Линклар

Британия, Франция ва Германия Эрон ўзининг ядровий сиёсатини ушбу масала БМТ Хавфсизлик Кенгашига оширилмасидан олдин ўзгартириши кераклигини билдирди.


Бундай баёнот Европанинг ушбу уч давлати ташқи ишлар вазирлари ҳамда ЕИ расмийлари бугун Берлинда учрашиб, Эроннинг ядровий дастури билан боғлиқ масалани мухокама қилаётган пайтда айтилди. Учрашув олдидан Британия Бош вазири Тони Блэр ядровий тадқиқотларини қайта бошлаган Теҳронга нисбатан эҳтимолий санкциялар қўллаш борасида БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат этиш таклифини илгари сурган. Британия Ташқи ишлар вазири Жэк Стро бунинг "эхтимоли жуда юқори" эканини айтди.
"Эрон масаласини БМТ Хавфсизлик Кенгашига олиб чиқишнинг эхтимоли жуда катта. Лекин, Атом Энергияси бўйича халқаро агентлик бошқарув кенгашида фавқулодда учрашув ўтказилиши учун уни Франция, Германия, Британия, қолаверса, Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича масъули Хавьер Солананинг аралашуви талаб этилади", - деди Жэк Стро.
Россия бундай таклифга қаршилик кўрсатмасилиги айтилмоқда. АҚШда чиқадаган "Вашингтон пост" газетасининг Россия Ташқи ишлар вазирлигидаги ишончли манбаага таяниб ёзишича Сергей Лавров бу борада АҚШлик ҳамкасби Кондолизза Райсга кафиллик берган.
Айни пайтда Россия Ташқи ишлар вазири Лавров Россия, АҚШ, Хитой ҳамда Европа Иттифоқи расмийлари келаси хафта Лондонда Эроннинг ядровий дастури билан боғлиқ масалани мухокама этиш учун "фавқулодда маслаҳатлашув"га тўпланишини билдирди. Россиянинг "Эхо Москви" радиоси мухбири билан суҳбатда Лавров, шунингдек, Эроннинг Натанздаги уранни бойитиш заводини ишга тушириши халқаро ҳуқуқ нормаларига зид эмас деб айтган. Аввалроқ, Россиянинг бошқа бир мартабали расмийси Эроннинг ядровий тадқиқотларни қайта тиклаганидан хавотир изҳор этган.
Эроннинг ядровий дастури бундан икки йил илгари расмий Теҳроннинг ўз ихтиёри билан тўхтатиб қўйилганди. Эрон халқаро норозиликка қарамасдан Натанздаги уранни бойитиш заводи эшикларини очган. "Қайта тикланган ишлар фақат тадқиқот мақсадларини кўзлайди", - деган Эрон вакили Муҳаммад Саидий. Америка Қўшма Штатлари ва Европа Иттифоқи Эрон ядровий тадқиқотларни қайта бошлаганини қоралаб чиққан.
"Бундан икки ярим йилча олдин Эрон ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага хилоф тарзда ўз ядровий дастури устида ишларни бошлаганида Атом энергияси бўйича халқаро агентлик Теҳрон ишини Хавфсизлик Кенгашига ошириши мумкин эди. Лекин биз Эрон ядровий тадқиқотларини тўхтатар деган, умидда биз бу ишнинг БМТ даражасига кўтарилишини хоҳламагандик. Эрон шартноманинг асосий қисмини бузмоқда", - деди Британия Ташқи ишлар вазири Жэк Стро.
АҚШ ҳукумати ҳам Эрон ядровий тадқиқотларни қайта бошлаши ортидан "халқаро ҳамжамиятнинг Теҳронга нисбатан эҳтимолий санкциялар қўллашни сўраб БМТ Хавфсизлик кенгашига мурожаат этишидан бошқа иложи қолмади", деб айтган.
XS
SM
MD
LG