Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:34

"Шпион-шпион" ўйини ортида қандай ўйин бор?


Душанба куни Россия Москвада хизмат қилаётган британиялик тўрт дипломатни айғоқчиликда ҳамда Россиядаги бир қатор нодавлат ташкилотларини молия билан хуфёна таъминлашда айблади.

Расмий Лондон айбловларни рад этиш билан бирга агар Москва айғоқчиликда айбланаётганларни жазолагудай бўлса, "саломга яраша алик олажагини" билдирди.

Таҳлилчилар, айни пайтда Москва билан Лондон ўртасидаги бу "шпион-шпион" ўйинини Москванинг Лондонга ҳуружидан кўра нодавлат ташкилотлари фаолияти ва уларни молиялашни кескин чекловчи янги қонунни оқлаш учун қўйилган қадам, деб баҳоламоқдалар.

Британиялик дипломатларнинг айғоқчилигини фош этувчи сюжетнинг шу мавзудаги энг машҳур фильмлардан фарқи бўлмади. Москвадаги паркда бир тош ётибди. Фақат у оддий тош эмас, ичига электрон ускуна жойлаштирилган. Ускуна компьютерга уланади.

Федерал хавфсизлик хизмати вакили ТВ орқали британиялик дипломатлар билан алоқа қилганликда гумон қилинган Россия фуқароси қўлга олинганини маълум қилди. Дипломатларнинг қаердалиги эса номаълум қолмоқда.

Бу инцидент ортидаги сабабларга тўхталар экан, кўпчилик таҳлилчилар Владимир Путиннинг бир қатор россиялик юқори даражали рақибларига Лондондан бошпана берилгани учун Москванинг олган ўчи, деб баҳо бермоқдалар. Британиядан бошпана олганлар орасида Чеченистоннинг сепаратчи ҳукумати вакили Аҳмад Закаев ҳамда Борис Березовскийлар бор.

Британия айғоқчилари, деб айтилаётганларнинг Россиядаги нодавлат ташкилотлари билан алоқалари тўғрисидаги гаплар эса, баъзи таҳлилчилар фикрича, матбуот эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари учун курашаётган жамоат ташкилотларига қарши қаратилгандир. Айни пайтда Британия Ташқи ишлар вазирлиги Россияда инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамияти соҳасида ишлаётган ташкилотларга ёрдам кўрсатиб келаётганини инкор этаётгани йўқлигини ўз баёнотида билдирди.

Россия ТВси хабарида британиялик дипломатлардан хуфя пул олган ташкилотлар қаторида Москва Хельсинки гуруҳи ҳам тилга олинди. Гуруҳ раҳбари Людмила Алексееванинг айтишича, Москва Хельсинки гуруҳи Британия элчихонасидан 2004 йили пул олган ва у маблағ гуруҳ фаолларининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатларни ўрганиш учун Британияга қилган сафарини молиялашга сарфланган.

Унинг айтишича, шпион-шпион ўйини 2007 йили бўладиган парламент ва 2008 йили ўтказиладиган президентлик сайловлари арафасида инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини обрўсизлантириш учун ўйлаб топилган.

- Менимча, мақсад Россия фуқаролик жамиятининг энг кучли сектори - ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамжамиятини яксон қилиш учун жамоатчилик фикрни тайёрлашдир. Олий мақсад эса, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамжамиятини яксон қилиб бўлгандан сўнг 2007, 2008 йилларга бориб оғзини очолмаслиги учун фуқаролик жамиятини оёқ ости қилишга ўхшайди, - дейди Людмила Алексеева.

Собиқ КГБ ходими Путиннинг айтишича, Ғарб давлатлари собиқ совет мамлакатларида сиёсий бўҳронларни келтириб чиқариш учун нодавлат ташкилотларидан фойдаланмоқда.

Яқинда у имзолаган ва кўплаб эътирозлар келтириб чиққарган янги қонунга биноан бундан буён давлат амалдорлари нодавлат ташкилотлари фаолияти ва уларнинг молия манбаларини синчковлик билан текширишга имкон беради.

Ҳуқуқ ҳимоячилари эса, бу қонун Кремлни танқид қилувчи ташкилотларга босим ўтказиш учун қулай қурол бўлишидан ташвиш билдираяптилар.

Тилга олинган қонун биринчи ўқишда қабул қилинаётган кун – 23 ноябрь куни унинг муаллифларидан бири Андрей Макаров журналистлар билан мулоқот чоғида бу қонун жиноятчи гуруҳларнинг ғайри қонунний пулларни ўзлаштиришига тўсиқ бўлади, деган эди.

Журналистларнинг ўшандай ташкилотлардан бир-иккитаси номини айта оласизми, деган саволига депутат Макаров лом-мим деб жавоб беролмаган эди.

Халқаро Мерос жамғармасининг Москвадаги ваколатхонаси раҳбари Евгений Волкнинг фикрича, шпион можароси кўплаб этирозларга сабаб бўлаётган қонунни оқлаш учун қилинган ишдир.

- Менимча, жамоат ташкилотларига пул бераётган ғарблик ёмон дипломатлар бор деб Россия жамоатчилигини ишонтириш учун жуда қулай фурсатни танлашди. Коса тагида эса, бу пул душманлик учун ишлатилаяпти, деган нимкоса - ишора бор, - дейди Евгений Волк.

Кези келганда шуни айтиш керакки, Россия постсовет давлатлари орасида нодавлат ташкилотларга босим ўтказаётган ягона давлат эмас. Айниқса, Грузияда амалга оширилган инқилобдан сўнг Марказий Осиё мамлакатларида фуқаролик жамияти чекловлар қуршовида қолди.

Ўша инқилобдан бир неча кун ўтибоқ расмий Тошкент Ўзбекистон ҳудудида ишлаётган хорижий нодавлат ташкилотларидан қайта қайддан ўтишни талаб қилди.

Шундан сўнг халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари бирин-кетин ёпила бошлади. 2004 йилнинг баҳорида Сорос-Ўзбекистон жамғармаси, кейинроқ Интерньюс-Ўзбекистон ташкилоти, яқинда эса Озодлик уйи ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси фаолияти тўхтатиб қўйилди.

XS
SM
MD
LG