Линклар

"Газпром"нинг Ўзбекистони?


Дениэль Киммиж Сарвар Усмон Россияда газ қазиб олиш ва уни сотиш соҳасида яккаҳоким бўлган "Газпром" ширкати йилига 550 миллиард куб метр атрофида газ қазиб олади.

Ишлаб чиқаришни жорий ҳажмларда сақлаб қолиш учун "Газпром" Россиянинг шимолий минтақаларида янги конлар очишга пул сарфлаш ўрнига ўз иштаҳасини Марказий Осиё республикалари ҳисобидан қондирмоқчи бўлаяпти ва бу ишни уддалаяпти ҳам.

Бироқ "Газпром"нинг гуллаб-яшнаётгани ортида нафақат унинг монополист эканлигидан пайдо бўладиган имкониятлару ширкат раҳбарларининг ишбилармонлиги, балки геосиёсий муносабатлар ҳам ётибди.

Газ қазиб олишнинг жорий ҳажмларини сақлаб туриш "Газпром" учун ўта муҳимдир. Ширкат зиммасида ижтимоий барқарорликни сақлаб туриш учун Россия аҳолисини табиий газ билан, иқтисодиётини субсидиялар билан таъминлаш ҳамда газ экспорт қилиб, ҳорижий валюта тушириш вазифаси турибди.

Жорий ҳажмларни сақлаб туриш тобора мушкуллашаётгани, газга эҳтиёж эса ортиб бораётганлиги сабабли "Газпром" аҳволни ўзгартиришга ҳаракат қилаяпти.

Оксфорд Энергия тадқиқотлари институти профессори Жонатан Штерннинг 2005 йил октябрида чоп этилган "Россия гази ва "Газпром" келажаги" китобида "Газпром" яқин йиллар ичида Марказий Осиё мамлакатлари – Туркманистон, Қозоғистон ва Ўзбекистондан йилига 100 миллард куб метр газ импорт қила бошлайди", деган прогноз берилган.

Турли манбаларда эълон қилинаётган маълумотлар профессор Штерннинг прогнозини тасдиқламоқда.

Фергана. РУ сайтининг 23 январь кунги хабарига қараганда, 2006 йили "Газпром" Ўзбекистондан 9 миллиард, Туркманистондан 30 миллиард куб метр газ олишни режалаштирган.

Прайм-ТАСС ахборот агентлигининг 30 ноябрь кунги хабарига кўра эса, 2007 – 2008 йилларда Туркманистондан олинадиган газ ҳажмини 70 – 80 миллиард куб метрга етказиш мўлжалланган.

Истиқболдаги бу режаларни амалга ошириш учун "Газпром" Марказий Осиё – Марказ газ қувури сиғимини шу кундаги йилига 42 миллиард куб метрдан 55 миллиард куб метрга етказишни, шунингдек, бу минтақадан Россияга йилига 30 миллиард куб метр газ ўтказа оладиган бошқа қувур ётқизишни режалаштирмоқда, деб хабар қилди Прайм-ТАСС.

Гап Россиянинг Марказий Осиё мамлакатлари билан газ бўйича муносабатлари устида борар экан, бу минтақадан олинадиган газ ҳажмию унинг нархи масаланинг бир томони холос. Бу муносабатлардаги асосий омил сиёсатдир.

Газ етказиб берувчи сифатида анчайин, бироқ газ транзити соҳасида муҳим бўлган Ўзбекистоннинг Андижон воқеаларидан кейин Ғарб билан муносабатлари кескин ёмонлашдию бу ҳолат Россияга қўл келди.

Ноябрда Путин билан Каримов ўртасида имзоланган келишувга биноан Ўзбекистонга нисбатан "агрессия" амалга оширилган тақдирда Россия ёрдамга етиб келадиган бўлди.

Шундан сўнг газ масаласи ҳам ўзини куттириб ўтирмади. Яқинда "Газпром" раҳбари Алексей Миллер президент Каримов билан 2006 йилда минг куб метри 60$дан 9 миллиард куб метр газ сотиб олиш тўғрисидаги шартномани имзолади.

25 январь куни Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига қўшилди.

Шу ўринда Россияда чиқадиган Независимая газетанинг 26 январь кунги сонида босилган "Каримов ҳақни тўлай бошлади" сарлавҳали мақоладан бир парчани келтирмоқчимиз.

Кеча Санкт-Петербургда Ўзбекистонни Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига қўшиш тўғрисидаги баённома имзоланди. ЕврАзЭс давлатлараро кенгаши мажлиси тугаши биланоқ "Газпром" Ўзбекистон ҳукумати ва "Ўзбекнефтегаз" ширкати билан газ конларидан фойдаланиш ва янгиларини аниқлаш тўғрисида икки шартнома имзолади. Бу шартномалар "Газпром"га Ўзбекистондан газ импортини уч мартага оширишга имкон беради. Шундай қилиб, Москва Андижон воқеаларидан сўнг Каримовни қўллаб-қувватлаганининг илк амалий самарасини кўрди, деб ёзди Независимая газета.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг ўзида газ тақчиллиги кузатилмоқда. Яқинда, аниқроғи 21 январь, шанба куни президент Каримов Ўзбекистон конларини "Газпром" ихтиёрига беришга шайланиб турган бир пайтда Андижон туманидаги Оқёр қишлоғи аҳли вакиллари газ ва электр энергияси таъминотидаги узилишларга барҳам беришни талаб қилиб, кўчага чиқди. Катта йўлдаги автомобиль қатновини бир ярим соатга тўхтатиб қўйди.
XS
SM
MD
LG