Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:03

Фаластин парламент сайловининг дастлабки натижаларларига кўра¸ “Ҳамас” гуруҳи ғалаба қозонди


А.Арал 25 январ куни Фаластин мухториятида парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижаларига кўра¸ “Ҳамас” исломий гуруҳи ғалаба қозонгани айтилмоқда. “Ҳамас” гуруҳи парламентдаги ўринларнинг аксариятини эгаллаганини эълон қилиши билан Фаластин Бош вазири Аҳмад Қурей эгаллаб турган вазифасидан истеъфо бериши ва бўлажак ҳукумат “Ҳамас” томонидан ташкил этилишини таъкидлади. Сайловда “Ҳамас”нинг устунлик қилганига эса турли-туман муносабатлар билдирилмоқда.



26 январ куни тарқатилган хабарларга кўра¸ парламент сайловларининг дастлабки натижалари бўйича¸ Фаластин парламентидаги 132 ўриндан камида 77 ўринни эгаллаганини “Ҳамас” гуруҳи иддао қилмоқда.

25 январ куни ўтказилган парламент сайловларида асосан “Фатҳ” ва “Ҳамас” гуруҳлари қатнашди. “Фатҳ” гуруҳи 1996 йилда бўлиб ўтган сайловларда парламентдаги 88 ўриндан 47 ўринни эгаллаган ва шундан буëн Фаластин ҳукуматини бошқариб келаëтган эди. “Фатҳ” гуруҳига Фаластин собиқ раҳбари Ясир Арафат асос солган. Унинг вафотидан кейин мазкур гуруҳга Маҳмуд Аббос раҳбарлик қилиб келмоқда.

Чоршанба куни ўтказилган парламент сайловларининг дастлабки натижалари маълум бўлиши билан “Фатҳ” гуруҳига мансуб Бош вазир Аҳмад Қурей ўз истеъфономасини Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббосга топширди ва янги ҳукуматни “Ҳамас” гуруҳи ташкил этиши кераклигини айтди.

“Бу халқ хоҳиши¸ уни ҳурмат қилиш керак. Агар айтилаëтганидек¸ “Ҳамас” гуруҳи аксарият ўринни эгаллагани тасдиқланса¸ менимча¸ янги ҳукумат мана шу гуруҳ томонидан ташкил этилиши керак”¸ - деди Аҳмад Қурей.

Исроил муваққат Бош вазири Еҳуд Олмертнинг айтишича¸ Исроил давлати “Ҳамас” исломий гуруҳи бошқарадиган Фаластин ҳукуматини тан олмайди.

Аммо “Ҳамас” гуруҳи матбуот котиби Сами Зуҳриннинг Ғазо шаҳрида айтишича¸ “Ҳамас” гуруҳи вакиллари парламентдаги кўпчилик ўринни эгаллаган.

“Сайловнинг дастлабки натижаларига кўра¸ “Ҳамас” парламентдаги 75 ўриндан кўпроғини эгаллаган. Сайлов натижаларидан келиб чиқиб “Ҳамас” сиëсий партиялар¸ Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос ва “Фатҳ” гуруҳи аъзолари билан маслаҳатлашиб¸ сиëсий ҳамкорлик масаласини кўриб чиқишга киришади”¸ - дейди “Ҳамас” гуруҳи матбуот котиби.

Исроил бош вазири ўринбосари Шимон Перес бугун Қуддусда¸ “Ҳамас” ҳали ҳам бир томонлама уруш олиб бориш режасидан воз кечгани йўқ¸ деди.

“Биз ўз позициямизни ўзгартирмаслигимиз керак. Агар “Ҳамас” тинчлик ва музокаралар олиб боришни истамай¸ террористик фаолиятларини давом эттирса¸ менимча¸ уларни ҳеч қандай хорижий давлат ҳамда Исроил қўллаб-қувватламайди”¸ - дейди Перес.

АҚШ¸ Исроил ва Европа Иттифоқи “Ҳамас”ни террорчи ташкилот деб ҳисоблайди.

Бироқ¸ Европа Иттифоқининг Ташқи алоқалар комиссари Бенита Ферреро Уалднер Европа Иттифоқи Яқин Шарқ тинчлик режасига амал қилувчи Фаластиннинг ҳар қандай ҳукумати билан ишлашга тайëрлигини таъкидлади.

Италия Бош вазири эса Фаластин парламенти сайловлари натижаларини “жуда ëмон натижа”¸ деб баҳолади.

Аммо сиëсий таҳлилчи Амир Махулнинг Ҳайфа шаҳрида Озодликка айтишича¸ жаҳон жамоатчилигининг сайлов натижаларини тан олмасдан бошқа чораси йўқ.

“Менинг фикримча¸ жаҳон ва халқаро жамоатчилик сайлов натижаларини қўллаб-қувватлаши керак. Улар шунингдек¸ “Ҳамас” ва “Фатҳ” гуруҳлари билан алоқа ўрнатишлари лозим. Сайлов натижаларини шунчаки рад этиш тўғри иш эмас. Унда Фаластин халқининг хоҳиш-истаги ўз аксини топган”¸ - дейди сиëсий таҳлилчи Амир Махул.
XS
SM
MD
LG