Линклар

Мутахассислар: терроризмга қарши курашда мусулмонлар фаол иштирок этиши керак

  • Ҳасанжон

2001 йил 11 сентябрда АҚШга қарши террор ҳужумлари уюштирилганидан кейин Вашингтон расмийлари терроризмга қарши уруш эълон қилди. АҚШ бу Исломга қарши уруш эмаслигини кўп марта таъкидлашига қарамай, аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган давлатларда Ғарбга, хусусан АҚШга қарши кайфиятлар кучая бошлади. Аммо экстримистик ва террорчи гуруҳлар АҚШ етакчилигидаги урушни Исломга қарши уруш, дея тарғиб қила бошлади. Исломшунос олимлар Ғарб ва мусулмон давлатларида бундай тарғиботга қарши чора кўрилиши лозим, деган фикрда.

2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин қатор мусулмон давлатлар ҳукуматлари АҚШ етакчилигидаги терроризмга қарши урушга қўшилди.

Усама Бин Ладиннинг Ал-Қайда тармоғини таг томири билан йўқ қилиш мақсадида АҚШ Афғонистонга ҳужум қилиб толиблар режимига чек қўйди. Икки йил ўтар-ўтмас АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари Ироққа бостириб кирди ва узоқ йиллар давомида мамлакатни бошқарган диктатор Саддам Ҳусайнни ҳокимиятдан ағдарди.

Мартин ван Бруинессен Голландиянинг Лейден шаҳридаги Ислом тадқиқотлари халқаро институти профессори. Унга кўра, одамлар орасида АҚШ ва унинг иттифоқчилари Исломга қарши уруш олиб бораяпти, деган тушунча пайдо бўлган:

“Мусулмонлар орасида экстримистлар бор. Бироқ мусулмонларнинг жуда катта қисми экстримистлар қўллаётган усулларни қоралайди. Аммо экстримистлар мақсадини қўллаб-қувватлайдиганлар ҳам талайгина. Агар Покистон, Индонезия ёки Араб давлатларидаги оддий одамлардан Исроил ҳақида ёки Ироқнинг босиб олингани тўғрисида сўрасангиз, менимча уларнинг аксарияти босқинчи кучлар чиқиб кетиши керак, деган фикр билдиришади”, – дейди голландиялик олим.

Шу ўринда, агар мусулмонларнинг аксарияти Ғарб сиёсатига қарши бўлса, терроризмга қарши курашда уларнинг фаол иштирокисиз ғалабага эришиш мумкинми, деган савол туғилади.

Россиялик таниқли сиёсатшунос Андрей Пионтковски мусулмонлар хайрихоҳлигига эришмай терроризмга қарши урушда ғалаба қозониб бўлмаслигини айтади. Пионтковский ва бошқа айрим мутахассислар мусулмонлар хайрихоҳлигига эришиш эса осон иш эмаслигини айтади.

АҚШнинг Ироқда олиб бораётган сиёсати танқидчилари дунёвий бўлган ва террор тармоғи билан алоқага эга бўлмаган диктатор Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин Ироқда терроризм ўчоғи пайдо бўлди, деган фикрда. Профессор Мартин ван Бруинессен фикрича, ҳозир Ироқда исёнчилар глобал терроризм ўчоғини пайдо қилмоқда. Мусулмон давлатлар ва Ғарб ўртасидаги диалогни мустаҳкамлаш учун нима қилмоқ керак?

Ўзбекистон республикаси Вазирлар маҳкамаси қошидаги Диний ишлар бўйича қўмита ходими Шухрат Исмоилов фикрича, экстримистлар Ислом ўгитларидан ғайрли мақсадларда фойдаланишининг олдини олишда мусулмонлар фаол бўлиши керак.

Кобул университетининг собиқ профессори Ростар Тараки ҳам Шуҳрат Исмоилов каби терроризмга қарши курашда мусулмонлар ёрдам бериши керак деган фикрга қўшилишини айтади:

“Агар демократик йўл орқали Исломий ташкилотларга сиёсий имконият берилса, менимча, бу халқаро кучларнинг терроризмга қарши курашидаги ягона тўғри йўли бўлади. Аксарият Исломий партиялар ҳокимиятдан четлатилган ёки уларга етарлича сиёсий имконият берилмаган. Исломий партияларнинг сиёсий ҳаётда кенг иштирокисиз терроризмга қарши кураш олиб боришдан маъно йўқ ”, – дейди афғонистонлик профессор Ростар Тараки.

Бундан буён мусулмонлар ва Ғарб муносабатлари совуқлашиб, АҚШга қарши кайфиятлар янада кучайиши мумкинми?

Голландиянинг Лейден шаҳридаги Ислом тадқиқотлари халқаро институти профессори Мартин ван Бруинессенга кўра, бу асосан Ғарбнинг мусулмонларга нисбатан юритадиган сиёсатига боғлиқ. Олим фикрича, ҳозирда кузатилаётган террористик ҳаракатларнинг аксарияти Ғарб шу пайтгача олиб борган сиёсатга берилаётган тўғридан-тўғри жавобдир.
XS
SM
MD
LG