Линклар

Судлов тизими ислоҳотининг қозоғистонча усули

  • Сарвар Усмон

Суд зали. Залнинг тўрисида одатдагидай судья ўтирибди. Судьянинг ёнида яна 11 киши. Суд маслаҳатчилари улар. Суд жараёни тугагач, судланувчининг айбдор ёки айбдор эмаслиги тўғрисида ўша 11 киши ўз фикрини билдиради. Агар 11 кишидан кўпчилиги, яъни 6 нафари судланувчини айбсиз, деб топса судья уни оқлайди. Маслаҳатчилар судланувчини айбдор деса, судья унга нисбатан қонунда белгиланган жазони белгилайди.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўтган ҳафтада имзолаган "Суд маслаҳатчилари тўғрисида"ги қонун мамлакатдаги жиноий ишларни кўрувчи судларда ана ўша суд маслаҳатчилари институтини жорий этиш учун ҳуқуқий асосдир.

Ҳозирча, қонун қабул қилинди холос. Ҳужжатда белгиланган муддат ва тартибда масалаҳатчилар танланади.

Демак, Қозоғистоннинг судлов тизимидаги бу ўзгаришни кейинги дастурларимизда янада яқинроқ ўрганамиз. Ҳозирча эса, баъзи қозоғистонлик мутахассисларнинг дастлабки мулоҳазалари билан танишайлик.

Олмаота шаҳридаги Ҳуқуқшунослик академияси ўқитувчиси Нурлайим Мингбатированинг фикрича, жиноий ишлар судларида маслаҳатчилар институтини жорий этиш ҳаётий заруратдир.

- Судьяларнинг мустақил эмаслиги тўғрисида анчадан бери айтиб келишади. Уларнинг мустақиллигини таъминлаш учун анча ишлар қилинди ҳам. Мана энди жиноий ишлар бўйича судья ҳукм чиқарар экан, хато қилишининг олдини олиш, жиноят билан боғлиқ бўлган барча омилларни синчиклаб ўрганишга суд масалаҳатчиларининг фойдаси тегади, - дейди Нурлайим Мингбатирова.

Қозоғистоннинг жиноий ишларни кўрувчи судларида жорий этилаётган суд маслаҳатчилари институти Ғарб давлатларида анча илгари пайдо бўлиб, шаклланиб бўлган, дейди Мингбатирова хоним.

- Совет даврида судьянинг ёнида халқ масалаҳатчилари бўлар эди. Бироқ улар шунчаки, расмиятчилик учун ўтирар эди. Эндиликда жорий этилаётган суд маслаҳатчилари эса ғарбона андозаларга биноан танланади. Маслаҳатчилар ҳуқуқшунос мутахассис бўлмаслиги, ўзи яшайдиган жойда кўпчилик танийдиган, обрў эътиборли кишилар бўлиши лозим. Улар судланаётган киши устидан ўзларининг хулосаларини, яъни гуноҳкор ёки гуноҳсиз, деб ҳукм чиқарадилар, - дейди Ҳуқуқшунослик академияси ўқитувчиси.

"Адолатли Қозоғистон учун" халқ ҳаракати раиси, ҳуқуқшунос Жармахан Туяқбайнинг фикрича, суд масалаҳатчиларининг суд жараёнида иштироки фойдадан ҳоли бўлмайди. Биринчидан, узоқ муддат давомида кўрилмай ётган ишларни кўриш жадаллашса, иккинчидан, суд ҳукмини чиқаришда халқнинг иштироки таъминланади.

Қозоғистон парламенти депутати Валижан Қалийжаннинг фикрича, суд маслаҳатчилари тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши Қозоғистон судлов тизимини ислоҳ қилишнинг навбатдаги босқичидир.

- Бу қонун суднинг очиқ ҳамда адолатли ўтишини таъминлайди. Яъни ҳукм бир одам – судьянингина ҳукми эмас, балки кўпчиликнинг – маслаҳатчиларнинг ҳам ҳукми бўлади, - дейди Қозоғистон парламенти депутати Валижан Қалийжан. Унинг айтишича, суд маслаҳатчиларининг пайдо бўлиши судлов тизимидаги коррупция илдизига ҳам болта уради, деб умид қилишга имкон беради.
XS
SM
MD
LG