Линклар

Эрон ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Ҳамид Ризо Осифий бугун берган баёнотида Исроил ҳарбийларининг таҳдидини “ёш болалик” дея баҳолаб, Эронга қарши ҳарбий чоралар “мушкул оқибатларга” олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.


Эрон расмийсиснинг баёноти, Исроил мудофаа вазири Шаул Мофазнинг Теҳрон ўз ядровий дастурини тўхтатмаса, Исроил Эронга қарши ҳарбий чоралар кўришга тайёр, деган баёнотига жавобан айтилди.
Осифий шунингдек, феврал бошида ўтказилажак Халқаро атом энергияси агентлигининг фавқулодда мажлисини “сиёсий ўйин”, дея танқид қилди.
Теҳрон ўзининг мунозарали ядровий дастури БМТ Хавфсизлик кенгашига оширилишидан хавотирда эмаслигини қўшимча қилди Осифий.
Британия, Франция ва Германия 2 февралга Халқаро атом энергияси агентлигининг фавқулодда мажлисини чақирган эди.
Бундан ташқари, Осифий Эрон ўзининг ҳорижий банклардаги маблағларини бошқа ҳисобларга ўтказаётгани ҳақидаги хабарларни инкор этди.
Бундан олдин Эрон марказий банки раиси Иброҳим Шайбоний Эрон Европа банкларидаги ўз пулларини чиқариб олиши фойдадан ҳоли бўлмаслигини айтган эди.
Айни пайтда, Швейцариянинг UBS банки ўзининг эронлик мижозлари, жумладан хусусий шахслар, тадбиркорлар ва давлат идоралари билан алоқаларни узишини билдирди. Банк вакилига кўра бу қарор сиёсий сабабларга асосланмаган.
Швейцариядаги энг йирик банк ҳисобланмиш UBS матбуот вакилига кўра, эронлик мижозлар билан алоқаларни тўхтатиш ўтган йили бошланган. Бунга эронлик мижозлар билан ишлашда қонунларга амал қилишнинг қимматга тушиб кетаётгани ҳамда норматив ва хавфсизлик масалаларидаги ноаниқликлар сабаб бўлган.

Айни пайтда, Германия ташқи ишлар вазири Вальтер Шатйнмайер Эрон ядровий дастури бўхронини дипломатик йўллар билан ҳал этиш тарафдори эканини айтиб, бу борада ҳарбийлаштирилган ёндашувни тутмасликдан огоҳлантирди.
Шатйнмайер ўз баёнотини, Эрон ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Ҳамид ризо Осифий Европа Иттифоқини музокараларга қайтишга чақирганидан кейин берди.
XS
SM
MD
LG