Линклар

Хитойликлар ўз календари бўйича янги йилни нишонламоқда

  • Ҳасанжон

29 январ куни Хитойда маҳаллий ой календари бўйича янги йил бошланади. Қадимий удумга кўра хитойликлар янги йилни оила даврасида кутиб оладилар. Шу боис миллионлаб хитойлик қадимий анъаналарни давом эттирган ҳолда ўзлари ўқиётган ёки ишлаётган жойдан ота-оналари ёки бошқа яқинлари яшайдиган жойларга бордилар.

29 январда бошланадиган Хитой календари бўйича янги йилни кутиб олишга катта тайёргарликлар кўрилди. Янги йил арафасида Пекиндаги аксарият майдонларда ошпазлар миллий таомлар пиширдилар. Халқ сайллари уюштирилди. Пекиннинг “Дитан” парки янги йил тараддуди бошланишидан анча олдин ишга тушган. Бу паркда болалар турли ўйинлар ўйнаши, караоке қўшиқлари куйлаши, мусиқа эшитиши, рақсга тушиши ва бошқа кўнгилочар дастурларда қатнашиши мумкин. Паркнинг бир бурчаги янги йил омадли келишини тилаб болалар туйнукни мўлжаллаб танга отадилар.

Паркнинг бошқа қисмидаги саҳнада қадимий империя даврида амал қилинган қурбонлик келтириш маросими тасвирланган. Янги йил арафасида миллий либослар кийган кекса эркак ва аёллар рақсга тушадилар.

Сайр қилиш учун “Дитан” паркига келган Жунинг айтишича, унга паркдаги ҳамма ўйинлар ва ошпазлар пиширган миллий таомлар жуда ёқади. Айни пайтда янги йил арафасида тижоратчилар ҳам мўмай пул ишлашади:

“Мазкур баҳор байрамида одамлар яхши кайфиятда бўлади. Паркни кўриш ва у ердан бир нима харид қилиш учун бу ерга жуда кўп одам келади. Шу боис паркда савдо қилиш жуда қулай”, – дейди хитойлик тадбиркор Жу.

Шанба куни Хитойда хўроз йили тугаб якшанбада ит йили бошланади. Хитойликлар хўроз йилида қурилган оила бахтли бўлмайди, дейишади. “Синьхуа” ахборот агентлиги хабарига кўра, кўплаб ёшлар янги ит йилида турмуш қуришни режалаган. Хитойликлар ит йилида урушлар ва табиий офатлар кам бўлади, деб ишонади. Бироқ “Синьхуа” ахборот агентлигига кўра, фолбинларнинг барчаси шундай фикрда эмас.

Нима бўлганда ҳам янги йил байрами бу сафар аввалгисига қараганда катта тантана билан нишонланмоқда. Чунки ҳукумат томонидан 12 йилдан бери тақиқлаб келинган мушакбозлик бу йил бекор қилинди. Янги йил кириб келаётган пайтда ҳар хил инсу-жинсларни хайдаш учун мушаклар отилади, дейишади хитойликлар.

Янги йил кечасида хавфсизликни таъминлаш давлат расмийлари учун асосий масала ҳисобланади. Шу боис минглаб қўшимча полиция ходимлари патрул назоратига жалб этилган. Мушакбозлик пайтида ёнғин чиқишининг олдини олиш учун тахминан тўрт минг ўт ўчирувчи ўз вазифасини дарҳол бажаришга киришиш учун шай ҳолатда туради.
XS
SM
MD
LG