Линклар

logo-print

Кун тартибида яна маҳфий турмалар масаласи

  • Сарвар Усмон

Швейцария парламенти аъзоси Дик Мартининг тўла ишонч билан таъкидлишича, Европада маҳфий қамоқхоналар бўлган ва бундан минтақа мамлакатлари ҳукуматлари бехабар бўлмаган.

Европа Кенгашининг Инсон ҳуқуқлари ва демократия масалалари бўйича вакили, Швейцария парламенти аъзоси Дик Марти ўз баёнотини ўтказган текшируви натижаларига асосланиб қилди.

Марти 2005 йилнинг ноябрида пайдо бўлган миш-мишларни текширди.

Ноябрда АҚШ оммавий ахборот воситалари Шарқий Европа мамлакатларида Марказий разведка бошқармасининг маҳфий турмалари борлиги, уларда террорчиликда гумон қилинганлар сақланиши, маҳбусларнинг баъзилари Европа орқали бошқа мамлакатларга жўнатилиши тўғрисида ёзган эди.

Орадан кўп ўтмай бу мавзуда янги иддаолар пайдо бўла бошлади. Масалан, бош қароргоҳи АҚШда жойлашган Хьюман Райтс Уотч ташкилоти маҳфий қамоқхоналар Руминия ва Польшада бўлиши мумкин, деган баёнот тарқатганди.

Бу иддаони ўз пайтида иккала давлат ҳукуматлари ҳам инкор қилди.

Бироқ маҳфий турмалар тўғрисидаги барча маълумотларни Европа Кенгаши текшириб кўришга қарор қилди.

Ва мана энди, бугунга келиб, текширувни ўтказган арбоб маҳфий қамоқхоналар тўғрисидаги гаплар асоссиз эмаслигини таъкидламоқда.

Швейцария парламенти аъзоси Дик Мартининг фикрича, Америка хавфсизлик идораларининг ғайри қонуний ишларини Европа мамлакатлари ҳукуматлари кўриб, кўрмаганга олган. Мартининг айтишича, Руминия ва Польша ҳукуматларинигина танқид қилиш билан чекланиш адолатдан эмас.

- Европадаги барча давлатлар ўзларини билмагандай тутган, деб ҳисоблайман. Ҳа, Руминиянинг ҳам, Польшанинг ҳам ҳукуматлари, бошқа мамлакатларники каби, нима бўлаётганидан хабардор бўлган. Шуни била туриб, ўз ҳудудида шундай ишлар қилинаётганлигини била туриб, индамаслик мумкин эмас, деб ҳисоблайман”, - дейди Швейцария парламенти аъзоси.

Марти, қўлида ашёвий далиллар бўлмаса-да, маҳфий қамоқхоналарнинг мавжудлигига ишонишини билдирди.

АҚШ ҳукумати шу пайтгача Европа мамлакатларида террорчилар сақланадиган маҳфий турмалари борлиги тўғрисидаги маълумотларни тан олгани ҳам, инкор этгани ҳам йўқ.

Мазкур можароли масала АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райснинг ўтган ойда Европа мамлакатлари бўйлаб қилган сафари чоғида ҳам бот-бот кўтарилган, ўшанда Давлат котиби Европадаги иттифоқчиларини АҚШ маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўллашга рухсат бермайди, қийноқ қўллайдиганларни эса қувватламайди, деб ишонтиришга ҳаракат қилган ва бу тўғридаги гап-сўзлар бироз унутилган эди.

Бироқ Швейцария парламенти депутатининг баёноти ўша бироз тинчиб қолган можарони яна кун тартибига чиқарди. Депутат Марти ҳисоботининг жорий ой ичи расман муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Депутат Мартининг қўлида, бояроқ айтганимиздай, маҳфий турмалар мавжудлигини исботлаб берадиган ашёвий далиллар ҳозирча йўқ. Бироқ у текширувларини яна бир йил давом эттирмоқчи ва ана шу муддат давомида етарлича далил йиғмоқчи.
XS
SM
MD
LG