Линклар

Мюнхенда хавфсизлик масалаларига бағишланган халқаро анжуман очилди

  • Ҳасанжон

4 феврал куни Германиянинг Мюнхен шаҳрида хавфсизлик масалаларига бағишланган 42-халқаро йиллик анжуман очилди. Унда давлат раҳбарлари, мудофаа, ташқи ишлар вазирлари ва бошқа юқори лавозимли расмийлар қатнашмоқда.

Мюнхен анжуманида муҳокама этилаётган бош мавзу Эроннинг ядровий дастури масаласидир. Германия ва АҚШ халқаро ҳамжамиятни Теҳрон расмийларининг ядровий қуролни қўлга киритишига йўл қўймасликка чақирмоқда.

Анжуманда сўзга чиққан Германия канцлери Ангела Маркел Эрон ўзининг ядровий дастури доирасидан четга чиққанини ва Теҳрон расмийлари ядровий қурол яратмаслиги кераклигини айтди:

“Биз Эронни ўз ядровий дастурини янада ривожлантиришдан тўхтатишимиз керак. Эроннинг ядровий дастури фақат тинчлик мақсадларини эмас балки, ҳарбий мақсадларни ҳам кўзлаганини биз яхши биламиз. Эрон бу ишга очиқчасига қўл урмоқда. Мен шуни таъкидламоқчиманки, Эрон президенти бизни чора кўришга мажбур қилмоқда ”.

Ангела Меркел нутқи давомида Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадинажоднинг Исроил давлатчилигини рад этгани ҳамда Холокост фожиасига нисбатан баёнотларини қоралади.

Германия канцлеридан кейин сўзга чиққан АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд дунё давлатлари Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишини хоҳламаслигини айтди. АҚШ Мудофаа вазири, шунингдек, Эрон дунё хавфсизлиги ва тинчлигига таҳдид солиб келаётганини айтиб, Эронни терроризмни қўллаб-қувватлаётган етакчи давлат, дея атади.

НАТО фаолияти ҳақида гапирган АҚШ Мудофаа вазири мазкур ҳарбий иттифоқ глобал миқёсда терроризмга қарши кураш ҳамда бошқа халқаро муаммоларни хал этишда фаол иштирок этаётганини айтди. Рамсфелдга кўра, НАТО Афғонистонда тинчликни таъминлашда фаол қатнашмоқда ва ташкилот ўз фаолиятини дунёнинг бошқа жойларига ҳам ёйиш имкониятига эга.

Мюнхен анжуманида дунёнинг 50 давлатидан 300га яқин делегат қатнашмоқда. Улар орасида 40 нафар Мудофаа ва Ташқи ишлар вазирлари бор. Анжуманда қатнашаётган Россия делегациясига Бош вазир ўринбосари ҳамда Мудофаа вазири Сергей Иванов бошчилик қилмоқда.
XS
SM
MD
LG