Линклар

Беларусда президентликка даъвогар саккиз номзод рўйхатга олинди

  • Ҳасанжон

Беларус Марказий сайлов комиссияси март ойида ўтказиладиган президентлик сайловида қатнашадиган саккиз номзодни рўйхатга олди. Улар орасида ҳозирги президент Александр Лукашенко ҳам бор. Рўйхатга олинган номзодлар исми-шарифи сайлов бюлетенига ёзилиши учун улар овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 100 минг тарафдорлари имзосини тўплашлари керак бўлади. Бирлашган мухолифат номзоди Аляксандр Милинкевич Александр Лукашенкога энг кучли рақиб бўлиши айтилаётган бўлса-да, кўпчилик Лукашенко учинчи муддатга президент этиб сайланишига шубҳа қилмайди.

19 март куни бўладиган сайловларда иштирок этишдан олдин президент Александр Лукашенконинг рақиблари бир неча тўсиқни енгиши керак бўлади.

Мухолифат номзодларининг оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиши чеклангани, уларда етарлича маблағ йўқлиги ва улар эркин йиғилиш ўтказиш ҳуқуқига эга эмаслиги шулар жумласига киради. Бундан ташқари маҳаллий сайлов комиссиялари таркибида мухолифат вакили деярли йўқ.

Кўпчилик Бирлашган мухолифат номзоди Аляксандр Милинкевичга президент Александр Лукашенконинг энг кучли рақиби сифатида қарайди. Бироқ Милинкевичнинг Озодлик радиосига айтишича, Беларус ҳукумати у ва унинг тарафдорларига босимни кучайтирмоқда:

“Мамлакатдаги вазият жуда мураккаб. Масалан, партиямиз фаоллари партия қурултойи натижалари, жумладан бирлашган мухолифат номзоди ҳақидаги варақаларни тарқатганлик учун қўлга олинди. Улар жавобгарликка тортилмоқда ва катта жаримага солинмоқда. Ҳукумат хатто мухолифат ҳақидаги кичик маълумотдан ҳам қўрқади”, – дейди Милинкевич.

Беларус президентлигига бошқа номзодларга эса вақт етишмаяпти. Беларус парламенти президентлик сайлови муддатини июль ойидан мартга кўчириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу эса президентлик сайловида қатнашмоқчи бўлган номзодларнинг рўйхатдан ўтишлари, сайловолди кампанияси олиб бориши ва сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга кам вақт қолдирди.

Танқидчилар фикрича, сайлов муддатининг ўзгартирилгани фақат президент Александр Лукашенко учун фойдали бўлган. Аммо Милинкевич қонунларга риоя қилинмайдиган Беларусда бундай сиёсий ўйинлар янгилик эмаслигини, энг муҳими сайлов беллашувидан четда қолмаслик эканини айтади.

Профессор Олег Манаев сайловлар арафасида омма орасида мустақил сўров ўтказган социологик гуруҳ раҳбари. Унга кўра, агар сайлов шу кунларда ўтказилса, беларусликларнинг 52 фоизи президент Лукашенкога, етти фоизи Милинкевичга овоз бериши мумкин:

“Бу парламент ёки Беларус телевидениеси минбари эмас. Бу жуда аҳамиятли сайлов”, – дейди Манаев.

Беларус президентлик сайловида Милинкевичдан ташқари яна олтита мухолифат вакили рўйхатга олинди. Бундан ташқари яна икки нафар собиқ депутат мустақил номзод сифатида президентликка даъвогарлик қилмоқда.

Валерий Карбалевич Минскдаги Сиёсий тадқиқотлар маркази таҳлилчиси. Унга кўра, Александр Лекашенкони президентлик сайлови ғолиби дейишга вақт хали эрта.

“Лукашенконинг сайловда ғолиб чиқиши эҳтимоли жуда катта экани тушунарли. Аммо мен у ғалабага эришади, деб 100 фоиз кафолат билан гапира олмаймайман. Чунки ҳар қандай сайловда кутилмаган ҳодисалар рўй беради. Турли давлатлардаги тажриба шуни кўрсатади”, – дейди беларуслик таҳлилчи Валерий Карбалевич.
XS
SM
MD
LG