Линклар

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик раҳбари Муҳаммад Ал Барадей Эроннинг ядровий масаласи атрофидаги жанжал хатарли нуқтага етгани, аммо ҳали ҳам вазиятдан чиқиш имконлари борлигини айтди.


"Вазият критик нуқтага етди, аммо таназзул даражасига етганича йўқ. Бу ерда гап ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ҳақида бораётир, муқаррар тахдид ҳақида эмас", - деди Ал Барадей.
Атом Энергияси бўйича халқаро агентлик бошқарув кенгаши айни дамда Эрон масаласини БМТ Хавфсизлик Кенгашига оширишни мухокама этмоқда. Техронга санкциялар жорий этишни назарда тутувчи масала атрофидаги мухокамалар ёпиқ эшиклар ортида ўтмоқда. Эрон масаласини БМТ Хавфсизлик Кенгаши даражасида мухокама этиш таклифини Кенгашнинг барча беш доимий аъзоси – АҚШ, Британия, Франция, Хитой ва Россия мақуллаган. Айни пайтда Теҳрон масала Хавфсизлик Кенгашига оширилгудек бўлса, Атом энергияси бўйича халқаро агентлик билан ҳамкорликни бутунлай тўхтатиб, уранни бойитиш ишларини давом эттириш билан тахдид солмоқда.
Ғарб давлатлари Эроннинг ядровий дастури атом бомбаси яратишга қаратилган, деган шубхада. Аммо Теҳрон буни рад этиб, мамлакат электр эхтиёжини қондириш мақсадида уранни бойитиш ишларини амалга оширишга ҳақли эканини айтиб келмоқда.
Атом энергияси бўйича халқаро агентлик раҳбарига кўра, Эрон ўзининг ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлашига халқаро ҳамжамиятни ишонтириши керак ва масала БМТ Хавфсизлик кенгашига оширилган тақдирда ҳам узоғи билан март ойига қадар халқаро ҳамжамиятни ишонтириши учун Техронда имкон бор.
"Агентлик раҳбарияти қандай қарор беришидан қатъий назар, барча томон масаланинг ечими дипломатия йўли билан ҳал бўлиши керак ва музокара борасида якдил манфаатдор томонлар учун вазиятдан чиқишга ҳали ҳам имкон бор", - деди Ал Барадей.
Венадаги бугунги мухокамаларга келсак, ҳозирча Эрон масаласини Хавфсизлик кенгашига ошириш борасида тўла тўкис қарорга келинмаган. Бу юзадан мухокамалар жума куни ҳам давом этади.
XS
SM
MD
LG