Линклар

logo-print

Гонгадзе иши бўйича маҳкама бошланди

  • Ҳурмат Бобожон

Киевда украиналик журналист Георгий Гонгадзени ўлдирганликда айбланаётган уч нафар собиқ милиция ходими устидан маҳкама жараёни бошланди. Украина собиқ президенти Леонид Кучманинг ашаддий танқидчиси бўлган Гонгадзе беш йил аввал ўғирлаб кетилган ва сал ўтиб унинг жасади бошдан жудо этилган холда ўрмонда топилган эди. Ҳозирги ҳукумат Гонгадзени ўлдиришга собиқ президент Кучма буйруқ берган дея, бу юзадан терговни оҳиригача олиб боришни ваъда қилган.

Киевда бошланган маҳкамада Георгий Гонгадзени ўлдирганликда гумон этилаётган уч нафар собиқ милиция зобиди ҳозир бўлди. Улар Валерий Костенко, Микола Протасов ва Олександр Поповичлардир. Мўжазгина суд залида ўтаётган маҳкамага шунингдек, судланувчи ва жабрланувчиларнинг қариндошлари, ҳимоячилари, журналистлар йиғилдилар. Улар орасида ўлдирилган журналистнинг беваси Мирослава Гонгадзе ҳам бор.

"Маҳкама қора курсисида ўтирган бу шахслардан собиқ ҳукумат одамларни йўқ қилишда фойдаланган ва уларнинг кўрсатмалари тергов учун жуда муҳим", - деди Мирослава Гонгадзе танаффус пайти.

Мухолиф журналист Георгий Гонгадзе 2000 йилда ўғирлаб кетилган ва сал ўтиб унинг жасади бошдан жудо этилган холда ўрмонда топилган эди. Бугунги маҳкама чоғи Гонгадзенинг беваси Мирослава Гонгадзе беш йил аввалги қотилликнинг асосий буюртмачилари озодликда юришганини ва улар ҳам ушланиб жавобгарликка тортилиши кераклигини айтди.

"Бу кифоя эмас. Сабаби бу одамлар Георгийни ўзларича ўлдиришмаган. Улар жиноий буйруқни бажаришган. Гарчи, буйруқни бажаришдан бош тортишса ҳам бўларди. Лекин, ундай қилишмади, Георгийни ўлдиришди ва шунинг учун улар жазога тортилишлари керак. Кейинги қадам эса қотиллик уюштирувчиларини маҳкама курсисига олиб келиш бўлади. Уларнинг кимлиги эса маълум", - деди Мирослава Гонгадзе.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ўз хулосасида Гонгадзе ўлими билан боғлиқ холатни тергов қилишни Украинанинг собиқ ҳукумати пайсалга солиб келгани ва бунда Украина ҳуқуқ тартибот органларининг қўли бўлиши мумкинлиги айтилган. Бугунги маҳкамада Мирослава Гонгадзе эрнинг ўлимида Украина собиқ ички ишлар вазири Олексий Пукачни ҳам айблади.

"Георгий Гонгадзени ўлдиришга Генерал Олексий Пукач буйруқ берган ва Пукач ушбу қотилликка тўғридан тўғри алоқадор", - деди Мирослава Гонгадзе.

Президент Кучма даврида мамлакат Ички ишлар вазири бўлган Олексий Пукач ҳозир қидирувда. Унинг қаердалиги номаълум.

Аксар украиналиклар Гонгадзе ўлимига мамлакат собиқ президенти Леонид Кучмани алоқадор деб билишади. Мухолифат ҳам ўз пайтида Леонид Кучмани айблаб чиққан. Улар Украина президентининг шахсий қўриқчиси ёзиб олган Кучманинг бир сотдан ошиқ давом этган телефон сўзлашувини бунга далил сифатида келтиришган. Украинадаги рангли инқилобдан кейин иқтидорга келган Виктор Юшенко Гонгадзе ишини оҳиригача олиб боришни ваъда қилган эди. Аммо, Гонгадзенинг онаси Леся Гонгадзе ҳозирги маҳкамага ҳам ишончи қолмаганини айтиб, жараёнда қатнашишдан бош тортди. Леся Гонгадзенинг адвокати Андрий Федур эса бугунги маҳкамани юқори баҳолади.

"Қандай кўрсатмалар берилиши ва қандай саволлар қўйилиши жиҳатдан бу маҳкама муҳим аҳамият касб этади", - деди Андрий Федур.

Аммо маҳкамада 23 январгача танаффус эълон қилинди.
XS
SM
MD
LG