Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:18

Халқаро ҳамжамият ташвишда


Сешанба куни Натанздаги уранни бойитиш заводи ускуналарига БМТ вакиллари ёпиштирган муҳрлар олиб ташланди. Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари Муҳаммад ал-Барадейга кўра, Эрон бу ҳаракатини кичик ҳажмдаги уранни бойитиб олиш учун амалга оширганини билдирган.

АҚШ, Исроил, Европа Иттифоқи ва Россия Эроннинг ядровий дастур бўйича ўз фаолиятини қайта тиклаш тўғрисидаги қароридан чуқур ташвиш билдирмоқда.

Расмий Теҳроннинг билдиришича, уранни бойитиш юзасидан олиб борилаётган ишлардан кўзланган мақсад шу соҳада тадқиқот ўтказиш билан боғлиқ холос. Эрон Атом энергияси ташкилоти раиси ўринбосари Муҳаммад Саидий ядровий ёнилғи ишлаб чиқариш бўйича фаолият ҳанузгача тўхтаб турибди, деб баёнот берди.

Бироқ ғарб давлатлари Эроннинг уранни бойитиш бўйича олиб бораётган ишлари охир-оқибат унинг ядровий қурол яратиши билан якунланиши мумкин, деган хавотирда. Чунки бойитилган уран тинч мақсадларда фойдаланиладиган ядровий реакторлар учун ёнилғи бўлиши ҳам, ундан ядровий бомба ясаш учун фойдаланиш ҳам мумкин.

Ғарб давлатлари фикрича, Теҳроннинг сешанба куни бошланган ҳаракатлари 2004 йили Франция, Буюк Британия ва Германия билан ўтказилган музокаралардан сўнг имзоланган Париж келишуви шартларига зиддир.

Оқ уй 10 январь куни кечқурун ядровий дастур бўйича ўз фаолиятини қайта тиклагани учун Эронни кескин танқид қилди.

Оқ уй вакили Скот МакКлеллан Вашингтонда бундай баёнот берди:

- Агар Эрон шу йўлдан бораверадиган бўлса ва биз музокаралардан энди фойда йўқ, деган қарорга келсак, халқаро ҳамжамият навбатдаги қадамни ташлашга тайёр.

Британия Ташқи ишлар вазири Жэк Стро ўзининг франциялик ва германиялик ҳамкасблари билан пайшанба куни учрашажагини маълум қилди. Унинг айтишича, Эрон масаласи БМТ Хавфсизлик кенгаши кун тартибига қўйилиши мумкин.

- Халқаро ҳамжамият учун жиддий вазият пайдо бўлди. Президент Ширак айтганидай, бу Эроннинг жиддий хатосидир ва биз, халқаро ҳамжамият бу масалани кўриб чиқишимиз керак, - деди Стро.

Ахборот агентликлари хабарларига қараганда, Европа дипломатлари Халқаро атом энергияси бошқарувчилар кенгаши билан шошилинч учрашув ўтказмоқчи. Бу учрашувнинг келаси ҳафтада ўтказилиши кутилмоқда.

Айни пайтда Германия Ташқи ишлар вазири Франк-Уолтер Стеинмеир Эрон-Европа Иттифоқи музокаралари истиқболига шубҳа билдириб, бу сўзлашувларнинг ўтказилишидан маъно бор-йўқлигини Франция, Британия ва Германия ўйлаб кўражагини билдирди.

Музокараларнинг навбатдаги босқичи 18 январга белгиланган эди.

Россия Теҳронни бойитилган уран ишлаб чиқаришга нисбатан жорий қилинган мораторийни қайта тиклашга ва музокаралар даврасига қайтишга чақирди.

- Эрон ядровий дастур бўйича ўз фаолиятини қайта тиклаш тўғрисидаги қароридан Ғарбнинг кескин танқидига қарамай ортга чекинмайди.

Эроннинг бундай баёнот билан чиқиш қилган собиқ президенти Али Рафсанжоний Ғарбни "кейин пушаймон қилиб қолмаслик учун, Эронга босим ўтказишда ҳаддан ошиб кетмаслик керак", деб огоҳлантирди.
XS
SM
MD
LG