Линклар

"Ҳюман Райтс Уотч" Қирғизистонда ўзбек қочқинларини экстрадиция қилмасликни сўрамоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи етакчи халқаро ташкилот "Ҳюман Райтс Уотч" Қирғизистон Президенти Қурмонбек Бакиевга очиқ мактуб йўллаб, беш ўзбек қочқинини экстрадиция қилмасликни сўраган. Айтилаётган беш қочқиндан тўрт нафари ҳозир Қирғизистон тергов изоляторида сақланмоқда. Бешинчи қочқин эса Андижондаги тартибсизликлар пайти қамоқхонадан қочган собиқ махбусдир. Ўзбекистон ҳукумати уларни Андижон воқеаларига алоқадор дея, Бишкек ҳукуматидан бешаловини экстрадиция қилишни сўраган.

"Биз бугун Қирғизистон Президенти Қурмонбек Бакиевга мактуб йўллаб, июл ойида Руминияга кетмай қолган беш нақар андижонлик қочқинни Ўзбекистонга экстрадиция қилмасликни сўрадик. Сабаби Ўзбекистон уларни экстрадиция қилишни сўраб Бишкек ҳукуматига мурожаат этган", - деди биз билан суҳбатда "Ҳюман Райтс Уотч" ташкилотининг қочқинлар масаласи билан шуғулланувчи бўлими раҳбари Билл Флерок.

"Ҳюман Райтс Уотч" ўз мактубида Президент Бакиевдан халқаро мажбуриятларга содиқ қолган холда ўзбек қочқинларини қийноққа солинишлари мумкин бўлган Ўзбекистонга топширмасликни сўраган.

"Қочқинларни халқаро судлов меёрлари қўпол бузилаётган, қийноқлар систематик бўлган давлат ихтиёрига топшириш бу жиноят ва қабул қилиб бўлмас холатдир", - деб таъкидлаган "Ҳьюман Райтс Уотч" ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Холли Картнер.

Тилга олинган ўзбек қочқинларининг тўрт нафарига БМТ қочқинлик мақоми берган. Аммо Қирғизистон Миграция департаменти уларнинг қочқин мақомини тан олмай, буни кўриб чиқишни судга топширган. Бир неча кун аввал Қирғизистон бош прокурори Камбарали Конгантиев ўзбек қочқинларининг экстрадиция қилиниши ё қилинмаслиги суд қарорига боғлиқ эканини айтган эди.

Июл ойида Қирғизистон ҳукумати Андижондаги қирғиндан омон қолиб, Ўш вилоятига қочиб ўтган 400 нафар андижонликни Руминия ихтиёрига топширган ва халқаро ҳамжамият олқишига сазовор бўлган эди. Ва айни пайтда Бишкек ҳукуматининг бу қарори Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларига янада совуқчилик олиб келган эди. Тошкент ҳукумати ўшанда Қирғизистонни ҳам, БМТни ҳам террорчиларни қўллаётганликда айблаб чиққан. "Ҳюман Райтс Уотч" Қирғизистон ҳукумати бу сафар ҳам халқаро мажбуриятларга амал қилган холда ўзбек қочқинларини экстрадиция қилмаслигига умид боғлаган.
XS
SM
MD
LG