Линклар

Адашган кит

  • Сарвар Усмон

20 январь куни Лондон шаҳридан оқиб ўтувчи Темза дарёсига бир кит адашиб кириб қолгани тўғрисида хабар берган эдик.

Тарихда, ҳар ҳолда, сўнгги бир аср мобайнида мисли кўрилмаган бу воқеа нафақат Темза бўйига ёпирилиб келақолган лондонликлар, балки умуман жаҳон жамоатчилигининг қизиқишини уйғотди.

Ғаройиб ҳодисадан хабар топиб, Темза бўйига етиб келган лондонликлар оддий кит эмас, балки унинг жуда кам учрайдиган турини кўрдилар. Тана тузилишига қараб, китнинг бу турини "бутилкасимон бурунли кит", деб аташади.

Кит жонивор Лондоннинг рамзи бўлган Биг Бен яқинида, яъни шаҳар марказида пишқириб сузиб юрди.

Уни қутқариш, келган жойи – денгизга қайтариш ишлари дарҳол бошланди. Китни биринчилардан бўлиб кўриб қолган аёл гапиради:

- Мен китнинг соҳилга чиқиб қолганини, кейин сувдаги бир бола унга тош отганини кўриб қолдим. Кейин у китга яқин бориб, уни туртди.

Кўпчилик учун кит яхшигина томоша, болалари учун ғаройиб эрмак бўлди.

- Жуда ажойиб, шундай эмасми? Лекин, афсуски, уни бемалол кўриш мумкин пайтда кўра олмадик. Бу ҳодиса тўғрисида телевизордан эшитиб, етиб келсак, у дарёнинг ўртасига сузиб кириб кетган экан. Шунинг учун у пишқирганда отилиб чиқадиган сувнигина кўраяпмиз,- дейди китни кўриш учун ўғлини етаклаб келган яна бир лондонлик.

Китлар одатда туби чуқур денгизларда яшашини ҳамма билади. Бундан ташқари ҳеч бир кит ёлғиз яшамайди. Шунинг учун ҳам китнинг Темза дарёсига бир ўзи қандай қилиб кириб қолганига ҳамма ҳайрон.

Оддий лондонликлар ҳам, уни қутқариш билан шуғулланаётган мутахассиcлар ҳам ташвиш билдирмоқдалар. Китнинг яралангани ҳам кўриниб турибди.

Атлантика Кит жамғармаси Эдвин Таймвил китнинг аҳволи тўғрисида бундай деди:

- У оғир жароҳат олган. Афтидан чап кўзининг атрофи яраланган. Жуда чарчаганга ўхшаб турибди.

20 январь куни қоронғи тушиши билан кит кўздан йўқолди. Бироқ 21 январь куни тонгданоқ уни қутқариш ишлари давом эттирилди. Қутқарувчилар кун бўйи ҳаракат қилди. Чунки суви саёз бўлгани учун кит Темзада кўпи билан 2 кунгина тирик қолиши мумкин.

Докторлар эса, кун бўйи китнинг саломатлигини текшириш билан банд бўлди.

21 январь куни кечга яқин қутқарувчилар китни кемалар ёрдамида Темза дарёси денгизга қўшиладиган жой томон олиб кета бошладилар.
XS
SM
MD
LG