Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:01

АҚШ президенти Жорж Буш Америка халқи ва Конгрессига мурожаат қилди


31 январ куни кечқурун АҚШ президенти Жорж Буш Америка халқи ва Конгрессига мурожаат қилди. Анъанавий йиллик мурожаатида Буш ўз ҳукумати ҳозирга қадар олиб бораётган изчил ташқи сиёсатдан воз кечмаслигини айтди.


АҚШ президенти Жорж Буш ўз президентлик муддатининг қолган уч йили давомида халқаро терроризмга қарши кураш, Ироқда олиб бораётган сиёсатни давом эттириши ҳамда дунё бўйлаб демократияни ёйиш йўлидаги ҳаракатлар давом этишини маълум қилди.

AҚШ раҳбари Америка халқи ва Конгрессига мурожаатида дунё бўйлаб эркинлик кенг тарқалаётгани ва ҳозирда дунёнинг 122 давлати эркин эканини алоҳида урғулади.

”2006 йил бошида, яъни ҳозирда дунё аҳолисининг ярмидан кўпи эркин давлатларда яшаяпти. Айни пайтда, биз Сурия, Бирма, Зимбабве, Шимолий Корея, Эрон ва шу каби бошқа давлатларда яшаётган одамларни унутмаслигимиз керак. Чунки дунёда адолат ва тинчлик қарор топиши учун улар ҳам эркин бўлишлари керак” - деди АҚШ президенти.

Жорж Буш сайловолди кампанияси давомида, қолаверса бошқа баланд минбарлар орқали сўзлаган нутқларида дунё бўйлаб демократия ва эркинликни ёйишда ўз ҳукумати саъй-ҳаракат қилиши, демократия ва инсон ҳуқуқлари масалалари АҚШ ташқи сиёсатини белгилашда муҳим омил бўлишини кўп марта айтган.

Айрим кузатувчилар фикрича, дунёга демократияни ёйиш ҳаракати, айниқса, Яқин Шарқда Вашингтон расмийлари хоҳламаган натижа келтириб чиқарди. Исроил давлатини йўқ қилишни ўзига мақсад қилган Фаластиннинг “Ҳамас” гуруҳи парламент сайловида ғолиб чиқди.

Америка халқи ва Конгрессига мурожаатида Жорж Буш, шунга қарамай, Оқ Уй маъмурияти ўз сиёсатини изчил давом эттиришини алоҳида таъкидлади.

”Дўстларимиз ва душманларимиз шуни яхши билишлари керакки, АҚШ ҳеч қачон дунёдан юз ўгириб жаҳолатга таслим бўлмайди” - деди Жорж Буш.

Ўзбекистон “ЭРК” демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ Оқ Уй маъмуриятининг демократияни дунёга ёйиш борасидаги сиёсати айрим ҳолларда кутилган натижа бермаганига қарамай, президент Бушнинг ўз позициясини қаттиқ туриб ҳимоя қилгани ҳурматга сазовор эканини айтади:

“Буш сиёсатининг умумжаҳон платформасида ўзи ўйлаганидек, унинг маъмуриятидаги амалдорлар ўйлаганидек муваффақиятли чиқмагани ҳам реал воқелик. Шунга қарамай, Бушнинг бу чиқишидаги ўзига ишонч ва яна ўша аввалгидек қадриятлардан воз кечмаслик йўлидаги Конгрессга ҳитобан қилган таъкидлари ва асос йўлидан Америка ҳеч қачон қайтмагани ва қайтмаслигини урғулагани, албатти сиёсатчининг осонликча ўз қарашидан қайтмаслигини кўрсатиб турибди. Ва бу менда ҳурмат уйғотди. Чунки бугун Ироқда ва умуман Яқин Шарқдаги сиёсати ҳақиқатан ҳам мағлубиятга учради, дейиш мумкин бўлмаса-да, улар кутган муваффақият деярли ниҳоясига етгани йўқ. Шу ҳолатда туриб ҳам Бушнинг ўз позициясини қаттиқ туриб ҳимоя қилиши, албатта, менда ҳурмат уйғотди”.

АҚШ президенти Жорж Бушнинг Америка халқи ва Конгрессига қилган мурожаатига муносабат билдирган АҚШдаги мустақил таҳлилчи Абдуманноб Пўлатов Ироқ урушида демократия ўрнатиш жуда қийинлиги маълум бўлганидан кейин, амалдаги сиёсатда, ҳамма жойда демократия ўрнатамиз, деган шиор яна юқорига чиққанини айтади:

“Америка сиёсатида ҳамма давлатлар қатори давлат раҳбарлари халққа ёқадиган чиройли гапларни кўп гапиришади. Мана шундай гаплар ва ростдан ҳам дунёда, жумладан Марказий осиё ва Ўзбекистонда демократия ўрнатишга Америка жуда кўп маблағ сарфлаяпти. Лекин натижа кўпинча ҳам айтилаётган чиройли шиорларга яқин бўлмайди. Амалда, мисол учун, демократия ўрнатамиз деб қилинаётган кураш кўпинча бир тузукроқ режага эга бўлмаган, шунчаки чиройли сўзлардан иборат бўлган эканлиги амалда маълум бўлиб қолади. Лекин нима бўлганда ҳам қилинаётган ҳаракатлар озгина бўлса ҳам бошқа мамлакатларда фуқаровий жамият, эркин матбуот, сўз эркинлигига ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига қаратилган бўлиб, озгина бўлса ҳам фойдаси бўлади. Лекин шу билан бирга, мисол учун Ўзбекистон билан Америка муносабатларини кескин даражада ҳозир ёмонлашганлиги ва Америка ҳарбийлари Хонободдаги базадан чиқиб кетганидан кейин, олдинлари Америка ҳукумати Ўзбекистон ҳукуматига инсон ҳуқуқлари ва демократия масаласида қандайдир таъсир ёки босим ўтказиш имкониятига эга бўлса, ҳозир Америка мана шу босим ва таъсир имкониятидан маҳрум бўлди. Худди Беларусияга ўхшаб фақат ташқаридан танқид қилиш билангина балки босим ўтказиш қолгандир. Лекин ҳақиқатта амалий ўзгаришлар қилиш имкониятидан маҳрум бўлди. Менимча бу чиройли сўзлар эмас, ўйлаб қилинган сиёсат Америка учун ҳам Ўзбекистон учун ҳам керак, деган фикрдаман” – дейди АҚШдаги мустақил таҳлилчи Абдуманноб Пўлатов.
XS
SM
MD
LG