилий номларини келтириш мумкин. Ҳюман Райтс Уотч бундай шахсларни суд қилиш учун махсус маҳкама ташкил этиш талаби билан чиққан эди. Афғонистон ташқи ишлар вазири Абдулло Абдулло ҳукумат таркибида муқаддам уруш жиноятлари содир этган шахслар борлигини инкор этди. Айни пайтда, доктор Абдулло ҳукумат таркибида жиноий унсурлар бўлган тақдирда ҳам, бу борадаги сўнгги сўзни маҳкама айтиши кераклигига ишора қилди.
XS
SM
MD
LG