Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:28

Марказий Осиëда парранда гриппи муаммосига қандай ëндашилмоқда?


А.Арал Хитой ва Туркия хавфли парранда гриппи тарқалишини олдини олиш учун жиддий кураш олиб бораëтган бир пайтда¸ мазкур икки мамлакат ўртасида жойлашган Марказий Осиë минтақасида бу муаммога қандай қаралмоқда? Парранда гриппи ҳақида нималар дейилмоқда ва ушбу касаллик вирусининг тарқалмаслиги учун нималар қилинмоқда?

Туркиянинг бир қатор шаҳар ва туманларида парранда гриппи тарқалгани қайд этилганидан кейин сешанба куни Тожикистон республикаси санитария ва эпидемиология маркази Туркиядан парранда гўштини импорт қилиш тақиқланганини эълон қилди. Маълум бўлишича¸ Тожикистон Марказий Осиëда парранда гриппига қарши чора кўришга киришган ва бу тўғрида жамоатчиликни огоҳлантирган биринчи мамлакат бўлди.

Осиë ва Европа қитъаларида парранда гриппи¸ асосан¸ қишлоқ жойларида тарқалгани айтилмоқда. Марказий Осиë минтақаси аҳолисининг тақрибан учдан икки қисми ҳам қишлоқларда ҳаëт кечиради. Шу боис мутахассислар бу ҳудудлардаги қишлоқларда мазкур касаллик вируси мавжуд бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.

Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотларига кўра¸ парранда гриппи тарқалиши олдини олишнинг бирдан бир йўли ушбу касалликни эртароқ аниқлаш ва касаллик чалинган паррандаларни зудлик билан ажратиб олишдир.

Марказий Осиë республикаларидан бири Туркманистонда эса ҳукумат фуқароларни ушбу касаллик хавфидан умуман хабардор қилгани йўқ. Бу ҳақда Озодлик радиоси мухбири Туркманистондан хабар беради:

“Айрим кишилар паррандалари ўлаëтганини айтмоқда. Улар бунинг сабабларини эса билмаяпти. Ҳаттоки одамлар касал паррандалар гўштини ҳам емоқда”.

Қирғизистонда эса халқ парранда гриппидан хабардор¸ аммо ҳукуматнинг бу муаммога қарши бирор чора кўришига ишонмайди. Бишкекдаги мана бу аëл парранда гриппи хавфли эканини билиши ва бу ҳақда бошқа маълумотга эга эмаслигини айтади:

“Бу жуда ëмон вирус. Унинг анча хавфли эканини эшитдим. Бу вирус халқимизга юқиши мукин”.

Туркияда бундан бир ҳафта олдин аниқланган парранда гриппи ҳақида Қирғизистон Қабар агентлиги 10 январ куни хабар берди. Аммо хабарда Қирғизистонда ушбу касаллик хавфи бор-йўқлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмади. Қирғизистон ҳукумати эса¸ Туркияда таҳсил олаëтган қирғиз талабаларини ҳайвонлар айниқса¸ паррандаларга яқинлашмаслик тўғрисида огоҳлантирганини билдирди.

Қозоғистон эса бу борада аччиқ тажрибага эга. Ўтган йил кузида қўшни Россиядан парранда гриппини олиб келган одамлар дарҳол касалхоналарга ëтқизилган ва ўша ҳудуд дарҳол карантин қилинган эди. Аммо кейинчалик бу борада на хабар берилди ва на унинг парранда гриппи эканлиги тасдиқланди. Ҳозирга қадар ҳам ҳеч қандай расмий маълумот берилганича йўқ.

Парранда грипи ҳақида Ўзбекистонда ҳам сукут сақланмоқда. Бироқ¸ айрим чет эл ахборот агентликлари хабарига кўра¸ Ўзбекистон мулозимлари аэропортлар ва чегара текширув пунктларида назоратни кучайтирган. Самарқанд-Тошкент оралиғидаги автомобил йўлида эса машиналар тўхтатилиб айниқса тухум ва парранда гўшти текширилмоқда.

Шунга қарамай¸ Марказий Осиëнинг бошқа ҳудудлари каби бу ерда ҳам парранда гриппидан жамоатчиликни хабардор қилиш¸ касаллик трқалишининг олдини олиш ва қандай қилиб ушбу касалликка чалинмаслик ҳақида аҳолига йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берилмаяпти.
XS
SM
MD
LG