Линклар

Ўзбекистондаги икки уяли алоқа оператори Россиянинг

  • Ҳурмат Бобожон

"Вимпелком" Ўзбекистонда катталиги жиҳатдан тўртинчи ўринда турувчи "Buztel" ҳамда иккинчи ўринда турувчи "Unitel" GSM уяли телефон операторига эгалик қилиш учун 270 миллион долларлик шартномни имзолаган. Бу ҳақда "Вимпелком" ширкати вакили Юлия Остроухова маълум қилди.

“Ҳозирда Ўзбекистонда GSM стандартида фаолият юритувчи тўртта уяли телефон оператори мавжуд. Булар "Uzdunrobita", "Unitel", "Coscom" ва "Buztel" ширкатларидир. 74 фоиз акцияси Россиянинг "МТС" ширкатиники бўлган "Uzdunrobita" Ўзбекистон уяли телефон бозорининг 50 фоизини назорат қилади. Мана энди Россиянинг "Вимпелком" ширкати Ўзбекистонда абонентлари сони жиҳатдан иккинчи ва тўртинчи ўринда турувчи операторларини сотиб олди. "Биз Ўзбекистон бозорини истиқболли бозор деб ҳисоблаймиз. Сабаби бу мамлакатда уяли телефон абонентлари сони жуда оз. Улар сонини ошириш имкониятлари эса катта", - дейди Юлия Остроухова.

"Вимпелком" "Unitel" акцияларига эгалик қилиш учун Грециянинг "Германос" ширкати билан ҳам битимни имзолади. Шу пайтгача грециялик тадбиркор Панос Гармоноснинг фаолияти чекланмаган "Гармонос S.A." ширкати "Unitel"нининг 20 фоизлик акциясига эгалик қилиб келган. "Unitel" ҳозирда Ўзбекистоннинг асосий шаҳарларини қоплайди ва 364 минг абонентига эга. "Unitel"нинг "Германос" учун фойдаси жуда катта бўлган. Тўққиз ой ичида ширкатимиз уч, уч ярим миллион евро миқдорида фойда кўрди", - дейди "Unitel" хиссадори бўлган Грециянинг "Германос" ширкати вакили Татяна Фафалю.

"Германос" ширкати 2004 йилнинг сентябрида "Unitel"нинг 20 фоиз акциясини 14.7 миллион долларга сотиб олган эди. Мана "Германос" уни "Вимпелком"га 40 миллион долларга сотмоқда. "Асосий мақсад акцияни Россияга сотиш эмас, балки бу ишдан қутилиш ва Ўзбекистондан кетиш. Акцияни сотишга қулай фурсат туғилди, нархлар ҳам яхши ва биз уни сотишга ахд қилдик", - дейди "Германос" вакили Татяна Фафалю.

"Вимпелком" сотиб олган яна бир ширкат "Buztel"дир. Унинг 100 фоиз акциясига эгалик қилиш учун "Вимпелком" "Bakri Uzbekistan Telecom" ширкатига 62 миллион доллардан зиёд пул тўлайдиган бўлди. Олди-сотди ишлари тугаши билан «Вимпелком» «Buztel»ни «Unitel»га қўшиб, уларни Ўзбекистон ҳудудида ягона компанияга айлантиришни режалаштирмоқда. "Ҳозирги битим кенг частотага эга бўлган "Buztel" ҳамда Ўзбекистонда абонентлари сони жиҳатдан иккинчи ўринда турадиган "Unitel" ни ривожлантириш ва бунинг учун маблағ ажратишни назарда тутади. Кейинчалик биз бу икки операторни ягона тармоққа бирлаштириш орқади бир неча ўн миллион долларларни тежаш ниятимиз бор", - деди Юлия Остроухова. "Вимпелком" келаси бир йил ичида Ўзбекистонда абонентлари сонини 700 мингга етазишни мақсад қилган.

Ўзбекистон пост-совет маконида аҳоли сони жиҳатдан учинчи ўринда туради. Аммо уяли телефонларидан фойдаланувчи аҳоли сони Ўзбекистонда 5 фоиздан ошмайди. Лекин ўзбекистонлик уяли телефон мижозлари россияликларга қараганда ушбу ҳизмат учун кўп пул тўлашади. "Россияда арзон. Бир минут сўзлашув 2 цент атрофида. Ўзбекистонда эса энг кичик тариф бўйича бир дақиқа сўзлашув 3 цент қилиб белгиланган. Гарчи ўзбекистонликларнинг ойлик даромади россияликларга қараганда анча кам бўлса-да, негадир уяли телефон операторлари катта нархлар қўйишган ўзбекистонлик мижозлар учун. Қолаверса Ўзбекистонда Россияга қараганда телефон ҳизмати сифати ҳам дахшатли даражада ёмон", - дейди яқинда Россиядан Тошкентга қайтган ўзбекистонлик тадбиркор.

Россияда чиқадиган "Стандарт" журналининг ёзишича "Unitel" ширкати ҳар бир абонентдан ойига ўрта хисобда 19 доллар, "Uzdunrobita" эса 17 доллар соф даромад кўриб келмоқда. Агар буни Россиянинг "Вимпелком" ширкати билан солиштирадиган бўлсак бу ширкатнинг ҳар бир абонентдан ойига кўрадиган фойдаси 7-8 доллардан кўп эмас.

Россиянинг "Вимпелком" ширкати Ўзбекистон бозорини забт этишдан аввал, Украина ва Марказий Осиёнинг бир қанча давлатларида ўрнашди. "Биринчи мамлакат Қозоғистон бўлди. Биз у ерда Картел ширкатини сотиб олдик. Кейин Украинада Украина радио тизимлари ширкатини қўлга киритдик. Яқинда янги йил арафасида Тожикистондаги уяли телефон ширкати акцияларини сотиб олдик мана энди тўртинчи энг катта бозорлардан бири Ўзбекистон бозорига кириб боряпмиз", - деди Юлия Остроухова.

Шундай қилиб, "Вимпелком" 232 миллион киши яшайдиган ҳудуд, Россиянинг 78 минтақаси, Қозоғистон, Украина, Тожикстон ва Ўзбекистоннинг бутун ҳудудини ўз қамровига олди.
XS
SM
MD
LG