Линклар

Лондонда Афғонистонга бағишланган донор давлатлар анжумани очилди

  • Ҳасанжон

31 январ куни Лондонда Афғонистон келажагига бағишланган икки кунлик анжуман очилди. Унда 70дан ортиқ донор давлат вакиллари қатнашаяпти. Йиғилишда Афғонистон ҳукуматининг келаси беш йил ичида мамлакатни ривожлантириш режалари муҳокама этилмоқда. Шунингдек, Лондон анжуманида Кобул расмийлари ва халқаро ҳамжамият ўртасида Афғонистонга молиявий ёрдам кўрсатиш ва хавфсизлик соҳасидаги шартномаларнинг имзоланиши кутилмоқда.


Анжуман очилишида сўзга чиққан АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс ўз мамлакати Афғонистонга қўшимча бир миллиард бир юз миллион доллар маблағ ажратишни режалаётганини маълум қилди:

“Биз Афғонистонга қарийб олти миллиард доллар ҳажмида ёрдам беришни ваъда қилганмиз. Шуни мамнуният билан эълон қилмоқчиманки, АҚШ президенти Жорж Буш берган ваъдамизга қўшимча Афғонистонга бир миллиард бир юз миллион доллар ҳажмида маблағ ажратилишини Конгрессдан сўрамоқчи”.

Афғонистонга бағишланган Лондон анжуманини очган Британия Бош вазири Тони Блэр ўз мамлакати Афғонистон бўйича имзоланган шартномалар доирасида ёрдам ажратишини билдирди.

Тони Блэр анжуманда қатнашаётган 70дан ортиқ донор давлатлар вакилларининг Лондон шартномасини имзолашига умид билдирди.

“Бугунги андумандан кўзланган мақсад, Лондон шартномасини имзолаш орқали келажакда Афғонистонга қўлимиздан келганича ёрдам бериш масъулиятини ўз зиммамизга олишдан иборат. Менинг давлатим келаси уч йил давомида 500 миллион фунт ҳажмида ёрдам беришни режалаган. Биз фақат молиявий ёрдам кўрсатаётганимиз йўқ. Бизнинг қўшинлар Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш ишларига ҳам жалб этилган ”, – деди Тони Блэр.

Анжуманда чиқиш қилган Афғонистон президенти Ҳамид Карзай ўз мамлакати 2001 йил Бонн келишувида белгиланган мақсадлардан ҳам кўпроқ вазифани бажаришга тайёрлигини билдирди.
“Тўрт йил муқаддам эришилган Бонн келишуви олдимизга кенг кўламли вазифалар қўйган эди. Мен шуни мамнуният билан айтмоқчиманки, биз Бонн жараёнини муваффақиятли якунладик ва Афғонистонни қайта тиклаш ва халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликнинг янги саҳифасини очдик. Эришилган ютуқларга қарамасдан, ҳали олдимизда узоқ йўлни босиб ўтиш ва ўз ечимини топмаган муаммоларни ҳал этиш вазифаси турибди. Биз мамлакатимиз бошқарув ва адлия тизимини қайта тикладик. Аммо у Афғонистон халқи манфаатларига хизмат қилиши учун бу тизимларни ривожлантириш керак” – дея баёнот берди Ҳамид Карзай.


Афғонистон раҳбари нутқи давомида марказий ҳукумат ўз фаолиятини қандай қилиб яхшилаши мумкинлиги ҳақида ҳам гапирди.

Лондон анжуманида сўзга чиққан БМТ Бош котиби Кофи Аннан фаол ҳаракат қиладиган вақт етиб келганини айтди:

“Афғонистон тинчлик, демократия ва энг муҳими хавфсизликни мустаҳкамлаш сари қадам ташлай бошлаган бир пайтда бу мамлакатга ёрдам кўрсатишдан аввало халқаро ҳамжамиятнинг ўзи манфаатдор ”.

Айни пайтда, БМТ қошидаги Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ Лондон анжумани қатнашчиларига мурожаат қилиб, оналар ва болалар муаммоларига кўпроқ эътибор қаратишга чақирди.

Бош қароргоҳи АҚШда жойлашган Ҳюман райтс уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳам Лондон анжумани қатнашчиларига мурожаат қилиб, хавфсизлик муаммосини Афғонистондаги вилоятлар даражасида кўриб чиқишни сўраган. Ташкилотнинг Осиё бўлими раҳбари Брад Адамснинг Озодлик радиосига айтишича, хавфсизликка тахдид фақат терроризм билангина чекланмайди. Адамсга кўра, Афғонистондаги маҳаллий қўмондонлар марказий ҳукуматга бўйсунмайдиган ўз қуролланган гуруҳларига эга бўлиш орқали хавфсизлик ва барқарорликка тахдид солмоқдалар.
XS
SM
MD
LG