Линклар

Хабарларга кўра, Туркияда яна уч киши парранда гриппининг одам учун хавфли тури билан касалхонага ётқизилган.


Касалликнинг одам учун хавфли бўлган H5N1 кўринишидан аллақачон икки бола нобуд бўлди. Парранда гриппидан ўлган яна бир бола вируснинг айнан шу тури билан касалланганини аниқлаш учун текширув ўтказилмоқда.
Айни пайтда, соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Анқарада касалхонага ётқизилган уч беморнинг қонида вируснинг айнан H5N1 кўриниши қайд этилган.
Икки бола ва ёш катта бир киши Анқарадан 100 километр узоқликдаги Бейпазари шаҳарчасидан пойтахтга олиб келинган.
Туркия қишлоқларида уй паррандаларини қириш давом этмоқда. Мамлакат шарқидаги Ван вилоятида 4 кишида парранда гриппи қайд этилганидан кейин қушларни оммавий қириш бошланган эди.
Хабарларга кўра, қуш қирувчилари уй паррандалари эгаларининг қаршилигига учрамоқда.
Туркиянинг Ван вилояти Эрон ва Арманистон билан чегарадош ҳудудда жойлашган.
Олинган сўнгги хабарларга кўра, Ван шаҳрида яна икки болада H5N1 вируси қайд этилган. Улар касалхонага ётқизилган.
Эрон соғлиқни сақлаш вазирлиги Туркия билан чегарадош ҳудудларда назорат кучайтирилганини маълум қилди.

Айни пайтда, Россиянинг бош эпидемиологи Сергей Онишченко россияликларни Туркияга сафар қилишдан тийилишга чақирди.
Россия соғлиқни сақлаш расмийси, шунингдек, парранда гриппи тарқалган мамлакатлардан Россияга келаётган одамларни тиббий назоратдан ўтказиш ҳақида кўрсатма берилганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG