Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:15

Европа кенгаши парламент ассамблеяси йиғилиши бўлиб ўтди


24 январ куни қирқ бир давлат аъзо бўлган Европа кенгашининг Парламент ассамблеяси йиғилиши бўлди. АҚШ террорчиликда гумон қилинган шахсларни сақлаб туриш учун Европа давлатларида яширин қамоқхоналар ташкил этгани ҳақидаги иддаолар йиғилишдаги ягона масала бўлди. Бир неча ойдан бери халқаро миқёсда шов-шувларга сабаб бўлиб келаётган бу масалани ўрганиш учун тузилган комиссия раҳбари швейцариялик Дик Марти (суратда) йиғилиш иштирокчиларига ҳисобот берди.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси яширин қамоқхоналар ташкил этгани масаласини ўрганиш бўйича тузилган комиссия раҳбари швейцариялик сенатор Дик Марти Парламент Ассамблеяси аъзоларига бундай қамоқхоналар бўлганини тасдиқловчи ҳужжатларни топиш ниҳоятда қийин эканини таъкидлади. Дик Марти ҳозирча Европа давлатларида бундай марказлар ташкил этилганига далил бўла оладиган ҳужжатлар топилмаганини айтди:

“Адлия соҳасида вақтинчалик ҳибсда сақлаш марказлари бўлганини исботловчи ҳужжатлар топилмади. Бундан маҳаллий ҳокимиятлар ҳам хабардор бўлмаган. Шунга қарамай, мен ишни шу йўналишда давом эттиришимиз кераклигини кўрсатувчи кўплаб далиллар борлигини таъкидламоқчиман”.


Бундай марказлар бўлгани ҳақида маълумот бераётган манбаларни ишончли, дея атаган Дик Марти, бунда фақат Руминия ва Полшани тилга олиш адолатсизлик бўлишини айтди. У сўзига қўшимча қилиб айни муаммо Европанинг барча давлатларига хос эканини айтди. Унинг фикрича, Европа давлатлари ҳукуматлари ёки хавфсизлик хизматлари махфий қамоқхоналардан бехабар бўлишлари эҳтимолдан йироқ. Мартига кўра, террорчиликка алоқадорликда гумон қилинган шахслар Европада ўғирлангани ёки қонуний равишда ҳибсга олинганини исботловчи ҳужжатлар бор ва бундай воқеалар рўй бергани тўғрисида ҳеч кимда бахслашиш ниятида эмас.

Парламент Ассамблеяси аъзоси британиялик Хамфрей Малинз Европа комиссияси хақиқатни юзага чиқариши кераклигини айтди:

“Бизнинг вазифа яна қайси давлатлар бунга алоқадор бўлганини аниқлашдан иборат. Бу давлатлар балки асл мақсадни билмай туриб қийноқлар амалга ошириладиган манзилга АҚШ тайёралари етиб олишида уларнинг ўз аэропортларига қўниши ва ёнилғи қуйишига рухсат бергандир. Балки кимлардир буни билиб, ўзини билмаганликка солгандир. Жиддийроқ айтадиган бўлсак, балки кимлардир ҳақиқатни била туриб, мамлакат қамоқхоналарини улар ихтиёрига бергандир. Хақиқат қанчалар ачиқ бўлмасин, биз қўрқмасдан уни билишимиз лозим ”, – деди британиялик Хамфрей Малинз.

Айни пайтда, Дик Марти масалани муҳокама қилишдан мақсад терроризмга қарши курашда Европа қайси йўлдан боришини аниқлашдан иборат эканини айтди:

“Мунозарадан мақсад, терроризмга қарши курашда қайси усул қўллашимизни белгилашдан иборат. Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқлари, шахс қадр-қиммати, адолат ҳамда ўтган аср давомида яратганимиз барча кафолатларга риоя қилиш шарт деган фикр тўғрими?”, – деди Дик Марти.

Парламент Ассамблеяси йиғилишидан сўнг журналистлар учун матбуот анжумани ўтказилди.

XS
SM
MD
LG