Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:34

Литва Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат фуқароларига Ўзбекистонга бормасликни тавсия этди.


Литванинг “БНС” ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра¸ Литва ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонни ўз фуқаролари учун саëҳат қилиш энг хавфли бўлган давлатлар рўйхатига киритган. Ҳар бир давлат ташқи ишлар вазирлиги вақт-вақти билан янгилаб турадиган бундай одатий рўйхатда Литва ташқи ишлар вазирлари беш давлатни¸ айниқса¸ хавфли деб баҳолаган. Булар Афғонистон¸ Фил суяги соҳили¸ Ироқ¸ Судан ва Ўзбекистон.

Вилнюс ҳукуматининг бундай қарорини изоҳлар экан¸ ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакили Юргита Волдемарайте¸ бу рўйхатга қайси давлатнинг киритилиши ўзаро дипломатик муносабатлар эмас¸ балки у ëки бу давлатдаги ички вазиятга боғлиқ эканини қайд этади.

’’Бундай давлатлар рўйхати ҳамиша вазирлигимизнинг Интернетдаги саҳифасида туради. У ëки бу давлатдаги вазиятга қараб¸ вазирлигимиз консуллик бўлими мазкур рўйхатни янгилаб туради. Ҳақиқатан ҳам биз ҳозир Литва фуқароларига Ўзбекистонга боришни маслаҳат бермаймиз. Бунинг сабаби эса Ўзбекистонда ҳукм сураëтган кескин вазият билан боғлиқ’’¸ - деди Литва ташқи ишлар вазирлиги вакили.


Кескин вазият Ўзбекистонни Афғонистон¸ Ироқ ëки Судан каби давлатлар қатори литваликлар учун саëҳат қилиш хатарли деб баҳолашга асос бўлди¸ деяпсиз¸ бу вазиятга кенгроқ тўхталишингиз мумкинми. Айнан қайси воқеа¸ Вилнюс ҳукуматини бундай қарорга ундади¸ деган навбатдаги саволга жавоб берар экан Юргите Волдемарайте¸ Ўзбекистонни энг хатарли бешлик сафига қўшиш¸ Литва аъзо бўлган Европа Иттифоқининг Ўзбекистон сиëсати билан мувофиқлаштирилганини айтади.

Аëн бўлишича¸ аксар иттифоқ ҳукуматлари 13 май Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонни бундай рўйхатга киритишган экан. Кескин вазият деганда айнан нима назарда тутилаëтганини эса¸ Литва ташқи ишлар вазирлиги расмийси мана бу шаклда изоҳлади.


’’Мамлакатдаги кескин вазият сабабли Ўзбекистон бу рўйхатга қўшилди¸ деганда ўтган йили мамлакатда содир бўлган қуролли тўқнашувлар¸ хусусан чегара минтақаларидаги нобарқарор вазият назарда тутилмоқда’’.


Литва ташқи ишлар вазирлиги вакили Юргита Волдемарайте эди. Шундай қилиб¸ расмий Вилнюс назарида Ўзбекистон Ироқ¸ Афғонистон ва Судан каби саëҳат қилиш ўта хатарли давлат ва Литва фуқароларининг Ўзбекистонга боришлари мутлақ маслаҳат қилинмайди.
XS
SM
MD
LG