Линклар

logo-print

Туркманистон президентининг Москва сафари

  • Ҳасанжон

Ўз мамлакатидан ташқарига камдан-кам сафар қиладиган Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов 22 январ куни Москвага боради. Россия президенти Владимир Путин билан музокара чоғида Ниёзов асосан газ масаласини муҳокама қилишни режалаган. Туркманистон ўзининг табиий газини Россияга қарашли қувурлар орқали экспорт қилади. Яқинда Россия ва Украина ўртасида газ нархи борасида юзага келган бўҳронни ҳал этишда Туркманистон гази муҳим рол ўйнади. Туркманистон раҳбари Москва сафари давомида Газпром ширкатидан газ учун тўланаётган хақ оширилишини талаб қилиши ҳам кутилмоқда.


Мудофаа масалалари бўйича мустақил таҳлилчи Павел Фелгенгауер Россия ва Туркманистон ўртасидаги газ экспорти муаммосининг туб моҳияти нимада эканини бундай изоҳлайди:

“Асосий мавзу газ масаласи бўлади. Ҳозирда туркман гази Украинага Россия қувурлари орқали етказиляпти. Россия унинг бир қисмини Ғарббга экспорт қиляпти. Асосий муаммо Ниёзовга тўланаётган хақ миқдорида. Туркманистон Россия ва Украина тадбиркорлари ва расмийлари Европага сотаётган туркман гази учун тўланаётган хақнинг бир қисмини оляпти холос ”.

Россиянинг Газпром ширкати туркман газининг ҳар минг куб метри учун 60 доллардан хақ тўлаб, уни Европа давлатларига 230 доллардан сотяпти. Бир неча йил олдин Россия туркман гази учун 32 доллардан пул тўлар эди.

Москвага сафари давомида Ниёзов ҳар минг куб метр газ учун 80 ёки 85 доллар тўланишини талаб қилишни режалаган.

Алекс Ватанка Лондондаги “Jane’s Country Risk” тадқиқот марказининг Евроосиё масалалари бўйича таҳлилчиси. Яқинда газ нархи масаласида Россия ва Украина ўртасида бўҳрон юзага келганидан кейин Россия Украинага газ етказиб беришни икки марта тўхтатди. Европа давлатлари бунга кескин муносабат билдирганидан кейин Газпром ва Россия расмийлари зарурий чоралар кўришга киришди:

“Ғарбий Европа давлатлари танқидига учраган Россия ўзаро муносабатларга путур етказмаслик учун Украина билан музокаралар ўтказди ва дарҳол келишувга эришди ”.

Путин билан учрашув чоғида Ниёзов 90-йилларда Россиянинг газ учун Туркманистонга бўлган бир неча юз миллион долларлик қарзи масаласини кўтариши мумкин. Ниёзов туркман гази учун ўз вақтида хақ тўлай оладиган доимий харидор топишни жуда хоҳлайди. Агар Туркманистонни Эрон билан боғлайдиган газ қувури ҳисобга олинмаса, Совет Иттифоқининг барча газ қувурларига Газпром эгалик қилади. Айни пайтда бу Туркманистон учун хорижга газ экспорт қилинадиган асосий йўл бўлиб қолмоқда.

Фелгенгауер фикрича, Газпромнинг Украинага етказиб берилаётган газни тўхтатиш тўғрисидаги қарори Москва музокаралари чоғида Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов манфаатига хизмат қилади:

“Январ ойида Россия Европага етказиб берилаётган газ хажмини икки марта камайтирган эди. Газпромнинг бу қарори Европа Иттифоқини Туркманистон - Марказий Осиё газини Россияни четлаб ўтиб Европага етказиш учун Каспий денгизи орқали қувур ётқизиш лойиҳасини молия билан таъминлаш ҳақида жиддий ўйлашга туртки бўлди ”.

Алекс Ватанка яқинда Ниёзов Пекинга боришни жуда хоҳлаши ҳақида айтган гаплари Путин билан музокара чоғида унга ёрдам бериши мумкинлигини айтади:

“У, яъни, Ниёзов Пекинга бориш истагида эканини билдирди. Нима сабабдан у Пекинни тилга олди? Чунки Хитой Туркманистон газининг янги экспорт бозори бўлиши мумкин”.

Кузатувчилар фикрича, Сапармурод Ниёзовнинг Москвада Владимир Путин билан сўзлашуви чоғида Туркманистонда озчиликни ташкил этган рус миллати вакиллари аҳволи ҳамда Россияда яшаётган Туркманистон мухолифати аъзолари масалалари ҳам муҳокама этилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG