Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:06

Экологияга оид халқаро хабарлар


11 январ куни Сидней шаҳрида иқлим исишининг олдини олишга қаратилган халқаро анжуман иш бошлади. Йиғилишда Ер атмосферасини энг кўп ифлослантираётган олти давлат: АҚШ, Австралия, Япония, Хитой, Жанубий Корея ва Ҳиндистон расмийлари иштирок этмоқда. Маълумки, жаҳон аҳолисининг тахминан 45 фоизи шу давлатларда яшайди. Дунёда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, сарфланаётган энергия ва Ер атрофига тўпланиб иқлим исишига сабаб бўлаётган зарарли газларнинг қарийб ярми айнан шу давлатлар хиссасига тўғри келади. Дунё бўйича атмосферага чиқарилаётган зарарли газларнинг 35 фоизи эса иқлим исишининг олдини олишга қаратилган Киото шартномасини имзолаган давлатлар хиссасига тўғри келади.
Икки кунлик анжуман давомида ҳаво ифлосланишининг олдини олиш, нефт ва кўмирдан оқилона файдаланиш масалалари муҳокама этилиши режалаштирилган. Атроф-муҳит ҳимоячилари бу йиғилишни Киото протоколига қўшилишдан бош тортган АҚШ ва Австралия ҳукуматларининг халқаро ҳамжамият эътиборини чалғитиш йўлидаги уриниши, дея баҳолади.






*** *** ***

Иқлим ўзгаришининг олдини олишга қаратилган анжуманлар уюштириш ва унда кўрилажак чора-тадбирлар масаласи муҳокама этилар экан, дунё аҳолиси табиий офатлардан йил сайин кўпроқ азият чекмоқда.
Масалан, охирги 10 кун ичида Осиё давлатларида ҳаво ҳарорати кескин пасайиб қалин қор ёғди. Японияда бир неча ҳафта давомида тинмай қор ёғиши оқибатида мамлакатнинг айрим минтақаларида қор қалинлиги бир ярим метрга етгани хабар қилинди. Совуқ оқибатида 70дан зиёд одам нобуд бўлди, мингдан ортиқ одам, асосан қариялар йиқилиб жароҳатланди.
Ўтган йил октябр ойида рўй берган кучли зилзила оқибатида Покистонда 80 мингга яқин одам нобуд бўлган эди. Сўнгги кунларда зилзила содир бўлган минтақаларга ҳам қалин қор ёғди. Табиий офат оқибатида бошпанасиз қолган миллионлаб покистонлик ҳозирда қаҳратон совуқда чодирларда яшашга мажбур бўлмоқда. Об-ҳаво қийинчиликларига қарамай, БМТ ташкилотлари совуқда қолган аҳолига ёрдам кўрсатиш ишларини давом эттирмоқда.
“Press Trust of India” ахборот агентлиги хабарига кўра, Ҳиндистоннинг шимолий вилоятларида декабр ойида ҳаво ҳарорати пасайганидан бери 154 одам нобуд бўлган. Бангладешда эса охирги бир ойда 56 одам нобуд бўлган.
Хитой назоратидаги Шарқий Туркистон, яъни уйғурлар яшайдиган Шинжон автоном республикасида сўнгги кунларда ҳаво харорати 45 даражагача пасайди. 200 мингдан ортиқ аҳоли хавфсиз жойларга эвакуация қилинди, тўққиз мингдан ортиқ чорва моллари совуқ ва очликдан нобуд бўлди.
Сургунда фаолият юритаётган Шарқий Туркистон ахборот маркази котиби Дилшод Рашид Шинжонда ярим миллиондан ортиқ аҳоли совуқдан азият чекканини айтади: “650 минг одам офат таъсирига учради. Беш мингдан ортиқ одамнинг тана аъзоларини совуқ урган. Ҳозирда Шинжонда ҳаво ҳарорати 30 даражадан паст. Ўтган ҳафта минус 45 даража бўлган эди”.
Шарқий Туркистон ахборот маркази котиби Дилшод Рашид Хитой назоратидаги Шинжон Уйғур автоном вилоятида шу кунларда кузатилаётган қаҳратон қиш ва унинг салбий оқибатлари ҳақида маълумот берди.






*** *** ***

Осиё давлатларида миллионлаб одам совуқдан азият чекаётган бир пайтда Европа давлатлари, хусусан Франция ва Испания расмийлари жорий йилда ёз ҳар қачонгидан қуруқ келиши мумкиндиги хусусида бонг урмоқда.
Франция Артоф-муҳит вазири Нелли Олин уч йил сурункали қурғоқчилик натижасида 2006 йил мамлакат тарихида мисли кўрилмаган сув танқислиги юзага келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. “Қурғоқчилик нуқтаи назаридан бу йил рекорд даражада оғир йил бўлиши мумкин”, – дейди Олин.
Ўтган йил Португалияда рўй берган ўрмон ёнғинлари натижасида 18 одам нобуд бўлди, 300 минг гектар майдондаги дарахт ва буталар ёниб кул бўлди. Ҳозирда Испания ҳукумати далаларга сув чиқариш учун қудуқлар қазиш ҳамда сув тежаш режасини ишлаб чиқмоқда.
Айни пайтда, Британия Атроф-муҳит агентлиги жорий йилда мамлакат жанубида ёғингарчилик меъёрдан анча кам бўлганини билдирди. Шу боис агентлик расмийлари агар Британия жанубида сув танқислиги юз берса, атроф-муҳитга катта зарар етиши ва аҳолига тоза ичимлик суви етказиб бериш чекланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Ғарбий Европада сув танқислиги рўй бериши мумкинлиги ҳақида бонг урилаётган бир пайтда Туркияда Қурбон хайити кунларида сув ифлослантирилаётгани тўғрисида хабарлар тарқалди.
XS
SM
MD
LG