Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:46

Эроннинг уранни бойитиш масаласини Хавфсизлик кенгаши муҳокамасига олиб чиқиш йўлидаги дипломатик уринишлар давом этмоқда


Эрон яқинда ўзининг уранни бойитиш бўйича тадқиқот ишларини қайта бошлади. Бу эса халқаро ҳамжамият норозилигига сабаб бўлмоқда. Маълумки, бойитилган урандан ҳам тинчлик мақсадларида, ҳам ядровий қурол тайёрлашда фойдаланиш мумкин. Теҳрон расмийлари ядро қуролини яратиши мумкинлигидан хавотирга тушган АҚШ ва Европа Иттифоқи Эроннинг ядровий дастури масаласи БМТ Хавфсизлик Кенгашида муҳокама этилишини истамоқда. Агар Хавфсизлик Кенгаши аъзолари муросага эришса, Эронга қарши иқтисодий жазо чоралари кўрилиши мумкин. Маълумотларга кўра, бундай чоралар рўйхати тузилмоқда. Аммо Россия ва Хитой муаммони хал этиш учун барча дипломатик имконият ишга солинмаганини айтмоқда.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Теҳрон расмийлари уранни бойитиш режасидан воз кечмагунича уни БМТ Хавфсизлик кенгашида муҳокама этиш таклифини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Агар Россия ва Хитой қарши бўлмаса, Эронга қарши қандай иқтисодий жазо чоралари кўрилиши мумкин?

Исроилда чиқадиган “Хаарец” газетасида чоп этилган бир мақолада шундай чоралар ҳақида сўз боради. Мақола муаллифи Алуф Бенн фикрича, агар Эронга қарши иқтисодий жазо чорасини белгилаш керак бўлса, Исроил нефт эмбаргоси жорий этилишини таклиф қилган бўларди. Эрон нефт экспорт қилувчи дунёдаги тўртинчи энг йирик давлат ҳисобланади. Агар нефт эмбаргоси жорий қилинса, дунё бозорларида шундоқ ҳам қимматлашиб кетган нефт нархи яна кескин кўтарилиши мумкин. Аммо исроиллик мутахассислар фикрига асосланиб, Беннининг билдиришича, агар Эрон ядровий қуролга эга бўлса, унинг оқибати янада ёмон бўлиши мумкин:

“Дунёнинг ҳеч бир давлати энергия масаласида Эронга қарам эмас. Аммо Эроннинг нефт саноати нафақат нақд пул, балки бензин каби нефт маҳсулотларини мамлакатга келтириш учун нефт экспорт қилади. Чунки Эрондаги заводлар мамлакат эҳтиёжи учун етарли миқдордаги нефтни қайта ишлай олмайди. Бундан ташқари Эрон иқтисодиёти тамоман нефт экспортига боғлиқ. Шу боис, Эронга нисбатан нефт эмбаргоси жорий этилишидан дунё кўпроқ манфаат кўради”.

Унга кўра, Эрон масаласида Исроил Россияга муҳим давлат сифатида қарайди. Шу боис Исроил Бош вазирининг Миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Гиора Эйланд ва Атом энергияси комиссияси раҳбари Гидеон Франк айни масалани муҳокама қилиш учун Москвага сафар қилмоқда. Эрон ўзининг ядро тадқиқотларини қайта бошлагани хусусида Москва расмийлари АҚШ ва Европа Иттифоқи каби хавотир билдирган эди. Аммо 17 январ куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўз мамлакати Эроннинг ядровий дастури Хавфсизлик кенгаши муҳокамасига қўйилиши таклифини қўллаб-қувватлашга тайёр эмаслигини айтди. Шунга қарамай, Беннга кўра, дунёнинг ҳеч бир давлати ҳозирча Исроил таклифини рад этмаган.

Бироқ айрим таҳлилчилар бундай чоралар самара беришига ишонмайди.
Лондондаги мудофаа масалалари бўйича мустақил таҳлилчи Айн Кемп фикрича, Эронга санкция қўллаш анча мушкул. Бундан, асосан, Эронга қўшни бўлган давлатлардаги контрабандачилар наф кўриши мумкин:

“Эронга нисбатан ҳар қандай кўринишда санкция жорий этилса, унга ҳарбийлар ҳам аралашишига тўғри келади. Масалан, Эронга савдо эмбаргоси, ядро соҳасида ишлатилиши мумкин бўлган материаллар ёки бошқа турдаги эмбарго жорий этилса, уни назорат қилиш ишларига АҚШ ва бошқа давлатлар ҳарбий флот кучларини жалб этиши лозим бўлади. Санкция самара бериши учун Эронга қўшни бўлган давлатлар яқиндан ҳамкорлик қилиши керак”.

Лондондаги “Economic Intelligence Unit” таҳлилчиси Бен Фолкс фикрича, барча давлатлар яқиндан ҳамкорлик қилиши эҳтимолдан йироқ. Айни пайтда, таҳлилчи фикрича, Эронга нисбатан санкция жорий этилган тақдирда унинг бажарилишини назорат қилиш жараёнида ҳарбий тўқнашувлар ҳам рўй бериши мумкин. Бундан ташқари Эрон нефтига қарамлиги ортиб бораётган Хитой ва Ҳиндистон каби давлатлар Эронга эмбарго жорий этиш тарафдори эмас.

Алуф Бенн фикрича, Эронга нисбатан нефт эмбаргоси жорий этиш тўғрисидаги Исроил таклифини Хавфсизлик кенгашининг барча аъзолари қўллаб-қувватламаслиги мумкин. Масалан, Теҳрон расмийлари билан дипломатик алоқага эга бўлмаган АҚШ Эронга нисбатан санкция жорий қилган ва унинг бажарилишини назорат қилади. Бенга кўра, бошқа давлатлар ҳам шу йўлни тутса, Эронга путур етади:

“Эрон, асосан, Европа давлатлари ва Россия билан савдо алоқаларига эга. Шу боис бу давлатларнинг ҳар қандай эмбарго ва санкцияни қўллаб-қувватлаши жуда муҳим. Гап шундаки, агар Хавфсизлик кенгаши жазо чорасини кўрмаса, унинг ўрнига Европа Иттифоқи, Россия ва бошқа муҳим давлатлар Эронга нисбатан санкция қўлласа, бу анча самара беради”.

БМТ қошидаги Халқаро атом энергияси агентлигининг 2 феврал куни Венада ўтказиладиган фавқулодда йиғилишида Эроннинг ядровий дастури масаласини Хавфсизлик кенгаши муҳокамасига қўйиш ёки қўймаслик кўрилади.
XS
SM
MD
LG