Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:05

Жаҳоншумул лойиҳами ё жаҳоншумул найранг?


Хабарларга қараганда, расмий Ашхобод Хитойга табиий газ сотиш учун Амударёнинг туркман соҳили бўйлаб қувур ётқизмоқчи.

Туркманистондаги "Ватан-ТВ" телевидениесининг хабар қилишича, Сапармурод Туркманбоши газ соҳаси мутасаддилари билан ўтказган учрашувида Хитойга газ етказиб бериш лойиҳаси устидаги ишларни жадаллаштириш лозимлигини уқтирган.

Бироқ, Туркманистон ҳукуматининг собиқ мулозимлари Туркманбошининг мазкур жаҳоншумул лойиҳасини унинг навбатдаги "жаҳоншумул найранги" деб баҳоламоқдалар.

Туркман-Хитой иқтисодий муносабатлари, жумладан газ ва нефть соҳасидаги ҳамкорлиги аслида мавжуд.

Жорий йилнинг апрелида Туркманбошининг Хитойга учинчи марта сафар қилиши кутилмоқда.

Демак, бир қарашда, Туркман-Хитой газ қувурининг ётқизилиши яқин келажакда аниқ амалга ошадиган ишдай туюлади.

Бироқ йилига 30 миллиард кубометр газни Хитойга сотишлари мумкинлиги тўғрисидаги гап куни кеча кўз тушган бир мақолани ёдга туширди.

- Туркманбошининг нефть ва газ захиралари тўғрисидаги айтмишларининг барчаси найрангдан бошқа нарса эмас, - деб ёзди Леонид Комаровский, деган муаллиф.

Бунга ўхшаш фикрларни бошқа бир қатор манбаларда ҳам учратиш мумкин.

Хўш, бу фикрларда қанчалик жон бор? Агар бу гаплар асоссиз бўлмаса, Туркманбоши Хитойдек улкан давлатни қандай авантюрага бошламоқчи?

Биз шу ва шунга ўхшаш саволлар билан туркманистонлик икки собиқ давлат амалдорига мурожаат қилдик.

Собиқ бош вазир муовини Александр Додоновнинг фикрича, Туркманистоннинг газ заҳиралари ҳажмини Туркманбоши ҳатто Газпромдан ҳам сир тутади.

- Шу кунда мавжуд конлардаги газ ҳатто Россия билан 25 йилга имзоланган шартномада назарда тутилган ҳажм учун ҳам етарли эмас, - дейди собиқ бош вазир муовини

Масаладан мутахассис сифатида яхши хабардор Туркманистон Марказий Банки собиқ раиси Худайберди Ўразов мана бундай рақамларни келтирди:

- Туркманистоннинг газ заҳираси шу кунда 700-800 миллиард кубометр атрофида ва ўзини ҳурмат қилган мамлакат бу қадар оз заҳирали давлатга сармоя ётқизмайди.

Қиёслаш учун биргина рақам: 2005 йили Туркманистон 45 миллиард кубометр газ экспорт қилди. Заҳира эса, кўпи билан 800 миллиард кубометр.

Шунинг учун ҳам собиқ бош вазир муовини Александр Додоновнинг фикрича, Хитойга газ қувури ётқизиш тўғрисидаги гаплар хомхаёлдан бошқа нарса эмас.


- Афғонистон, Покистону Ҳиндистонгача қувур ётқизаман, деб 15 йилдан бери гапиради, - дейди Александр Додонов.

Туркманистон Марказий Банки собиқ раиси Худайберди Ўразов эса, истеҳзо билан мана бундай деди:

- Бу навбатдаги найранг. Афғонистон орқали ҳам, Каспий орқали ҳам қувур ётқизиб бўлиб, энди Хитойга келибдида, навбат.

Агар чиндан ҳам шундай бўладиган бўлса, наҳотки хитойлар бу ишнинг найранг эканлигини билишмаса, ахир ҳеч ким билмасаям, улар биладику пул санашни, сўраймиз суҳбатдошларимиздан.

- Пул санашни ҳамма билади. Америкаликлар ҳам билади. Улар Афғонистон орқали ётқизилиши режалаштирилган газ қувури лойиҳасини ишлаб чиқиш учун маблағ ҳам бергандилар. Лекин Ниёзов билан тил топишиш иложсиз бўлганликдан ўша иш қандай бошланган бўлса, шундайлигича қолиб кетди, - дейди Александр Додонов.

- Унда нима учун қилинаяпти бундай баландпарвоз баёнотлар? Мамлакат аҳолисини алдаш учунми?

- Халқаро сиёсат майдонидаги интригаларни сақлаб туриш, газнинг потенциал харидорларини, Украинани россия билан, Россияни Европа билан бир бирларига гиж-гижлаб туришдир мақсади Туркманбошининг,
- дейди собиқ бош вазир муовини Александр Додонов.
XS
SM
MD
LG