Линклар

logo-print

Фаластиндаги сайловда жанггари “Хамас” гуруҳи ғалаба қозонганига халқаро ҳамжамият муносабати

  • Ҳасанжон

Дунё раҳбарлари 25 январ куни Фаластинда ўтказилган сайловда жанггари “Хамас” гуруҳи ғалаба қозонганига муносабат билдиришда давом этмоқда. Мухолифатдаги исломий “Хамас” гуруҳи номзодлари Фаластиннинг қонун чиқарувчи органидаги 132 ўриндан камида 76тасини қўлга киритди. Собиқ Фаластин лидери Ясир Арафатнинг “Фатҳ” гуруҳи эса атиги 43 ўринни қўлга киритди. Айтилишича, янги Фаластин ҳукуматини тузиш Исроил давлатчилигини тан олмаган ва тинчлик жараёнини рад этиб келган “Хамас” гуруҳи вакилларига топширилади.

Исроил раҳбарлари Исроил террорчи, деб биладиган “Хамас” гуруҳи вакиллари аъзо бўлган ҳукумат билан музокара олиб борилмаслигини билдирди.

Мухолифатдаги Ликуд партияси раҳбари Бенямин Нетаняху пайшанба куни Қуддус шаҳрида:

“Бу икки халқ болаларининг тинчлигини таъминлаш, Исроил ва Фаластин ўртасида тинчлик ўрнатиш учун “Хамас” ўз фаолиятини тўхтатиши керак. Исроилга мудофаа сарҳадлари зарур. Фаластин халқига эса улар террор ва Исроилни йўқ қилиш сиёсатидан воз кечишлари кераклиги айтилиши лозим. Агар шундай қилинса, тинчлик қарор топади. Агар бўлмаса, биз ўзимизни мудофаа қилишга мажбур бўламиз ”, – дея муносабат билдирди.

“Хамас”ни террорчи гуруҳ деб ҳисоблайдиган АҚШ ва Европа Иттифоқи сайловда Хамас ғалабага эришганидан ташвиш билдирди.

Хусусан Британия Бош вазири Тони Блэр пайшанба куни Дублинга сафари чоғида:

“Биз Фаластин мухториятидаги халқ “Хамас”га берган ҳуқуқни албатта тан оламиз. Айни пайтда мен, “Хамас” икки йўлдан бири, яъни, демократия ёки зўравонлик йўлидан бирини танлаш ҳақида қарор қабул қиладиган вақт етиб келганини тушунишини алоҳида урғуламоқчиман ”, – дея муносабат билдирди Тони Блэр.

Пайшанба куни Вашингтонда сўзлаган АҚШ президенти Жорж Буш “Хамас” сайловда эришган ғалабасига бундай муносабат билдирди:

“Бир мамлакатни йўқ қилишни ўз сиёсий позициясининг бир қисмига айлантирган гуруҳ билан қандай қилиб тинчлик музокаралари олиб бориш мумкин? Агар қуролли гуруҳ партиянгиз қаноти бўлса, сиз тинчлик жараёнида ҳамкор бўла олмаслигингизни мен биламан ”.

Европа ва АҚШ расмийлари агар “Хамас” вакиллари Фаластин янги ҳукуматидан ўрин эгалласа, гуруҳ Исроилни йўқ қилиш мақсадидан воз кечиши кераклигини таъкидламоқда. Агар “Хамас” шундай йўл тутмаса, кузатувчилар фикрича, Ғарб давлатлари Фаластин мухторияти билан ҳамкорлик қилишдан бош тортиши мумкин.

Бироқ “Хамас” Ғарбнинг бундай муносабатидан ҳозирча ташвиш билдиргани йўқ. “Хамас”нинг юқори лавозимли раҳбари Маҳмуд Аз-Заҳар пайшанба куни Ғазода Ройтес мухбири билан суҳбатда ўз гуруҳи позицияси ҳақида бундай деди:

“Биз ҳеч ким билан ўтириб гаплашмоқчи эмасмиз. Агар кимдир бизни эшитишни, муносабатимизни билишни ва тушунишни хоҳласа, биз бунга тайёрмиз. Биз томондан бунга ҳеч қандай қаршилик бўлмайди”.

Ҳозирча Фаластиндаги бошқа сиёсий партиялар “Хамас”ни ўз позициясини ўзгартиришга даъват этгани тўғрисида оммага ошкор қилмади.

Пайшанба куни Ғарбий Соҳилда жойлашган Рамаллоҳда сўзлаган Фаластин президент Маҳмуд Аббос янги ҳукумат олдида катта муаммоларни хал этиш вазифаси турганини айтди.
XS
SM
MD
LG