Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:56

31 январ куни Лондонда Афғонистонга ëрдам бериш бўйича икки кунлик халқаро анжуман иш бошлади.


А.Арал Анжуманда 70 зиëд давлат вакиллари¸ жумладан¸ Афғонистон президенти Ҳомид Карзай¸ Британия Бош вазири Тони Блэр¸ БМТ Бош котиби Кофи Аннан¸ АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс иштирок этмоқда. Афғонистонни қайта қуриш масаласи муҳокама қилинган йиғилишнинг биринчи кунида мамлакатга тақрибан икки миллиард АҚШ доллари ëрдам кўрсатишга ваъда берилди.


Лондонда иш бошлаган анжуман кун тартибидан¸ асосан Афғонистонга иқтисодий ва ҳарбий ëрдам кўрсатиш ҳамда мамлакатда авж олган коррупция ва гиëҳванд моддалар етиштиришга қарши самарали кураш олиб бориш масаласи ўрин олган.

Йиғилишнинг биринчи кунида донор давлатлар Афғонистонда хавфсизлик тизими ва давлат бошқарувини ислоҳ қилиш¸ мамлакатни қайта тиклаш учун тахминан икки миллиард доллар ëрдам кўрсатишга ваъда бердилар.

АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс келаси йилда Америка Афғонистонга яна қўшимча бир миллиард юз миллион доллар ëрдам беришни ўз зиммасига олганини таъкидлади. Британия эса келаси уч йил мобайнида 885 миллион доллар ëрдам қилишни билдирди. Бундан олдин АҚШ Афғонистонга тақрибан 6 миллиард доллар ëрдам кўрсатишга ваъда берган эди.

Лондондаги Афғонистоншунос мутахассис Ҳумоюн Сурхобий фикрича¸ ушбу ëрдам ваъдалари мамлакатни қайта тиклаш истиқболи учун катта аҳамият касб этади.

2001 йил охирларида Афғонистонда толибон режими бартараф этилганидан кейин донор давлатлар 2002 йилда жами тўрт ярим миллиард доллар¸ 2004 йилда эса 8 миллиард тўрт юз миллион доллар ëрдам кўрсатишга ваъда берган.

Ҳозирга қадар донор давлатлар берган ваъдалари устидан қанчалик чиқди-ю¸ кўрсатилган ëрдамлар асосан қандай соҳаларга ишлатилди деган савол тўғрисида фикр билдирган Венадаги сиëсатшунос С. Расулий¸ берилган ваъдаларнинг катта қисми ҳали амалга ошмагани ва кўрсатилган ëрдамлар эса муносиб соҳаларга сарфланмаганини айтади.

Конференция диққат марказида бўлган гиëҳванд моддалар масаласи хусусида сўз юритган Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай кўкнор экувчи мамлакат деҳқонлари учун муқобил даромад манбаи ташкил этиш учун яна камида 10-15 йил керак бўлади¸ деб фикр билдирди.

Кузатувчиларга кўра¸ донор давлатларнинг Афғонистонга кўрсатаëтган иқтисодий ëрдамларига қарамай¸ бу мамлакат дунëда энг кўп гиëҳванд модда етиштирувчи ўлка бўлиб қолмоқда. Дунë мамлакатларини тахминан 87 фоиз героин билан Афғонистон таъминламоқда.

Бу борада фикр билдирган мутахассис Сурхобий Афғонистон деҳқонларининг кўкнорга боғланиб қолишларига Толибон ҳокимияти сабаб бўлганини айтади.

Аммо сиëсатшунос Расулийга кўра¸ ҳозирги шароитда Афғонистон деҳқонлари учун кўкнори энг сер даромад қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ҳисобланади.

Кузатувчилар фикрича¸ Афғонистон ҳукумати қаршисида икки буюк хавф – терроризм ва гиëҳванд моддалар хавфи кўндаланг турибди. Мамлакат ушбу хавфлардан қутилмас экан¸ хавфсизлик ва қайта қуриш масаласи осонликча амалга ошмайди.
XS
SM
MD
LG